BBC navigation

Фотограф Дина Пенсон: "Мен ўзимни отамга қиёслашга уяламан"

Сўнгги янгиланиш 17 май 2012 - 11:59 GMT

Телевидениедаги фаолияти билан бир қаторда, Дина Хўжаева-Пенсон "ўзи учун" кўп суратларни олган. Улар орасида юзлаб ўзбекистонликлар портретлари бор

Тошкентдаги Art and Fact галереяси Ўзбекистоннинг биринчи аёл фотографи Дина Хўжаева-Пенсон асарлари кўргазмасини очишга тайёрланмоқда.

Дина Хўжаева-Пенсон нафақат иқтидорли сураткаш, балки 1920-30 йилларда Совет Ўзбекистони солномасини яратган машҳур фотограф Макс Пенсоннинг қизидир.

Хўжаева-Пенсон хоним 1960-70 йиллар давомида ўз турмуш ўртоғи - кинорежиссёр Файзулла Хўжаевга журналистик очерклар ва ҳужжатли фильмлар яратишга ёрдам берган. У, шунингдек, Телевидениенинг ўзбек студиясида 30 йилдан ошиқ хизмат қилган.

Бироқ, у бирон марта ўз ижодини кўз-кўз қилишни истамаганини айтади.

"Менда ҳеч қачон ўз ишимни кўргазмага қўйишим керак деган ҳаётий мақсад бўлмаган. Менинг асарларим бу менинг фарзандларим. Иш жараёнида ниманидир суратга олсам, шуларнинг орасидан ўзимга ёққанларини танлаб олиб, сақлаб қўярдим", - дейди у мен билан телефон орқали суҳбатда.

Унинг отаси ўзбек фотография санъатининг ёрқин юлдузлари қаторида туришига қарамай, Хўжаева-Пенсон шон-шараф кетидан қувгани йўқ.

"Атрофимдаги эркак ҳамкасбларим мени фотограф дея ҳисоблашмасди. Аёл киши бўлсам ҳам, мени бир мақтаб қўйиш фикри уларда бўлмаган... Шунинг учун, ўзимни иркит ўрдакчадек сезиб, кўргазма ҳақида ҳея ўйламаганман", - дейди у.

Хўжаева-Пенсоннинг Тошкентдаги илк кўргазмасини унинг юбилейига бағишлаб Art and Fact галереяси асосчиси Шаҳноза Каримбобоева ўтказишга қарор қилди.

Каримбобоева хоним 2002 йилда Макс Пенсоннинг Ўзбекистондаги илк ва ягона кўргазмасини уюштирганди.

"Ўзбек фотографиясининг 125 йиллиги" китоби муаллифларидан бири бўлган Шаҳноза Каримбобоева Пенсон сулоласининг ўзбек сураткашчилигидаги ўрнини алоҳида урғулашга уринмоқда.

Дина Хўжаева-Пенсоннинг отаси Макс Пенсон ўз суратлари билан 1920-40 йилларда Ўзбекистон солномасини яратган

"Албатта, Макс Пенсоннинг исмини Ўзбекистонда билишади, лекин Дина Максимовнани яхши танишмайди. Аёл фотограф деган тушунча биз учун ғайриоддий бўлган. Улар жуда тортинчоқ аёллар. Биз уларни бир амаллаб кўндирдик. Лекин, уларни ваҳима босаяпти...", - дея кулади галерея асосчиси.

Хўжаева-Пенсон хонимни машҳур отасига қиёслашга уринаётганлар оз эмас. Ота ва қизнинг услуби бир қарашда ўхшаш, уларнинг асарлари марказида катта ҳарфлар билан "Инсон" туради.

"Биласизми, мен ўзимни отам билан қиёслашга уяламан. Бу мен учун жуда ноқулай. Лекин касбимга таяниб гапирадиган бўлсам, отамнинг асарлари менга жуда ёққан", - дейди у.

Шаҳноза Каримбобоеванинг ҳам айтишича, Дина Максимовна ўз отаси билан қиёсланишига қарши.

"У менга, келинг, "Дина Хўжаева-Пенсон кўргазмаси" эмас, "Дина Хўжаева кўргазмаси" деб эълон қилайлик деб таклиф қилди", - дейди Каримбобоева.

"Нима учун?" - деб сўрайман.

"Чунки, барча машҳур одамлар фарзандларида шундай муаммо бўлса керак. Менимча, машҳур одамларнинг фарзандлари мустақил тарзда танилишни хоҳлайдилар, оталарининг исми билан эмас. Лекин, айтиш жоиз, Дина Максимовнанинг ўзига яраша услуби бор," - дейди у.

Балки бу бутун умр эркаклар соясида, аввалига отаси, сўнгра эри ва ҳамкасблари соясида қолган иқтидорли аёл комплексидир.

"Отангиз сизга ўз касби сирларини ҳеч ўргатганми?" - деб сўрайман Дина Максимовнадан .

"Йўқ, у мени ҳеч қачон сурат олишга ўргатмаган. Лекин, ҳали чақалоқ давримиздаёқ атрофимизда суратларни кўрганмиз. Эрталаб уйғонсак, отам туни билан ишлаб чиққан суратлар қуриш учун осиғлиқ турарди. Отам биз учун, унинг фарзандлари учун, Макс Пенсон эмасди. У биз учун ота эди, холос. Афсуски, биз унинг ижодининг қадрига етишга ёшлик қилганмиз", - дейди Дина Максимовна.

Бир сонияга тутилган кадрлар

Дина Хўжаева-Пенсон суратларини баъзи танқидчилар "йирик залларга мўлжалланмаган" дея тасвирлашган

Ўхшашликлар мавзусини четга суриб, фарқларни илғашга уринаман. Отасидан фарқли ўлароқ, Дина Максимовна совуқ уруш даврида бир неча бор хорижга сафар қилиш имкониятига эга бўлган.

Унинг Флоренция, Париж, Лондон кўчаларида олган суратлари ва Ўзбекистонда яратган асарлари ўртасида қизиқ контрастни сезасиз.

"Хорижда ниманидир суратга олиш жуда қийин бўларди. Чунки мен ҳар сафаримда сайёҳлар гуруҳи таркибида бўлганман. Мустақил тарзда сафар қилиш имконияти бўлмаган. Гуруҳ эса тез ҳаракат қилади. Лекин, барибир, нималарнидир суратга олишга улгуриб қолганман. Айниқса Францияда олган суратларим кўп, чунки у ерда икки марта бўлганман. Менга бу мамлакат жуда ҳам ёқарди. Лондонда эса 1972 йилда икки кунгина бўлганман," - дейди у.

"Лондонга келганингизга қирқ йил бўлибди. Бир қайтиб, яна суратлар олсангиз бўлар экан..."

"Мен сизга бир сиримни очай. Кўзим жуда ёмон кўради. Шундай экан, бошқа суратлар ололмайман," - деб кулади Дина Максимовна.

Дина Хўжаева-Пенсон қаерда сурат олмасин - хоҳ Флоренция, хоҳ Мирзачўл - уларда уста маҳоратини илғайсиз. Унинг асарлари орқали фотография нақадар демократик ва универсал мулоқот тили эканига ҳам ишонасиз.

"Мен ўзимни дабдабали кадрларни яратган фотограф эмас, балки репортёр деб ҳисоблайман. Ҳаммаси бир сониянинг ичида юз беради. Ўша онни тўхтатиб, камера тугмасини босаман, бўлди", - дейди у.

"Оч чўл"

Дина Хўжаева-Пенсоннинг Тошкентда кўргазмага қўйилаётган 106та асари ичида аксар суратлар унинг Мирзачўл бўйлаб олган "Оч чўл" сериясига тегишли.

Отасидан фарқли ўлароқ, Дина Хўжаева-Пенсон қатор Оврўпо мамлакатлари бўйлаб сафар қилишга муваффақ бўлган.

У телевидениега ишга киришидан аввал турмуш ўртоғи Файзулла Хўжаев билан Мирзачўлдаги оилаларнинг ҳаётини кузата бошлаган.

"Бу оилалар Совет Иттифоқининг турли бурчакларидан кўчиб келишганди. Эрим билан уч-тўрт йил шу оч чўл бўйлаб пиёда юриб, одамларни суратга олганмиз. Кейинроқ Файзулла бу ҳақида китоб ҳам ёзди ва шунинг асосида пьеса қўйилди. Унда одамлар бу тузга ботган ерга келиб, бир неча йиллар давомида уни гуллаб-яшнаган адирга айлантиргани ҳақида ҳикоя қилинади", - дейди у.

1950-60 йилларда "Оч чўл" дея тасвирланган ҳудудлардаги шаҳарларнинг барпо этилиши акс этган бу серияда яшаш учун буткул ноқулай бўлган шароитларда, туз босган заминда боғ яратган ватанпарварлар намоён бўлади.

Уларда социализм дабдабаси билан бирга инсон гўзаллиги ва қадрияти олқишланади.

Иқтидорли насл

Дина Пенсон-Хўжаева ҳақида маълумот тўплар эканман, унинг суҳбатларидан бирида кўзим Рон Арад исмига тушади.

Бу исм Британиядаги санъат ва дизайн рўзномаларида тез-тез учрайдиган исм. Рон Араднинг сув томчиларини эслатувчи қошиқлардан тортиб курсиларгача бўлган уй жиҳозлари, тўлқинсимон меъморий асарлари жаҳон бўйлаб кўпларга таниш.

Бир неча йил аввал Париждаги Помпиду замонавий санъат марказида унинг асарлари қаршисида туриб, ҳайратга тушганимни эслайман.

Мен Рон Арадга электрон мактубини йўллаб, Ўзбекистонда Макс Пенсон деган машҳур фотограф қариндошингиз бўлгани, ёки унинг қизи Дина Пенсон ҳақида бирон нарса биласизми, деб сўрайман.

Эртасига Рон Арад менга жавоб йўллайди:

Рон Араднинг китоб жавони

"Ҳурматли Ибрат. Мен ҳозир Тель-Авивда, 95 ёшли отам Гришанинг олдида ўтирибман. Уни кўриб кетгани икки кунга келдим. Сизнинг мактубингизни унга кўрсатдим. У тоғаси Макс ва унинг қизи Динани яхши эслайди. Дина уни 20 йил аввал Исроилга келиб кўрган экан, лекин шундан кейин алоқа йўқолибди. Жуда ажойиб учрашув бўлган экан", - деб ёзади Рон Арад.

Рон Арад мендан Динага салом йўллашимни сўраб, ўз телефон рақамларини ҳам йўллади.

Дина Максимовнага сим қоққанимда, аввало гапни Рон Араддан салом билан бошлайман. У ўз яқинларининг исмларини эшитиб беҳад мамнун бўлди.

"Катта раҳмат сизга. Уч йил аввал Америкада Роннинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Менинг туғишган акам Мирон Америкада яшайди. Мирон икковимиз бир кун Нью-Йоркдаги МоМа замонавий санъат музейига тушишга қарор қилдик. Бир қават кўтарилсак, у ерда "Рон Арад кўргазмаси" деб ёзилган. Мен буни кўриб тилдан қолдим. Кейин "Мирон, қара, кимнинг кўргазмаси ўтказилаяпти" дедим. Музей расмийларига мурожаат қилсам, у бир кун аввал учиб кетганини айтишди. Ажойиб йирик кўргазмани очиб, Лондонга қайтиб учиб кетган экан. Афсус, уни ҳеч кўролмадим. Қаранг, қандай наслимиз бор экан. Бир оиладан чиққанмиз. Бизни яна бир-биримиз билан боғлаётганингиз учун сизга катта раҳмат. Ронга айтинг, Тошкентга келсин, бизда қизиқ тадбирлар кўп", - дейди Дина Хўжаева-Пенсон.

Лекин у, оиласи жаҳон бўйлаб тарқалганига қарамай, Ўзбекистонни тарк этиш нияти йўқ. Унинг учун Ўзбекистон ўзи ва отасини ардоқлаб ўстирган юрт.

"Дина Максимовна ўта камтар одамлар. Кўргазмангизни ўтказмасак бўлмайди, деб зўрлаб олиб чиқмасам, ўзлари ташаббус билан чиқмасдилар. Бу инсон ўта меҳрибон, ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаб қайғурадиган инсон... Бундай одамлар бугун камдан-кам учрайди," - дейди Шаҳноза Каримбобоева суҳбатимиз сўнгида.

бу ерга босинг Дина Пенсон асарларидан баъзиларини томоша қилиш учун мана бу ерга босинг

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.