'Легал'лик ва ё 'нелегал'лик орасида сарсон юрганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Муҳожирларга ҳужжат берадиган марказлар ҳар доим гавжум
"Ўртоқ гражданин, ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик"

Россияда ноқонуний, яъни ишлаш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда фаолият юритаётган муҳожирлар муаммоси ҳар доим долзарб бўлиб келган.

2014 йилда Россия миграцион қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2015 йилнинг январ ойидан бошлаб мамлакат сарҳадларини босиб ўтган меҳнат муҳожири бир ой давомида барча керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуриши керак.

Яна шу қонун асосида меҳнат муҳожирлари тиббий кўрикдан ўтишлари ҳамда рус тили, Россия тарихи, давлат ва ҳуқуқ асослари бўйича имтиҳон топширишлари кераклиги белгилаб берилди.

Ҳар доимгидек талаблар қўйилди, аммо шу талабларга яраша шарт-шароит ва қулайликлар яратилмади. Муҳожирларни тиббий кўрикдан ўтказиш, имтиҳонларни ортиқча сарф-харажат ва бошоғриқларсиз топшириб олишларини назорат қилиш ишлари пойтахт Москвада анча тартибга солинган бўлса-да, вилоятларда пала-партиш, қўл учида амалга оширилаётир.

"Нелегаллик"ни келтириб чиқараётган асосий сабаб нима?

'Бедананинг уйи йўқ... ми'
Image caption Муҳожирнинг "бошпанаси"

Маҳаллий аҳоли чет эл фуқоросига ўз уйини ижарага беришга рози бўлса-да, уни ўша уйга рўйхатдан ўтказишни истамаётгани муҳожирларни қийин аҳволга солиб қўяди.

Натижада ишга уддабурон "посредник"лар аралашишади. Улар 4-5 минг рубл эвазига муҳожирларни бор - йўқлиги номаълум бўлган манзилларга "прописка" қилишади. Айни манзилга бир вақтнинг ўзида ўнларча кишининг рўйхатдан ўтганлиги келгусида янги муаммоларни келтириб чиқаради.

"Пропискамни бир муттаҳам "левий" қилиб берган экан, ўзим билмасдим, полициячи олиб борганди, ўша адресда омборхоналар бор экан", дейди 5 йил муддатга Россиядан чиқариб юборилаётган Мақсуд исмли йигит.

"Ҳа, оғайни, дўхтирдан ўтказиб қўяйми?"

Меҳнат муҳожирларини тиббий кўрикдан ўтказиш ишларида ҳам ноқисликлар мавжуд. Вилоятларда муҳожирларни қабул қилиш учун мўлжалланган муассасалар мавжуд эмас.

Шундай экан, муҳожирлар турли хил дўхтирхоналар эшигида соатлаб навбат кутишларига тўғри келади. Бу жараён кунлаб давом этиши мумкин. Муҳожирлар вақт тиғизлиги сабабли, "йўлини қилиб", эшикларга ўзларини навбатсиз олиб кирадиган "шоввоз"ларга мурожаат қилишга мажбур бўладилар.

"Фамилиянгни рўйхат бошига ёздираман, дарров чақиришади, кириб чиқаверасан, унгача мен бошқа дўхтирхонага ҳам телефон қилиб, сенга навбат олиб тураман, ҳаммасидан бугун ўтказиб қўяман-да", деб астойдил ваъда беришади дейди суҳбатдошлардан бири.

"Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур..."
Image caption Москвадаги Кўптармоқли миграция маркази

Навбатдаги муаммо меҳнат муҳожирини рус тилини билиши, Россия тарихи, давлат ва ҳуқуқ асосларидан хабардор эканлигини тасдиқловчи сертификатни қўлга киритишдир. Махсус тузилган тест саволлари асосида олинадиган имтиҳондан ўтишга меҳнат муҳожирларининг 99 фоизи лаёқатли эмас.

"Тарихдан берилган саволни билмадим, ўрис ошнамга смс ёзиб, ёрдам бер десам, "чёрт, ок, гуглдан сўра" , деган жавоб келди. Ўрисларни ўзи билмаса, биз биламизми? Бор, таваккал, деб белгилаб ташладим, уёғи нима бўлса", дейди Акмал исмли муҳожир.

"Пул бўлса чангалда шўрва"

Айтилишича, бугун имтиҳонга кириш учун давлат хазинасига 2 минг рубл тўланса, 3 мингдан беш минг рублгача имтиҳонни қабул қилаётган муаллимлар чўнтагига солиб қўйиш ҳоллари кўп учрайди. "Уёғидан хавотир олмасангиз бўлаверади. Сизга рус тилини ҳам, тарихни ҳам, ҳуқуқ асосларини ҳам зудлик билан ўргатиб қўйишади..."

Ишнинг яна бир машаққатли босқичи барча керакли ҳужжатларни жамлаганингиздан кейин бошланади.

Чет эл фуқоросига Россия ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини берадиган патентга эга бўлиш учун маҳаллий ФМС идорасига ариза билан мурожаат қилинади. Бутун бошли Ростов вилоятида биттагина шундай идора мавжуд бўлиб, ҳафтада беш кун, бир кунда эса, саккиз соат фаолият юритади.

ФМС биноси жойлашган кўча, айниқса, баҳор ойларида муҳожирлар сайилгоҳига айланади. Иш соат 9:00 дан бошланса-да, ФМС биносига кириладиган торгина йўлакда тонг ёришмасданоқ танга ташласанг ерга тушмайдиган тиқилинч бўлади.

Ўзбекистонлик Ўрмон ака деган муҳожир бир ҳафтадан бери ҳужжатларини патентга топшира олмаётганини айтади.

"Ҳар куни саҳар келиб рўйхатга ёзиламиз, навбатимиз келгунча иш вақти тугайди. Бугунги рўйхатга қараб эртага чақиришмайди, бошқатдан тузилади. Бугун бомдоддан кейин келгандим, 26-чи навбатга ёзилдим. Иш бошлангандан бери икки соат ўтди, энди 4 кишини қабул қилишди. Кассага 5200 тўлаганларни навбатсиз қабул қилишяпти. Шунга бизга навбат етмаяпти", дейди Ўрмон ака.

ФМС ходимининг айтишича, бу 5200 рубл тўғридан-тўғри давлат хазинасига ўтказилади.

"Шу маблағни тўлаганларни навбатсиз қабул қилишга биз вазифадормиз" дейди у.

Бу тадбирларнинг бари учун муҳожирларнинг кўпчилигида вақт, энг муҳими маблағ етишмайди.

Хуллас, уларнинг қаршисида икки йўл туради. Бири одамни қулоғигача қарзга ботирадиган, асабини, вақтини ейдиган машаққатли йўл. Иккинчиси эса, осон, аммо ноқонуний...

Ҳужжатларини расмийлаштиришдан воз кечиб, ҳуқуқ-тартибот органлари кўзидан яшириниб юрганлар ана шу осон йўлни танлаганлар, "болта тушгунча кунда дам олади" қабилида иш тутаётганлардир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ