"Маймун йилида маймунлар даф бўлишсин!"

Image caption Муҳожирлар карвони

Ватандан Россияга йил бошида келдим.

Ростов шаҳрининг жинкўчаларидан бирида деворга нақш этилган ёзувларни ўқиб қолдим.

Афтидан миллатчи рус ёшлари томонидан ранг- баранг бўёқларда битилган бу битикдаги "маймун" сўзи кимларга қарата айтилганини тушуниш қийин эмасди.

Кўнглим ғашланди...

Эртаси куни тиббий текширувдан ўтиш мақсадида махсус диспансерга боришимга тўғри келди.

Меҳнат муҳожирларини тиббий кўрикдан ўтказиб, ишга яроқли ёки яроқсиз эканлиги ҳақида маълумотнома берадиган бу тиббиёт маркази ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар билан лиқ тўла эди.

Ҳамма ўз ишини тезроқ битириш мақсадида бир-биридан ошириб, ўртага ўзимиздан чиққан чаламуттаҳамларни қўйиб, дўхтирларга пора узатиб ётибди.

Бақир-чақир, тўс-тўполон. Лоақал шу мардикорлар устидан чўнтак қаппайтираётган дўхтирлар ҳам уларга одам қаторида муомала қилишни ўзига эп кўрмасди. Таъбим тирриқ бўлди...

Ватанда пора, хорижда пора!..

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қурилишларда иш қолмади...

Турли идоралар эшигида сарғайиб, унга-бунга пора бериб, керакли ҳужжатларни расмийлаштириб олишимиз учун 20 - 25 минг рубл миқдорида пул сарфлашимизга тўғри келди. Энди ишлаш керак...

Иш эса бошиданоқ юришмади. Иш қидириб кирмаган кўчаси қолмади шўрлик мардикорнинг.

Ростов шаҳри " Темерник" бозори яқинида жойлашган мардикорбозорда ҳар куни юзлаб ишсиз ўзбек, тожик йигитлари ивирсишади.

Иш сўраб таниш-билишлар бир-бирларига сим қоқишади, энг оғир, қора ишларга арзимаган иш ҳақи эвазига рози бўлишади. Иш топганлар пулини ўз вақтида ололмай сарсон бўлади.

Озиқ-овқат, турар-жой, коммунал хизматлар нархи ошгани ҳолда, мардикорнинг маоши аксинча пастлаб кетди.

Қурилишда ишлаётганларнинг аксарияти оғир меҳнат қилаётганига қарамай, топган пули ойига 25 минг рублдан ошмайди.

Ҳамма далага!

Қурилишларда иш ҳақини вақтида ололмай сарсон бўлганидан халқ ўзини дала ишларига урди.

Бугун Ростов, Волгоград, Краснодар вилоятларининг қай бурчагига борманг, далаларда ўзимизнинг ўзбек, тожик эркак-аёллари деҳқончилик қилишяпти.

Хўжайинлар экинзорларида меҳнат қилаётган ўрта осиёлик аёллар жазирама иссиқда кун бўйи дам олмай ишлашаётгани, кечқурун оёқларини базўр судраб уйга қайтишаётганини айтиб нолишади.

Бир хонали квартираларда олти-етти аёл бирга яшашаётгани сабабли кечаси ҳам тузукроқ ҳордиқ чиқара олишмайди.

Эрта баҳордан экин-тикин, ўтоқ-чопиқ ишлари учун кунига 600 рубл ҳақ белгиланган эди. Бу дегани бир ойда 18000 рубл. Бундан ойига 2000 рубл тураржой ҳақи, 3-4 минг рубл озиқ- овқат, қарийб 2000 рубл патент, транспорт ва бошқа майда-чуйда тўловларни чегириб ташласангиз...

Қолгани қўлга юқ ҳам бўлмайди.

Айримлар мажбур ўғриликка қўл уришяпти. Олча, гилос ва бошқа тераётган маҳсулотларидан қўйин-қўнжиларига тўлдириб олиб чиқишяпти, кўпқаватли уйлар қаршисида тентираб, ўрис бекаларга пуллашга, шу билан жилла қурса кундалик харажатларини қоплашга уринишяпти...

Ростов вилояти Семикаракорск ноҳиясида меҳнат қилаётган дўстим Йўлчибой қўнғироқ қилди.

Ватанда университетида бирга ўқигандик. Олий маълумотли ўқитувчи далада картошка-пиёз қоплаётган экан. " Поляда ишлаяпмиз, шу ерда дала шийпонларида яшаяпмиз. Ҳозиргача ўтоқ, чопиқ ишларини қилдик. Ҳаво иссиқ, бир амаллаб кунни кеч қилсак, 650 рублдан ҳақ ёзишаётган эди. Энди картошка -пиёз қоплаяпмиз, иш ҳақи ишга қараб, бир тонна картошкани қоплаб машинага ортиб берсак, 80 рубл тўлашади. Кеча бир неча тонна қопладик, қаттиқ ишлабмиз, бугун оёғим шишиб кетди, ишга чиқолмадим", дейди дўстим.

Агар хомаки ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 800 рубл топиш учун меҳнат муҳожири 10 тонна картошка қоплашига тўғри келади. Бу 800 рублдан ўрта ҳисобда 300 рублини кундалик харажатлар учун ажратилса, кунига 500 рубл, дам олмай ишласа, бир ойга 15000 рубл топаётган бўлади. Бугунги кунда рус рублининг қадрсизлангани, меҳнат муҳожири уйига жўнатаётган маблағини банклар ўзлари ўрнатган курс бўйича алмаштириб, ўз улушини шилиб қолаётганини назарда тутсак, мардикорнинг оиласи қўлига теккан пул бир ой давомида рўзғор тебратишга зўрға етади. Уй-жой , тўй-маърака қилиш ҳақида гапирмасаям бўлаверади.

Албатта Россиянинг турли шаҳарларида, турли соҳаларда меҳнат муҳожирлари иш ҳақи бир-биридан фарқ қилади. Аммо умуман олганда ҳамма ерда ҳам тўланаётган ҳақ қилинаётган оғир меҳнатга яраша эмас.

Яна девор ёки “маймунларга” нафрат...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тақирбошлар

Энди юқоридаги жинкўча деворига битилган ёзувга қайтсак, бу меҳнат муҳожирларига бўлган нафратдан ҳам кўра кўпроқ уларни менсимасликдан, қул ўрнида кўришдан келиб чиқаётган бир ҳолат. Бундай таъналар, масхараомуз гапларни ҳар қадамда, ҳатто энг зиёли кишилар оғзидан ҳам эшитиш мумкин.

Албатта қурилишдан тортиб, то экин-тикин ва бошқа қора ишларгача ўз зиммасига олган, уларга барча маҳсулотларни экиб етиштириб бераётган ҳалол меҳнаткашларни маймунларга қиёслаётган одамлардан биз мурувват кутмаймиз. Эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром. Шундоғам оғир меҳнат, арзимаган иш ҳақи, иш ҳақини тўлаш асносидаги фирибгарликлар, кундан-кунга ошиб бораётган харажатлар, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бошбошдоқлик, порахўрликлар ўз-ўзидан меҳнат муҳожирларини юртларига даф бўлишга мажбур қиляпти.

Аммо ватанда иш борми?

Ватанда рўзғор тебратиш осонми?

  • Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to'siq bo'lsa, uzbekweb.netga kiring.

Бу мавзуда батафсилроқ