Қозоғистон ҳукумати таркибида ўзгаришлар

Президент Назарбоев ўз ҳукумати таркибига ўзгартиришлар киритди.

Баъзи мутахассислар мазкур қадамни Оқтўбеда 5 июн куни кечган ҳужумлар ҳамда апрел-май ойлари мамлакат бўйлаб кузатилган оммавий норозиликлар ортидан сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга уриниш сифатида баҳолашмоқда.

Жумладан, президент маъмурияти раҳбари Нурлан Нигматулин вазифасидан четлатилган. Нигматулин парламент аъзосига айланган, кейин Нурсултон Назарбоев уни мажлис раиси лавозимига номзод этиб кўрсатган. "Нур Отан" партияси аъзолари бу таклифни бир овоздан маъқуллашган.

Президент маъмурияти раҳбари этиб Остона шаҳри собиқ ҳокими Одилбек Жақсибеков тайинланган.

Парламент мажлиси раиси Бақтиқўжа Измухамбетов Республика Ветеранлар ташкилотига раҳбар қилиб юборилган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Сармоя ва тараққиёт вазирлигига Женис Касимбек муносиб кўрилган. Собиқ вазир Асет Исекешевга эса, пойтахт Остона ҳокимлиги берилган.

Ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган.

Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари янги тартибдан хурсанд эмасликларини ёзишган.

Улар давлат лавозимлари айни расмийларга қайтадан тақсимланиши сиёсатини танқид қилишган.

Танқидчилар ислоҳотларни олиб бориш учун ҳукуматга янги "қон" кераклигини таъкидлашган.

Одилбек Жақсибеков

62 ёшли Жақсибеков Назарбоевнинг эски иттифоқчиси ва Қозоғистон сиёсатида катта таъсирга эга деб кўрилади.

Президент маъмуриятига раҳбарлик жаноб Жақсибеков учун янгилик эмас. У 2004-2008 йиллар худди шу вазифани бажарганди.

У сиёсатга бизнесдан кириб келган ва Назарбоевнинг кучли дастаги билан мансаб пиллапояларидан жуда тез кўтарилган.

Одилбек Жақсибеков ақлли сиёсатчи ҳамда Президент Назарбоевга ўта содиқ одам деб кўрилади.

Аммо, жорий йил бошларида икки ўртадаги алоқалар савол остига олинганди.

Матбуот Остона мэри Жақсибеков билан унинг ёш ўринбосари ҳамда президентнинг набираси Нурали Алиев муносабатларига дарз кетгани борасида гапирилди.

Алиев кейинроқ ўз лавозимидан истеъфо берган ва ҳодиса Жақсибековнинг президент билан алоқаларига рахна солмаган кўринади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ