Кислота сепилган қизлар ҳикояси Оскар мукофотини қозонди

Image caption Ғолиб ҳужжатли фильм Покистондаги кислота ҳужуми жабрдийдалари ҳаётидан ҳикоя қилади

Илк бор Оскар мукофотига номзоди қўйилган покистонлик аёл режиссёр Шармин Обайд Чиной кислота ҳужумлари қурбонларига бағишланган ҳужжатли фильми учун ана шундай шарафга лойиқ деб топилди.

Покистонда ҳар йили аксарияти хотин-қизлардан иборат юздан ортиқ кишининг юзига кислота сепиб кетилади.

Кислота ҳужумлари жабрдийдаларига ёрдам кўрсатувчи гуруҳларнинг айтишларича, ҳақиқий рақамлар расмий маълумотлардагисидан анча кўп.

Бу ишга қўл урувчи ҳужумчилар эса, аксаран, жабрдийда хотин-қизларнинг рашк ўтидаги эрлари ёки аламзада ёш йигитлар бўлишади.

"Юзни асраб қолиш", деб номли ҳужжатли фильмнинг сюжети асли Покистонда туғилган британиялик жарроҳнинг иш фаолиятига асосланган.

Жарроҳ Муҳаммад Жавод кислота ҳужумига учраган инсонларнинг юзларини тиклаш билан шуғулланиб келади.

Бу каби ҳужумлар қурбонлари, одатда, кўр бўлиб қолишади.

Юз-кўзларининг кислота куйдириб юборган ерларига турли инфекциялар тушиши оқибатида, йиринг боғлаб кетади.

Агар халқаро ташкилотларнинг сўровларига қаралса, Покистон Афғонистон ва Конго Демократик Республикасидан кейин хотин-қизлар учун энг хавфли мамлакат саналади.

Нуфузли Оскар мукофотини қабул қилиб оларкан, Шармин Обайд Чиной хоним ўз ютуғини ўзгаришлар учун кураш олиб бораётган Покистон аёлларига бағишлашини айтган.

"Мукофот учун мукофот лозим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Покистон Бош вазири ғолибага яна бир мукофот бериш шартлигини таъкидламоқда

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Гийлоний мамлакатига биринчи Оскар мукофотини олиб бергани учун Чиной хонимни роса олқишлаган.

Жаноб Гийлонийга кўра, ҳукумати бунинг учун ғолибани ўз мукофотлари билан ҳам тақдирлаши лозим.

Аммо Чиной хонимнинг меҳнатлари бундан аввал ҳам халқаро миқёсда тан олинган.

2010 йилда "Покистоннинг Толибон авлоди" номли ҳужжатли фильми учун режиссёр Халқаро Эмми (Emmy) мукофотига лойиқ деб топилган.

Сўнгги ҳужжатли фильмини америкалик режиссёр Дэниэль Юнге билан бирга ишлаган.

Чиной хонимнинг айтишича, фильмда тушишга рози бўлган жабрдийдалар ўз овозларини эшиттириб, кислота ҳужумига учраётган хотин-қизлар муаммосига одамларнинг эътиборини тортиш ниятида бўлишган.

Эронлик режиссёр Азғар Фарҳодийнинг "Ажралиш" фильми эса, хорижий тилдаги энг зўр бадиий фильм номинациясида ғолиб чиққан.

Бу ушбу йўналишда Оскар мукофотига лойиқ кўрилган илк Эрон фильмидир. Илк бор тақдим этилгани эса, ҳеч нарса ололмаганди.

Фильм халқаро миқёсда деярли барча танқидчилар томонидан бирдек тан олинган.

"Ажралиш" фильми сюжети ажралиш истагида бўлган ёш жуфтнинг замонавий Эронда тўқнаш келган эскичаю янгича муаммоларидан ҳикоя қилади.

Қолган мукофотлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Энг кўп Оскар мукофотини қўлга киритиш бўйича овозсиз ишланган "Артист" фильми қолган барча рақибларини ортда қолдириб кетди.

Фильм, "Энг зўр тасвир", "Энг зўр режиссёр" ва "Энг зўр актёр" дохил бешта номинацияда ғолиб, деб топилди.

"Темир аёл" фильмида ижро этган собиқ британ Бош вазири Маргарет Тэтчер роли учун, "Энг зўр актриса" номинациясида Оскар мукофоти британиялик Мерил Стрипга насиб этди.

Канадалик 82 ёшли кино юлдузи Кристофер Пламмер Оскар мукофотини қўлга киритган энг кекса санъаткорга айланди.

Унга нуфузли мукофотни "Бошловчилар" фильмидаги иккинчи даражали роли учун беришди.