"Балхашдаги ҳодиса Оқтўбега боғлиқ эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIAN

Чоршанба куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 26 июнда Балхаш шаҳри ва Гулшат қишлоғида "қўлбола портловчи воситалар ёрдамида террористик амаллар"ни режалаштирган олти нафар радикал исломийлар ушланганини билдирган.

Гумонланувчилардан бири қўлга олиш чоғида ўзини портлатиб юборгани айтилади.

Қозоғистон хавфсизлик хизматлари маълум қилишича, Балхашда юз берган худкушлик ҳужумининг Оқтўбе ҳодисаларига боғлиқ жойи йўқ. Қарағандада зарарсизлантирилган исломий гуруҳ аъзолари ҳам Оқтўбедаги ҳужум ташкилотчиларига алоқадор эмаслар.

ҚХХ раҳбари Владимир Жумакановга кўра, ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси маҳаллий фуқаролардир. Унинг сўзларига қараганда, гумонланувчилар тақиқланган салафизм оқими аъзолари бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube

Жумаканов шунингдек, Қарағанда вилояти ҳудудида ҳужум уюштирмоқчи бўлганлар "Оқтўбедаги ҳужум иштирокчиларига алоқадор бўлмаган"ларини алоҳида қайд этган.

5 июнда Қозоғистон ғарбидаги Оқтўбе вилояти марказида икки қурол-яроғ дўкони ва ҳарбий бўлинмага қуролли ҳужум содир этилган. Ҳужумчилар олти инсонни ўлдирган ва ўнлабини ярадор этганди. Махсус амалиёт натижасида жиноятда гумон қилинган 18 киши ўлдирилган, саккизтаси ҳибсга олингани хабар қилинган.

Президент Нурсултон Назарбоев Оқтўбедаги ҳужумни радикал диний оқим тарафдорлари томонидан амалга оширилган террористик амал деб атаган. Назарбоевнинг айтишича, "жиноятчилар режани хориждан олганлар".

Салафийлар

"Салаф" сўзи "ўтмиш" ё "аввалги" маъносини бериб, салафийлар Ислом динини Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ва унинг сафдошлари тушунган тарзда тушунишни истайдилар, ҳамда Қуръонни символик талқин қилиш усуллари ва мусулмон дунёсига Ғарб билан юз берган алоқалар асосида кириб келган янгиликларни рад этадилар.

Бундан олдинроқ Оқтўбе хавфсизлик идораси раҳбари Нурлан Кидирбаев вилоятдаги "Салафий" оқими тарафдорларининг сони 1565 кишини ташкил этиши, шулардан 90 га яқини потенциал "жиҳодчи" ҳисобланишини маълум қилганди.

"Теракт ташкилотчилари шерикларини аниқлаш ишлари давом эттирилмоқда. "Салафийлар"ни назорат қилишга кўп куч кетади. Ўтган йилдан буён 32 "Салафий"нинг фикрини ўзгартиришга мувффақ бўлди. Бироқ бу ишлар учун саводли теологлар ва обрўли имомлар етишмаяпти. Янги маҳаллий кадрларни тайёрлаш лозим", деб айтган Оқтўбе хавфсизлик идораси раҳбари.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ