Туркманистонда Қадр кечаси 600 маҳбус авф этилди

Image caption Туркманистонда миллий ва диний байрамлар арафасида умумий авф эълон қилиш анъанага айланган

Авф ҳақидаги фармонга имзо чекаркан, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов маҳбуслар Лайлат-ул Қадр ёки Қадр кечасини оилалари билан бирга кутиб олишлари учун уларни тезда озод қилишга буйруқ берган.

Президент шунингдек, уларни иш билан таъминлашда ёрдам бериш ҳақида ҳам кўрсатма берган.

Фармонга мувофиқ, 612 нафар маҳбус озодликка чиқарилгани хабар қилинган.

Уларнинг 26 нафари хориж фуқароларидир.

Давлат телевидениеси 1 июл куни Президентнинг Қадр кечаси муносабати билан Туркманистон халқига табригини ҳам ўқиб эшиттирган.

Телевидение жаноб Бердимуҳемедов Қадр кечаси арафасида Ашхободдаги жомеъ масжидда ифторлик бергани ва мусулмонлар билан бирга намоз ўқигани акс этган лавҳани намойиш этган.

Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бўлган Туркманистонда миллий ва диний байрамлар арафасида умумий авф эълон қилиш анъанага айланган.

2010 йилда Қадр кечаси муносабати билан қарийб 4 минг маҳбус озодликка чиқарилганди.

Ўтган йили Туркманистон гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, маҳкум этилганларни авфдан истисно қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилган эди.

Авф сиёсий маҳбусларни ҳам четлаб ўтади.

Пайшанба куни қатор халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Президент Бердимуҳамедовга Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирини озод қилиш сўралган мактубни йўллашган.

Унда айтилишича, ўтган йилнинг 7 июл куни "сохта" айблар билан ҳибсга олинган Сапармамад Непесқулиевнинг тақдири борасида яқинлари ҳозиргача бирон маълумот олишолмаган.

Непесқулиев ҳибсга олингунига қадар Туркманистондаги ижтимоий-иқтисодий мавзуларда хабарлар узатиб келгани айтилади.

Мактубда Непесқулиевнинг ҳибсда ушлаб турилиши Туркманистон инсон ҳақлари борасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид экани таъкидланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.