Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қозоғистон 2017 йил 1 январидан бошлаб икки йиллик муҳлатга Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши аъзоси этиб сайланган.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолиги учун бўлиб ўтган овоз беришда Қозоғистон Таиланд устидан ғалаба қозонган.

Қозоғистон учун 138 БМТ аъзоси ҳисобланган мамлакат овоз берган, Таиландни эса 55 давлат дастаклаган.

Бош Ассамблеяда овоз бериш уч даврада кечган.

Бирор мамлакат Кенгашнинг аъзоси этиб сайланиши учун БМТ Бош Ассамблеяси аъзоларининг учдан икки овозини қўлга киритиши талаб этилади.

Хавфсизлик Кенгашининг Қозоғистондан ташқари муваққат аъзоси этиб Швеция, Эфиопия, Боливия ва Нидерландия сайланган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий аъзоси бор.

АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой Хавфсизлик Кенгаши қарорига вето киритиш ҳуқуқига эга мамлакатлар ҳисобланади.

Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий 10 аъзоси икки йил муддатга сайланади ва ҳар йили 5 тасининг жойи алмашиб туради.

2017 йилнинг 1 январидан БМТ Хавфсизлик Кенгашини Ангола, Венесуэла, Испания, Малайзия ва Янги Зеландия тарк этади.

Қозоғистон БМТнинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминловчи тизимига сайланган илк Марказий Осиё давлати бўлган.

Мамлакат Бош вазири Карим Масимов ўзининг Твиттердаги саҳифасида қозоғистонликларни Хавфсизлик Кенгаши нодоимий аъзолиги билан табриклаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг