Тожикистон фуқароси Гуантанамодан чиқарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Гуантанамо ҳибсхонаси 76 нафарга қисқаргани айтилмоқда

АҚШнинг Гуантанамо ҳибсхонаси икки маҳбуси Сербияга жўнатилган. Тожикистон фуқароси Муҳаммади Давлатов ва яманлик Мансур Аҳмад Саад ал-Дайфи Сербияга етказиш жараёни душанба куни амалга оширилган.

Бу Қўшма Штатларнинг Кубада жойлашган ҳибсхонасини ёпиш томон ташланган яна бир қадам сифатида кўрилмоқда. Гуантанамодаги ушбу марказ кенг миқёсда қораланган ва уни ёпиш чақириқлари анчадан бери янграйди.

Муҳаммади Давлатов ҳамда Мансур Аҳмад Саад ал-Дайфининг чиқарилиши эса, Гуантанамодаги маҳбуслар сонини 76 нафарга туширган. Америка расмийларига кўра, улардан 27 нафари ҳам қабул қилиши мумкин бўлган мамлакат топилиши билан қўйиб юборилади.

"Америка Гуантанамо Бейдаги ҳибсхонасини ёпиш ҳаракатларини давом эттираётган бир пайтда Қўшма Штатлар Сербиянинг саховатли ёрдамини қадрлайди", деб айтган Давлат котиби Жон Керри ўз баёнотида.

Пентагонга кўра, АҚШ илк бор Гуантанамодаги маҳбусларини Сербияга жўнатмоқда.

Бир кун олдин Гуантанамодаги яна бир Яман фуқаросини Италия қабул қилганди.

Давлатов

37 ёшли Муҳаммади Давлатовни бошқа мамлакатга трансфер қилиш қарори қарийб 6 йил аввал олинганди. Интернетга сизиб чиққан 2008 йилдаги ҳарбий ҳужжатларга кўра, у 2002 йил январидан бери АҚШ ҳибсхонасида сақланган.

Ошкор бўлган махфий ҳужжатларда у Исломий ҳаракат аъзоси бўлгани ҳамда ал-Қоида жамлоғида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани тахмин қилинади.

Давлатов номидан ҳаракат қилган ҳимоячилар унинг Тожикистонга қайтариб жўнатилмаслигини талаб қилишган. Муҳаммади Давлатов ўз ватанига қайтариб юборилган тақдирда қийноқларга юз тутиши мумкинлигидан хавотирда бўлган.

Яманлик ал-Дайфининг Сербияга ўтказилиши масаласи эса, ўтган октябр ойида маъқулланганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek◾Instagram - BBC UZBEK◾Twitter - BBC UZBEK◾Odnoklassniki - BBC UZBEK◾Facebook - BBC UZBEK◾Google+BBC UZBEK◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)◾Skype - uzbekbbclondon◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.