"Жабҳат ан-Нусра"нинг видеооператорига 14 йиллик қамоқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тожикистон маҳкамаси Суриядаги "Жабҳат ан-Нусра" жангари гуруҳи сафида бўлиб қайтган Абдулло Юсуповни 14 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Маҳкама ҳужжатларида ёзилишича, 22 яшар Абдулло Юсупов "Жабҳат ан-Нусра"нинг видеооператори бўлган.

Душанбе шаҳридаги Исмоил Сомоний туман маҳкамаси Абдулло Юсуповни Суриядаги урушга одам ёллашда айбдор деб топган.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, Абдулло Юсупов Душанбе шаҳридаги Тожикистон Миллий университети халқаро муносабатлар факультетининг талабаси бўлган.

Уйланган, фарзанди ҳам бор.

Айблов хулосасига кўра, 2015 йил март ойида Абдулло Юсупов Интернетдаги "Одноклассники" тармоғи орқали бир шахс билан танишиб қолади.

У одам Юсуповни Сурияга келиб урушда қатнашишга даъват қилади.

Абдулла Юсуповнинг 2015 йил июнида Тожикистондан Туркияга етиб боргани, Туркиядан эса Суриянинг Ҳалаб шаҳрига ўтгани хабар қилинган.

Ҳалабда у "Жабҳат ан-Нусра" жангари гуруҳи сафига қўшилади.

"Жабҳат ан-Нусра"нинг ҳарбий тайёргарлик жамлоғида оператор бўлиб ишлагани, ҳарбий ўқув машқларида қатнашгани, хусусан, турли ўқотар қуроллардан фойдаланишни ўргатгани айтилади маҳкама ҳужжатларида.

Абдулло Юсуповнинг "WhatsApp" орқали синглиси билан боғлангани, агар ўзи ҳақида хавфсизлик хизматлари сўрайдиган бўлса, қайнотасининг уйида эканини айтишни буюргани қайд қилинган маҳкамада.

Россия Суриядаги жангарилар мавқеларини ҳаво ҳужумларига тутишни бошлаганидан кейин Юсуповнинг Суриядан қочгани, дастлаб Суриядан Туркияга етиб олгани, Туркиядан эса Тожикистонга парвоз қилгани айтилган.

2016 йил февралида Абдулло Юсупов Душанбе аэропортида қўлга олинган.

У маҳкамада ўзини қисман айбдор деб тан олишини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ