Қозоғистон: Гумондорларга қарши янги ҳукм

Фото муаллифлик ҳуқуқи 24KZ

Қозоғистон маҳкамаси Оқтўбедаги сўнгги ҳужумларга алоқадорликда гумон қилинаётган шахсларни яна икки ой ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Ҳужумлар шу йил июн ойида амалга оширилган, шаҳардаги иккита қурол-яроғ дўкони ва ҳарбий бўлинма нишонга олинганди.

Шу пайтгача ёшлари 16 дан 29 гача бўлган жаъми тўққиз гумондор ҳибсга олинган.

Номаълум қуролли шахсларнинг 5 июн кунидаги ҳужумида тўрт нафар тинч фуқаро ва уч ҳарбий ҳам қурбон бўлишганди.

38 кишининг эса, яралангани айтилганди.

Бунинг ортидан Оқтўбе бўйлаб махсус аксилтеррор амалиётлари бошланиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIAN

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, бу амалиётлар чоғида йигирмага яқин гумондор ўлдирилган, тўққиз нафари қўлга олинган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Оқтўбедаги ҳужумлар террорчилик амали эканини айтиб чиққан.

"Биз бу ҳаракат салафизм диний оқими аъзоларининг иши эканини энди яхши биламиз", дея баён қилган у Миллий Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида.

Мамлакат Ички ишлар вазири ҳужумчиларнинг суриялик имомнинг жиҳод даъватига қулоқ тутиб, иш юритганлари эҳтимоли ҳақида сўз юритганди.

Аммо шу пайтгача ҳарбий доираларга номи яхши таниш бирор бир гуруҳ Оқтўбедаги ҳужумларга масъулиятни расман ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Орада ҳужум “Қозоғистон Озодлик Армияси”нинг иши эканига оид хабарлар ҳам чиққан, лекин расман ўз тасдиғини топмаганди.

Президент Назарбоев эса, сўнгги ҳужумлар ортидан ўз ҳукуматига янги қонунлар мажмуасини ишлаб чиқишга буйруқ берган.

Улар террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, қурол-яроғ савдоси, сақланиши ва айланмаси, миграция ва диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишни кўзда тутади.

Оқтўбе

Фото муаллифлик ҳуқуқи Youtube

Қозоғистонда сўнгги йилларда авж олган ва тўлиғича изоҳланмай қолган қатор зўравонликлар айнан ғарбий Оқтўбе шаҳридаги 2011 йилги худкушлик ҳужуми билан бошланганди.

Ўша йил июл ойида Актўбега яқин Шубарши шаҳрида ҳам хавфсизлик кучлари билан экстремистик дейилган гуруҳ орасидаги отишмада 13 киши ўлдирилганди.

Бу ҳудудда диннинг роли Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига қараганда муҳимроқ экани, одамларининг анчайин тақводор эканликлари айтилади.

Кузатувчиларга кўра ҳам, сўнгги йилларда ғарбий Қозоғистонда одамлар орасида Исломга қизиқиш кучайган.

Қозоғистон нисбатан фаровон бўлганига қарамай, мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий муаммолар оз эмас.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, бу каби вазият, айниқса, ғарбий Қозоғистонда норозиликларни юзага келтирган.

Улар бу ерда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут жуда катта экани, яшаш шароитларининг жуда оғирлигини таъкидлашади.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг ўзлари ҳам қаттиққўллик билан бошқарилувчи Қозоғистонда норозилик изҳор қилишнинг сиёсий йўллари ўта камлиги, шунинг учун ҳам уларнинг исломий радикал гуруҳларга юзланаётганликларини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ