Суриядаги хунрезликлар рассом мўйқаламида

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кесилган инсон боши, ҳудди мевадек ликопчада... Онаизор бостириб келаётган даҳшатлардан фарзандларини бағрига босиб, қутқаришга уринмоқда...Бошсиз алвастилар эса учиб юришибди...Қандайдир сиймосиз кимсалар навбатда турибдилар...Балким ватанларини қўриқламоқдалар, балким қатлларини кутмоқдалар...

Бу суратлар ўтган йил мобайнида, Сурияда хунрезликлар давом этган вақтда чизилган.

Бу суратларни кўргазмага йиққан рассом Мунир аш-Шаронидан ташқари ҳамма бошқа рассомлар ҳануз Сурия ичкарисидалар.

Сурия ҳукуматига қарши мухолиф чиқиши сифатида кўрилган бу кўргазма тугаши билан у ҳам мамлакатга қайтади.

Image caption "Озодлик учун. Ўлим, қамоқ, тазйиқ, ҳақорат, иккиюзламачилик, зўравонлик, қўрқув, терроризм ва коррупция йўқолсин", дейилади Мунир аш-Шаронининг каллиграфик лавҳасида.

"Мен Сурияга қайтишим керак. Мен бу ҳодисалар давом этаётган вақтда ўз халқим билан бўлишим керак", дейди Мунир.

Унинг ишонишича, мамлакат хавфсизлик кучларининг рассомлар кетидан тушиб, ҳибсга олишдан кўра бошқа ишлари ошиб-тошиб ётибди.

"Қамоқхонлар шундоқ ҳам тўлиб-тошган, шунинг учун рассомларни ушлаш биринчи навбатдаги вазифа бўлмаса керак", дейди Мунир умид билан.

Лекин Мунир ва бу кўргазмада расмлари намойиш этилаётган унинг сафдошларидан баъзилари ал-Ассадлар сулоласи раҳбарлиги даврида қамоқхонларда ўтириб чиқишган ва йиллар мобайнида муҳожиратда яшашга мажбур бўлишган.

Мунир аш-Шарони каллиграфиядан олган сабоқларини халқ орзу-умидларини изҳор қилиш йўлида ҳам ишга солган.

"Озодлик учун. Ўлим, қамоқ, тазйиқ, ҳақорат, иккиюзламачилик, зўравонлик, қўрқув, терроризм ва коррупция йўқолсин", дейилади у томонидан ишланган каллиграфик лавҳада.

Унсиз инсонлар

Бир суратда бошидан ўқ еган эркак тасвирланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Юсуф Абделки ишлаган яна бир суратда эса юрак ва пичоқ композиция марказида.

Эдвар Шаҳданинг расмларида эса ҳукуматпараст унсурлар дажжоллардек тасвирланган. Улар кўтарган пичоқдан аёл фарзандини олиб қочмоқда...

Ёсиф Сафининг суратига эса "Диктатор", дея ном берилган. Унда эсдан оққан, ўриндиқда ўтириб, ўз бошига тўппонча ўқталган шахс тасвирланган.

Мунир аш-Шарони бу суратларни Суриядан қандай қилиб олиб чиққани ҳақида очиқ гапирмайди.

Мусаввир Facebook да бир неча гуруҳларни тузган.

Ҳозирда Дамашқдаги санъат кўргазмалари ёпилган. Аммо Мунир барибир мамлакат ичкарисида ҳам кўргазма ташкил қилиш режасига эга.

"Санъат тарихига қарасангиз, у ҳамиша сиёсатда рол ўйнаб келган", дедйи Мунир.

Лекин бу суратлар ҳозирги Сурия раҳбариятига бирон таъсир ўтказа олишига кўзи етмайди.

Бу каби кўргазмаларнинг асосий мақсади, унинг сўзларига кўра, "унсиз инсонлар" сафларини кўпайтириш. Яъни мухолифатга хайрихоҳ, аммо унда фаол иштирок этмаётганлар сонини кўпайтириш.