Азимжон Асқаровнинг умрбод қамоқ жазоси бекор қилинди

Image caption Қирғизистон Олий маҳкамаси унинг ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилояти маҳкамасига жўнатган.

Қирғизистон Олий маҳкамаси унинг ишини қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилояти маҳкамасига жўнатган.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров 2010 йилдаги хунрезликларда айбдор деб топилган ва Жалолобод вилояти маҳкамаси томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Ўтган йиллар давомида Қирғизистон Олий маҳкамаси ҳам Жалолобод судининг Асқаровга умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирган эди.

Чуй вилояти Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиши мобайнида у озодликка чиқарилмайди.

Қирғизистон Олий маҳкамаси душанба куни 2010 йил июнида оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда айбланиб қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини БМТ инсон ҳақлари қўмитаси тавсиясига биноан қайта кўриб чиқишни бошлаган.

Маҳкама хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда ўтган.

Азимжон Асқаровнинг ўзи маҳкамага олиб келинмаган. Ҳакам Эсенканов ҳимоянинг Азимжон Асқаровни маҳкама мажлисига чақириш талабини рад қилиб, "зарурият туғилса келтирилиши"ни билдирган.

Ҳимоячи Нурбек Тохтахунов ҳакамдан Олий маҳкаманинг 2011 йил 20 декабрда чиқарган қарорини бекор қилиш ва Асқаровни қамоқдан озод қилиб, жиноий ишини тўхтатишни сўраган.

2016 йил 21 апрелда БМТ инсон ҳақлари бўйича қўмита Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаров қамоқда ноқонуний ушлаб турилганини айтиб, унга нисбатан жиноий ишни адолатли қайта кўриб чиқиш талабномасини юборган эди.

БМТ қўмитаси Асқаровга нисбатан маҳкамагача ва маҳкамадан кейин қийноқлар қўлланилгани, ҳимоя томони гувоҳлари сўроқ қилинмагани ҳолатларини қайд этган.

АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.

Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилди. Шу йилнинг 21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.

БМТ қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон қонунларига зид бўлгани, изоляторда инсон чидаб бўлмас шароитда сақлангани, шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум этилганини урғулаган.

Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ