Amnesty International: Оврўпода мусулмонлар камситилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Халқаро Амнистия" аёлларнинг ўранишга мажбурланишига қарши, аммо тақиқларни ҳам қўлламайди

Қароргоҳи Лондонда жойлашган "Халқаро Амнистия" ташкилотининг айтишича, Оврўпода ўзининг диндорлигини ошкора намойиш этадиган мусулмонларни камситиш ҳоллари кенг тарқалган.

Ўзининг сўнгги ҳисоботида ташкилот Оврўпо ҳукуматларини мусулмонларга нисбатан салбий қарашлар ва нотўғри тушунчаларга қарши фаолроқ курашишга чақирган.

Ҳисоботда айтилишича, мусулмонларни анъанавий кийим кийганлари учун ишдан олишади ёки ўқув юртидан ҳайдайдилар.

Amnesty International айрим Оврўпо давлатларида мусулмон аёлларнинг ниқоб ўрашлари ёки юзни тўла ёпишларига қарши жорий этилган чекловларни танқид қилган.

"Муслималарни фақат анъанавий кийим кийганлари, жумладан, ҳижоб ўраганлари учунгина ишдан олишмоқда ёки ўқув машғулотларига қўйишмаяпти. Мусулмон эркакларни эса соқол қўйганлари учун ишдан ҳайдашлари мумкин, - дейди "Халқаро Амнистия" эксперти Марко Перолини.

Унга кўра, сайловчиларнинг овозини олишдан бошқа нарсани ўйламайдиган сиёсий партиялар бу каби нотўғри тушунчаларга қарши курашиш ўрнига уларнинг янада кўпроқ тарқалишига ҳисса қўшишмоқда.

Эътиқод эркинлиги

Ҳисоботда Белгия, Франция, Голландия ва Испанияда мусулмон аёлларнинг юзни тўла ёпиб юришларига қўйилган тақиқлар, шунингдек, Швейцарияда 2009 йилда миноралар қурилишини тақиқловчи қонун тилга олинади.

Унда шунингдек, айрим давлатларда жорий этилган талаба-ўқувчиларнинг мактаб-муассасаларда ҳижоб ва бошқа диний рамзларни тақиқловчи қоидалар ҳам танқид қилинган.

"Диний ва маданий рамзларни тақиш ёки кийиш ўз-ўзини изҳор қилиш ҳуқуқи ҳамда диний эркинликларга киради. Бу ҳуқуқлар барча дин вакилларига бир хил даражада таъминланиши керак", - деб айтди "Халқаро Амнистия" вакили.

Amnesty International га мувофиқ, бу каби тақиқларни хавфсизлик сабаблари билан оқлаш мумкин эмас.

Ҳуқуқ ҳимоячилари хотин-қизларнинг анъанавий кийимларни кийишга мажбурланишига қарши чиқишади.

Айни пайтда улар бу каби қиёфатнинг тақиқланишига ҳам қаршилар.

Ташкилот Белгия, Франция ва Голландия ҳукуматлари иш жойида камситишларга қарши қонунларнинг бажарилишини амалда етарли назорат қилмаётганликларини айтган.

Ҳисоботда айтилишича, иш берувчилар ишчиларни диний ёки маданий рамзларни тақиш бошқа ҳамкасблар ва ширкат мижозларининг нафсониятини эзади ҳамда ширкатнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатади, деган важлар билан ишдан бўшатиш ҳоллари қайд этилган.

Тадқиқот хулосаларига кўра, мусулмон давлатлардан келган аёл муҳожирлар орасида ишсизлар сони кўп, буни эса қисман камситишлар билан изоҳлаш мумкин.

"Халқаро Амнистия" диний камситиш ҳолларига қарши курашиш учун махсус давлат идораларини тузишни таклиф этмоқда.