Сўнгги янгиланиш 8 феврал 2011 - 18:03 GMT

Лондонда ўзбек бастакорининг мусиқаси ижро этилди

Ўзбек мусиқаси Лондонда илк бор янграётгани йўқ, аммо бу гал уни асли полшалик виолончелист Ева Мизерска ижро этди.

Тингловчилар эса, турли миллат вакиллари.

Ғарбона классик оҳанглар ортидан танбур наволари тараларкан, мусиқага ўзига хос руҳ бағишлайди. Уларга яна виолончел оҳанглари эргашади...

(Азиза Содиқова яратган мусиқадан парча тинглаш учун мана бу ерга босинг)


Ўзбекистонлик бастакор Азиза Содиқова Ғарб ва Шарқ оҳанглари уйғунлаштирилган мусиқа яратишга қизиқиш ўзида талабалик йилларидаёқ пайдо бўлгани ҳақида айтди:

Азиза Содиқова


Азиза Содиқова санъаткорлар оиласида туғилган - бобоси Толибжон Содиқов таниқли бастакор ва дирижёр, аммаси Феруза Содиқова опера қўшиқчиси, отаси Олтин Содиқов ҳам хорда дирижёрлик қилган. У Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида 5 ёшидан таҳсил олган. Кейин Азиза ўқишини Тошкент Давлат Консерваториясида таниқли бастакор Дмитрий Янов-Яновский қўлида давом эттирган. Азиза Содиқова 1998 йилда Буюк Британияга Бирмингам Консерваториясида ўқиш учун келади. У Британия, Америка, Ўзбекистон, Олмония ва Ҳолландиялик мусиқашунослар ва санъаткорлар билан ҳамкорлик қилади. Азизанинг асарлари кўплаб халқаро мусиқа анжуманларида ижро этилган. Ҳозир у Берлин шаҳрида яшаб ижод қилади.

"Қизиқиш менга Тошкентда Дмитрий Янов-Яновскийдан таҳсил олиб юрган пайтларимда пайдо бўлганди. Бу инсон бизга ўта ғаройиб имкониятларни кўрсатиб берганди. Ундан мусиқа техникаси, замонавий мусиқа, Россия, Оврўпо бастакорлари асарларини ўрганардик. Айни пайтда Яновскийнинг ўзи ўзбек чолғу асбобларидан фойдаланиб яратган, ўзбек оҳанглари йўналишида асарлари ҳам бор эди. Улар мени мисли кўрилмаган даражада руҳлантирган эди. Ундан кейин мен ўзим ўзбек халқ мусиқасини ўрганишга ҳаракат қилдим", - дейди бастакор.

"Нима учун айнан виолончел чолғусини танладингиз?"

"Мен замонавий мусиқа асбоблари ўзимизнинг анъанавий чолғуларга ўхшаш оҳанглар чиқараётганини илғай бошладим. Буни ўз мусиқаларимда ривожлантиришга ҳаракат қилдим. Виолончел менинг севимли чолғуларимдан бири. Бу чолғу асбоби учун яратган асарларимдан яна бири Лондонда, Тейт Британия кўргазмалар уйида ўйналди. Виоленчелда ўта нозик оҳангларни тинглаш мумкин".

"Бу умуман қандай кутиб олиняпти? Мусиқангизни тинглаганлар Сизга нималар дейишади?"

"Ўзбек мусиқаси билан қоришган шарқона мусиқанинг ўрни бу ерда бўш эди десак бўлади. Қандайдир элементлар, ишоралар бўлган бўлиши мумкин, аммо очиқ ўзбек мусиқаси йўқ эди. Шунинг учун, бу тингловчилар учун оҳанглар орқали саёҳатдек.

Ўзбекистонлик бастакор Азиза Содиқованинг асарини полшалик виолончелист Ева Мизерска ижро этди

Менга шундай туюлади. Мазкур асаримда мен ажойиб танбурчи Тоҳир Қўзиев ижросида ёзиб олинган танбур оҳангларидан фойдаландим. Икки мусиқа асбоби жўр бўлди десак бўлади", дейди Азиза.

Четдан қараганда, ўзбек анъанавий мусиқаси Ғарб мусиқасига бегонадек туюлиши мумкин.

Аммо, лондонлик тингловчилар Азиза Содиқова яратган ушбу асарни олқишлар ила кутиб олишганига гувоҳ бўларканман, айнан мана шу бегоналик уларни мафтун қила олгандек эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.