BBC navigation

Рамазон ойи тижоратни ўлдирадими ё кулдиради?

Сўнгги янгиланиш 17 август 2012 - 13:41 GMT

Рамазон ойи мусулмон ўлкаларида озиқ-овқат нархлари ошади

Исломий тақвимда йилнинг тўққизинчи ойи саналувчи Рамазон бу йил 20 июлда кирган ва у мусулмонлар учун энг муқаддас ой саналади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг саҳардан шомгача ейиш-ичишлари, чекишлари ва ҳатто, сақич чайнашлари ҳам мумкин эмас.

Бемор, кекса инсонлар ва ҳомиладор аёллар бундан мустасно, аммо Ислом динида рўза тутиш жисмоний қурби етган ҳар бир мусулмон учун фарз саналади.

Саҳарлигу ифторлик соатларига амал қилишаркан, бу – рўзадорларнинг уйқуларига таъсир этмай қолмайди. Бунинг оқибатида, кечга бориб, улар анча ҳолдан тойиб қолишади.

“Рамазон ойида қисқароқ иш соатлари ва одамлар кайфиятидаги ўзгаришлар сабаб, ишчиларнинг меҳнат самарадорлиги 35-50 фоизга камайиб кетади”, дейди иорданиялик иқтисодчи Самир Суннуқрот.

Унинг айтишича, шу боис ҳам, айниқса, давлат идораларида ҳар қандай мажлислар ёки қарорлар Рамазон ойидан кейинга суриб турилади.

“Бу ҳолат эса, ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши ва бизнес одамларининг молиявий йўқотишларига сабаб бўлишиши мумкин”, дейди у.

Аммо талаб-чи?

Ифтор пайтлари бозорлар жуда гавжумлашади

Рамазон ойида амал қилувчи тартиб-қоидалар давлатига қараб, бироз фарқланади. Лекин аксарият мусулмонлар рўза талабларига буткул риоя этишади.

Дейлик, Саудия Арабистонида юқори мартабали ходимларнинг қисқартирилган иш соатларида ишлашларига из берилмайди.

Яъни ўз зиммаларига юкланган вазифани тўлиқ бажармагунча, уларнинг ишлашлари кўзда тутилади.

Аммо Жазоирда ходимлари айнан кун давомида уйда ўтириб, рўза тутишнинг ўрнига, фаолият юритишни афзал билган бир ярим мингдан ортиқ бизнес масканлари ёпиб қўйилган.

Айрим мамлакатларда эса, ҳатто, ресторанлар ҳам кун бўйи очиқ бўлади. Фақат пештоқида мусулмон бўлмаган хўрандаларга хизмат кўрсатилиши битилган ёзув бўлади.

Аммо одамларнинг рўзадор эканликлари озиқ-овқат молларига бўлган талабнинг камайганини англатмайди.

Иорданиялик иқтисодчи жаноб Суннуқротнинг айтишича, аксига, одамлар ўзларига керагидан ортиқ миқдорда маҳсулот сотиб олишга мойил бўлишади.

“Рамазон ойининг тижоратчилар учун ижобий жиҳатларидан бири шундаки, бу пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга бўлган талаб кучаяди. Чунки одамлар одатдагидан кўра кўпроқ нарса истеъмол қилишади”, дейди у.

Иқтисодчига кўра, бунинг натижасида нарх-наво кўтарилади. Тужжорлар, дўкон, ресторан ва қаҳвахона соҳиблари ҳам мўмай даромад қилишади.

Рамазонда хурмо ва нишолда кўп истеъмол қилингани учун сотувчилар анча олдин тайёргарлик бошлашади

Дейлик, Бангладеш ҳукумати ички истеъмолни таъминлаш ва нарх-наво сакраб кетишининг олдини олиш учун Рамазон ойида балиқ экспортини тақиқлаб қўйган.

Чиқарилажак хулоса шундаки, талабнинг кучайиши, қисқа муддатга бўлса ҳам, иқтисоднинг юксалишига олиб келади.

Қаҳвахона маданияти

Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи якунида эса, уч кунлик Ҳайит байрами нишонланади, одамлар яқинларини зиёрат қилишади, бир-бирларига совға-саломлар улашишади.

Бу яна озиқ-овқат маҳсулотлари бўладими ёки кийим-бош, нарх-навонинг кўтарилишига олиб келади.

Рамазон ойида, айниқса, қаҳвахоналарнинг фаолияти гуллаб-яшнайди.

Айрим мусулмон давлатларида ифтордан кейин, қаҳвахонага бориб, телевизор кўриб ёки чилим чекиб, дўсту биродарлари билан чақчақлашиш одат тусини олган.

Бу йилги Рамазон ойининг ёз мавсумига тўғри келиши эса, қаҳвахона соҳибларига янада қўл келган.

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги қаҳвахона соҳибларидан бирининг айтишича, Рамазон ойида мижозларининг сони 100 фоизга ортиб кетган.

Рўза кунлари тўйимли ва одамни тетик тутувчи қуруқ мева ва дуккакли ўсимликлар бозори ҳам чаққон бўлади

Аён бўлишича, катта сондаги одамлар, айниқса, ёшларни қаҳвахоналарга жалб этаётган омил фақат чилим эмас, балки сунъий йўлдош воситасида олиб узатилаётган турли хил Рамазон барномалари ҳам экан.

Бошқа бир қаҳвахона соҳибининг ҳам айтишича, Рамазон пайтида йилнинг ҳеч бир ойида кузатилмаганидек яхши даромад қилишади.

Жамғармаларни айтмайсизми...

Масжидларга тушаётган хайриялар миқдори ҳам ошиб-тошиб кетар экан, турли хайрия жамғармалари ҳам Рамазон ойида анча маблағли бўлиб қолишади.

“Бу – биз учун йилнинг энг тиғиз пайти бўлади”, дейди Лондондаги Исломий Кўмак ташкилоти ходимаси Сафия Баҳаруний.

Рамазон ойи шамсий тақвимга асослангани учун ҳар йили икки ҳафта илгари келади.

Кун қисқа бўлгани бўлгани сабабли, Рамазон ойи қиш мавсумига тўғри келган пайтда, бизнес фаолиятларига унчалик ҳам таъсир қилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.