Чигиртка сизнинг ҳам тинчингизни бузаяптими?

Ўзбекистон билан чегарадош Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда чигиртка кўпайиши жиддий вазиятни юзага келтирган.

Қозоғистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч туманида 30 минг гектар майдонда Марокаш чигирткаси деган чигиртка тарқалган, қовун-тарвузларни еб битиргани фермерларга катта миқдорда молиявий зарар келтирган.

Зараркунандаларга қарши миллиардлаб тэнгэ маблағ ажратилганига қарамасдан, чигиртка кўпайишига йўл қўйган Сариоғоч туманининг бир неча давлат мулозимлари лавозимларидан бўшатилган.

Июн ойида Ўзбекистонга чегарадош Қирғизистоннинг Боткен вилоятида ҳам чигиртка кўпайгани қайд этилганидан расмийлар хавотир билдирган.

Тожикистон расмийлари эса ҳозирги пайтда чигиртка 90 минг гектар майдонга тарқалгани ҳақида хабар тарқатмоқдалар.

Жанубий Қозоғистон вилоятида тарқалган чигиртка тури Тошкент шаҳрида ҳам кўпайган.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган кишилар бу чигирткаларнинг катталиги, очофатлиги ва қулоқни қоматга келтирадиган чириллашидан азият чекаётганларини айтмоқдалар.

"Шу кеча-кундузда ҳам чигиртка "ёғаяпти", ҳовлида ухлаб бўлмайди", дейди Тошкент яшовчиларидан бири.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва деҳқончилик ташкилоти огоҳлантиришича, бу йил Марказий Осиёдаги 4 миллион гектар майдонни чигиртка босиш эҳтимоли мавжуд.

БМТ бўлинмаси шундан 620 минг гектар майдон Ўзбекистонга тўғри келиши мумкинлигини айтмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлиги мулозимининг Россия матбуотига айтишича, бу йил ёз қуруқ келгани боис чигиртка кўпайган.

Чигиртка бир кунда 100 километр масофа босиб ўтиши мумкин, деб айтган деҳқончилик вазирлиги вакили.

Шу боис Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари чигирткага қарши биргаликда кураш олиб боришга келишганлар.

Сиз ўзингиз яшаб турган жойда чигиртка муаммосига дуч келаяпсизми?Чигирткалар зарар келтирмаслиги учун қандай ишлар амалга оширилаётганини биласиз?Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBC UZBEKFacebook - BBC UZBEKGoogle+BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ