Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева афғон можаросидан чуқур хавотирда

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева хорижий қўшинларнинг 2014 йилги сафарбарлиги ортидан Афғонистонда иқтисодий инқироз юз бериши ва бу ўзлари учун ҳам таъсирсиз кечмаслиги эҳтимолидан чуқур хавотир изҳор этган.

Кичик бўлса-да, стратегик жиҳатдан муҳим саналган Қирғизистонда Американинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун ниҳоятда муҳим бўлган Марказий Осиёдаги ягона ҳарбий базаси жойлашган.

Тез орада ўз вазифасидан расман истеъфо бериши кутилаётган президент Ўтинбоеванинг айтишича, Афғонистон шу қадар давомий маҳрумиятлар ва урушларга кўникиб қолганки, иқтисодини ҳам кўтариб турган катта сондаги хорижий қўшинларнинг ҳозирлигисиз янги ҳаётга кўникиб кетолмаслигидан қўрқувда.

Қирғизистон президентининг айни мазмундаги хавотирлари Америкада чоп этилувчи нуфузли “Нью Йорк Таймс” газетидан ўрин олган.

Афғонистонда 10 йилдан буён Толибон исёнкорларига қарши жанг олиб бораётган Америка ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари келаси уч йил ичида мамлакатдан чиқиб кетишни режалашган.

Қирғизистон раҳбарига кўра, ноқонуний, аммо ўта даромадли афюн савдоси манзарасида Афғонистонда бизнес тараққий топтирилмас экан, халқаро кучлар ортга сафарбарлигининг иқтисодий таъсири Афғонистон ва унга қўшни давлатлардаги вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин.

Президент Ўтинбоеванинг айтишича, бу каби вазият катта сондаги ишсиз афғон қочқинлари оқимини пайдо қилади, қуролли экстремист гуруҳлар ва жиноятчиликни кучайтиради.

“Менимча, бутун минтақа нималар юз бериши мумкинлиги, мазкур муаммоларга қандай қилиб барҳам бериш масаласида ташвишда. Агар Натонинг Толибон ҳаракатини даф этиш стратегияси фақат ҳарбий амалиётлар ва 2014 йилги сафарбарликдан иборат бўлса, вазият ёмон бўлади”, деб айтган қирғиз раҳбари.

Президент Ўтинбоеванинг урғулашича, афғонларнинг нормал ҳаётга қайтишларига кўмак бериш учун барча давлатлар бор имкониятларини ишга солишлари муҳимдир.

Жаҳон Банки ўтган ҳафта эълон қилган янги ҳисоботида ҳам худди шундай хавотирларини изҳор этганди.

Банкка кўра, хорижий қўшинларнинг чиқиб кетишлари ва халқаро кўмакларнинг қисқариши ортидан вужудга келиши мумкин бўлган бўшлиқ сабаб 2014 йилда ва ундан кейин Афғонистон иқтисоди буткул ўтириб қолиши мумкин.

Чунки Афғонистон давлат бюджетининг 90 фоиздан ортиқроғи халқаро ҳамжамиятнинг молиявий ёрдамларидан ташкил топган.