Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўрилади

Қирғизистон Олий маҳкамаси Азимжон Асқаровнинг шикоят аризасини кўриб чиқади.

Бу ҳақда маҳкама воизи маълум қилди.

"Маҳкама Азимжон Асқаровга қарши жиноят ишини унинг ҳимоячиси ва Асқаров ёзган шикоят аризаси ва янги юзага чиққан тафсилотлар асосида кўриб чиқади...", деб айтган у.

Воизга кўра, ишни қайта кўрадиган маҳкама мажлиси "11 июл куни маҳаллий вақт билан 09:30"да белгиланган.

Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.

У июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришга бош қўшганликда айбланганди. 2010 йил 15 сентябрда Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Азимжон Асқаров бу айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.

Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилди.

Шу йилнинг 21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.

БМТ қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон қонунларига зид бўлгани, изоляторда инсон чидаб бўлмас шароитда сақлангани, шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум этилганини урғулаган.

Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ