Лондонда қўшиқчи Эми Уайнхауснинг дафн маросими бўлиб ўтди

Эми Уайнхаус
Image caption Эми Уайнхаус дунёнинг энг иқтидорли ёш қўшиқчиларидан эди

Лондон шимолида шанба куни 27 ёшида вафот этган таниқли қўшиқчи Эми Уайнхауснинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Лондон шимолидаги Эджвейр ҳудудидаги Эджвейрбюри қабристонида ўтган маросимда фақат қўшиқчининг оила аъзолари ва дўстлари иштирок этишган.

Оилавий дўстлардан бирига кўра, дафн маросимда 300 ва 400 атрофида одам иштирок этган.

45 дақиқа давом этган маросимда мусиқашунос Марк Ронсон, телеюлдуз Келли Осборн каби машҳурлар ҳам ҳозир бўлганлар.

Кейин қўшиқчининг дўстлари ва оила аъзолари жасадни куйдириш марказига ва Голдрс Грендаги синагогада хотира маросимига йўл олишган.

Эми Уайнхауснинг отаси Митч маросимдаги нутқини: “Хайрли тун, менинг фариштам, тинч ёт. Онанг ва отанг сени тоабад яхши кўради”, деган сўзлар билан якунлаган.

Оила воизига кўра, Уайнхаус жаноблари қизининг болалигида кечган ажойиб ҳодисаларни ҳикоя қилган, унинг қанчалар қайсар бўлгани ҳақида сўзлаган.

“У бир неча бор, ҳозир қизи ҳар қачонгидан бахтлироқ эканини таъкидлади”, дейди Уайнхауслар оиласи воизи.

Маросимда яҳудийлар таомилига кўра, раввин бошчилик қилган. Дуолар инглиз ва яҳудий тилида қилинган.

Қабристонга кетиш йўли четида сураткашлар ва қўшиқчининг мухлислари тизилиб олганлар.

Мухлислар марҳумга ҳурмат бажо келтириш учун Голдрс Грендаги куйдириш марказига ҳам боришган.

Айримлар ёшгина умрнинг хазон бўлганидан афсус билдиришган, баъзилар эса, унинг иқтидори, мусиқасини олқишлаганлар.