Ночорларга: Рамазон Ҳайитингиз билан...

Арафа кунида пойтахт Кобуллик бир гуруҳ ёшлар ўзига хос ташаббус билан чиқишган.

Минглаб кийим-бош йиғиб, уни шаҳардаги эҳтиёжманд одамларга тарқатишган.

Ўзлари ҳали талаба бўлган 10 нафар ёшнинг айтишича, бу фикр хаёлларига бундан уч йилча бурун келган.

Кобулни кезаркан, ғарибу ғурабо, айниқса, аянчли аҳволдаги болалар сонинг қанчалик кўплиги кўнгилларини ларзага солган.

Алал-оқибат бундан бир ҳафта бурун ўз режаларини қатъий пишитишган.

“Фейсбук” орқали махсус эълон бериб, одамлардан ўзларига кераксиз уст-бошларини хайрия қилишларини сўрашган.

Аён бўлишича, уларнинг бу онлайн-даъватлари бесамар кетмаган ва саноқли куннинг ўзида эскию янги уч мингтача кийим-бош тўплашнинг уддасидан чиқишган.

Уларни ўзлари ювиб, ямаб, дазмоллаб, сўнгра эшикма-эшик юриб, ночор оилаларга тарқатишни бошлашган.

Илк ташаббус

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Таъкидлаш жоиз, пойтахт Кобулда бу каби ташаббус шу пайтга қадар кузатилмаган.

Афғонистоннинг энг йирик шаҳри бўлган Кобул аҳолисининг сони эса, тўрт миллионга яқин экани айтилади.

Кучайиб бораётган зўравонликлар ва ҳалокатли табиий офатлар сабаб, сўнгги йилларда шаҳарга Афғонистоннинг турли бурчакларидан бошпана излаб келаётган афғонларнинг сони ҳам кескин ортган.

Дарбадарликка юз тутган бу каби минглаб инсонлар Кобулдаги ночорлар сонини янада оширган.

Бунга ўхшаш хайр-эҳсон ишлари эса, Афғонистон учун янгича воқеълик саналади.

Фақат сўнгги йилларга келиб, Афғонистоннинг қатор шимолий ва айрим ғарбий вилоятларида бу каби ташаббуслар кўзга ташлана бошланган.

Ташаббускорлар эса, яна кўнгилли ёшлар ва фаолларнинг ўзлари бўлишган.

Улар ўз ташаббусларини амалга ошириш учун кўпроқ тужжорлар, дўкондорлар ва иқтисодий аҳволи яхши бўлган турли бошқа касб эгаларининг ҳимматларига орқа қилишмоқда.

Айниқса, бу йил Рамазон ойида улар қилаётган турли кўринишдаги кўмаклар акс этган фотосуратлар ҳам турли ижтимоий мулоқот тармоқларида кўп кўзга ташлана бошланган.

Кўплаб қашшоқ оилалари уларнинг ташаббуслари ортидан, унча кўп бўлмаса-да, ун, гуруч ва ёғли бўлиб қолишган.

Қашшоқлик

Афғонистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналади.

1979 йилги собиқ Шўролар Иттифоқи ишғоли ортидан ўттиз йилга чўзилиб кетган қатор қуролли можароларга саҳна бўлиб келади.

Қўшниларидан фарқли тарзда, ночорлик ҳам шаҳар ва ҳам қишлоқ ҳудудларида бирдек қулоч ёйган.

Аммо, барибир, қишлоқ ҳудудларидаги вазият жуда оғирлиги айтилади:

Агар, расмий рақамларга қаралса, мамлакат аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғи қашшоқликда кун кечиради.

Яна камбағалликда яшаётган 20 фоизининг ночорлар сафига тушиб қолишлари хавфи ҳам жуда катта.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти азал-азалдан деҳқончилик билан шуғулланиб келган.

Аммо Афғонистон қишлоқ хўжалиги қарийб ўттиз йиллик қуролли низолардан жиддий зиён чеккан, сармоя деярли киритилмаган ва табиий офатлардан жиддий жабр чеккан.

Ерлари кам, оилалари катта бўлгани учун ўз тирикчиликларини деҳқончилик орқасидан ўтказаётган одамлар сони Афғонистонда унчалик ҳам кўп эмас.

Кўпчилик қишлоқ одамлари мол-ҳол қилишади, деҳқонлари бировларга ёлланиб ҳам ишлашади.

Сонлари бир миллион экани айтилаётган афғон бевалари аксариятининг куни эса, тиланчилик орқасидан ўтади.

Бир парча нон илинжида ўз уй-жойларини ташлаб, мамлакатнинг ўзию, қўшни давлатларда саргардон афғонларнинг сони эса, минглабдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ