"Тулешов рангли инқилоб амалга оширмоқчи бўлган"

Image caption Қозоғистонлик катта бизнесмен Тўхтар Тўлашев давлат тўнтаришига уринишда айбланмоқда.

Қозоғистонда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб ҳибсга олинган бизнесмен Тўхтар Тулешовнинг "инқилоб қилиш режаси" бўлган, деб хабар беради Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида.

Унда айтилишича, Тўхтар Тулешов бунда 2005 ва 2010 йилги Қирғиз инқилоби сценарийси шаклидан фойдаланиб, президент Нурсултон Назарбоевни ҳокимиятдан ағдаришни планлаштирган.

Қозоқ хавфсизлик хизмати вакили Руслан Карасаевга кўра, Тулешов ҳокимиятни босиб олиш учун аввало мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришни хоҳлаган ва икки қирғиз инқилоби ҳодисаларини синчиклаб ўрганган, унга доир маълумотларни йиққан. Бундан ташқари, Қирғизистонга бир неча марта бориб келган.

Жаноб Карасаевнинг сўзларига қараганда, Тулешов мамлакат ғарбида аҳолини норозиликларга бошлаш йўли орқали ўз мақсадига етиш, ҳокимиятни алмаштиришни кўзлагани хавфсизлик хизматлари текширувлар натижасида аниқланган. Қозоғистон ғарбида ижтимоий-молиявий ва бошқа муаммоларни сабаб қилиб норози гуруҳларни қўзғаш олдиндан ўйланган, дейди Карасаев.

Бундан ташқари Тулешов норозиликлар манзарасида ҳукуматга шарт қўйиб, вице-президентлик лавозимини олишни, ундан сўнг ҳокимиятни эгаллашни режалаштирган, дейилади хавфсизлик хизмати берган матбуот анжуманида.

Қозоқ расмийларига кўра, тартибсизликларни уюштириш режаси ўтган йил бошланган. Тулешов ўз одамлари орқали Атирау ва Олмаотада рухсат берилмаган акцияларни ташкиллаштирган.

Ҳибсдалиги пайтида ҳам Тулешов режасидан қайтмаган, жанубий Сариоғоч вилоятида камида беш минг киши иштирокида уларга пул бериш эвазига оммавий намойишлар уюштиришга ҳаракат қилган, деган айбловлар айтилмоқда Қозоқ расмийлари томонидан бизнесменга қарши.

Тулешов ва ёрдамчиларининг компютерлари текширилганда у ерда ҳам қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича ҳужжатлар топилган, деган важлар келтирилади.

Хавфсизлик хизмати Тулешовнинг маълум шахслар билан телефон суҳбатлари вазиятга янада ойдинлик киритганини айтади.

Бизнесмен Тўхтар Тулешов 2016 йил 30 январда қозоқ хавфсизлик хизмати махсус амалиёти натижасида Чимкентда қўлга олинган.

У билан бирга яна уч ҳамкори ушланган, улар ёнидан қурол, гиёҳванд моддалар топилгани хабар қилинганди.

Қозоғистон миллий хавфсизлик хизмати билдиришича, Тўхтар Тулешов Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистонда мулклари бўлган.

Улар қаторида "Шобит" меҳмонхонаси, "Лаззат" кондитер фабрикаси, "Чимкентпиво" заводи, "Дархан" ширкати тилга олинган. Тулешов "Ўзпромстрой банк"нинг ҳиссадорларидан бири бўлгани айтилган.

Ижтимоий тармоқларда Тулешовга қўйилаётган айбловлар борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Қозоғистонликлар Тулешовнинг давлат тўнтариши қилиши ҳақиқатдан йироқлиги, хорижликларга ерни сотиш ва ижарага бериш қарори ортидан бошланган норозиликлар кейинчалик ҳукуматнинг ўзида қўрқув пайдо қилгани ва Тулешов каби пулдор одамларнинг аҳолига таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида фаразларни айтганлар.

Бошқа фикрларга биноан, "Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари мухолифатни йўқотиб, барча миллий бойликларни бир оила қўлига тўпламоқчи бўлгани халққа ёқмаган эди". Улар одамлар билан эҳтиёт бўлиб, ўйлаб иш қилиш кераклигини ёзишган. Лекин шу билан бирга, "қирғиз сценарийси" Қозоғистонда ўтмаслигини қайд этишган.

Ижтимоий тармоқ фаоллари норозилик намойишларининг сабабини Тулешов каби пулдорлардан эмас, ҳозирги ҳукуматнинг ўзидан қидириш кераклигини маслаҳат берганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ