Муҳожирнинг ҳайити

Бугун Рамазон ҳайити...

Ростов шаҳри ва яқин минтақалардаги меҳнат муҳожирлари бугун эрта тонгдан шаҳардаги масжидга йўл олишди.

Бир неча йиллардан бери Рамазон ёз ойларига тўғри келгани учун ҳам, аксарият Ҳайитларни ҳижратда нишонлашга мажбур бўлишмоқда.

Шундай бўлса ҳам, бу кун - хурсандчилик қиладиган кун.

Бу кун- мардикорлик жандасини озгина фурсатга бўлса-да, байрамона либосларга алмаштириладиган кун.

Бу кун- ҳар бир муҳожир мардикор билиб-билмай ўзларининг бухорийлар, термизийлар авлодлари эканликлари билан фахрланадиган кун.

Эрталаб Москва вақти билан соат 8:00 да ўқилиши кутилаётган ҳайит намозини адо этиш учун шошилаётган бу инсонлар орасида бир ой давомида рўзадор ҳолатида ғишт терганлари, рўзадор ҳолатида тупроқ қазиб, лой қорганлари, сувоқчилик, жазирама иссиқда далаларда қора терга ботиб деҳқончилик қилганлари, қўллари қўлларига тегмай меҳнат қилсалар-да, Оллоҳга қулчилик қилишни-да унутмаганлари бор.

Саҳарлик, ифторликка ҳар доим иссиқ овқат қилиб ейишга фурсатлари бўлмаса ҳам, уззуккун чанқоқлик, очлик, оғир меҳнат машаққатларига бардош бериб, рўза тутишни тарк этмаган чин муслимлар бор улар орасида.

Масжид ҳовлисига жамланган мусулмонлар намоздан аввал масжид имоми Наил ибн Жаъфар нинг амри-маъруф, насиҳатларини тинглашди.

Маъруза асосан ислом динининг тенглик дини эканлиги, Оллоҳ наздида бандасининг қадри унинг миллати, ирқи, бой-камбағаллиги, шоҳ ёки гадолиги билан ўлчанмаслиги, мусулмон фақат ўзининг тақвоси билангина мукаррам бўлишлиги хусусида борди. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳадисларидан далиллар келтирилди. Соат миллари саккизни кўрсатган вақтда Яратганга ҳамд ва такбирлар айтилиб ҳайит намози адо этилди.

Намоздан кейин бозор расталарни айланиб, ширинликлар, совға-саломлар харид қилишди.

Ҳамютларимиз очган, ҳалол таомлар пишириб сотадиган ошхоналар гавжум бўлди.

Дўст-ёрлар бир-бирларини ҳайит байрами билан қутлашди, миллий таомлар билан меҳмон қилишди.

“Уйни роса соғинган эдим, бир ватанга бориб келгандай бўлдим”, дейди муҳожирлардан бири.

Ҳам ҳайит ва ҳам дам олиш кунида рўзғор ташвиши, тирикчилик машаққатларини унутишди.

Эртага эса яна қурилишлар,дала-туз, омборхоналар ва кўча-куйларни тозалаш ишлари бошланади.

Аммо бугун Ҳайит!..

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ