BBC navigation

'Олтин гепард' кинофоруми жюриси раиси: содда ва бегуноҳ қадам

Сўнгги янгиланиш 24 октябр 2012 - 18:16 GMT

Яқинда Тошкентда "Олтин гепард" кинофестивали бўлиб ўтди.

Ушбу кинофестивал ташкилотчиси Президент Каримовнинг тўнғиқ қизи Гулнора Каримова раҳбарлигидаги "Фонд Форум" деб номланадиган жамғарма бўлган ва кинофорум ҳайъати раиси, британиялик филм ва телевидение миллий мактаби директори Ник Пауэлл эди.

Бундан олдин Гулнора Каримова томонидан ташкиллаштирилган тадбирларда иштирок этган таниқли санъаткорлар қаттиқ танқидлар остида қолгандилар.

Би-би-си Ник Пауэлл билан боғланиб, дастлаб Ўзбекистондан олган таассуротлари билан қизиқди.

Ник Пауэлл: Бу жуда ажойиб сафар бўлди, қизим билан бирга бориб Тошкентни кўришга муваффақ бўлдик. Мен жаҳоннинг бу қисмига биринчи бор сафар қилишим эди. Ўзбекистон чуқур маданиятга эга ер экан. Жуда кўнгилни кўтарувчи ва мароқли сафар бўлди. Одамлари жуда меҳмондўст, биронта ҳам дўстона бўлмаган одамни учратмадим. Тошкентда қандайдир бир юксак кўтаринкилик, айниқса санъат соҳаси атрофида кўтаринкилик мавжуд. Тошкент нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг замонавий санъат маркази экан. Кўплаб тарихий обида ва бинолар билан бирга замонавий меъморчилик асарлари ҳам талайгина. Масалан Софи Эллис Бекстор концерт берган бино.

Би-би-си: Ушбу фестивалнинг ҳомийлари ҳақида қандай фикрдасиз?

Ник Пауэлл: "Форум" жамғармаси, менимча, бу вазифани жуда яхши амалга оширган. Филмлар фестивалидан ташқари концертлар, санъат ҳафталиги - буларнинг ҳаммаси жуда яхши ташкиллаштирилганди.

Би-би-си: Ўзбекистонга боришга розилик беришдан аввал қандай мамлакат эканлигини ўрганиб кўрдингизми, қўлингизда қандай маълумотлар бор эди?

Ник Пауэлл: Жуда кам маълумотга эга эдим. Ўрганиб кўриш учун вақтим жуда кам эди. Одатда бирон ерга боришдан аввал обдон ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламан албатта, лекин бу гал умуман вақтим бўлгани йўқ.

Би-би-си: Қайтиб келганингиздан кейин-чи, ўрганиб кўришга ҳаракат қилдингизми?

Ник Пауэлл: Ўзбекистондалигимда маълумот олиб, ўрганиб кўришга ҳаракат қилган одамлар билан гаплашдим, албатта. Жаҳон эътибор қаратаётган баъзи масалалар бор экан. Мамлакатнинг исломий ақидапараст гуруҳларга нисбатан сиёсати, Афғонистон билан чегарадош бўлгани учун касб этадиган аҳамияти ҳақида билиб олдим. Пахта йиғим-терими атрофидаги баъзи муаммоли масалалар ҳақида хабар топдим. Анъанага мувофиқ, ўзбек оилалари, ёш болалар дохил, ҳар йили пахта теримида иштирок этар эканлар. Бу ҳолат баъзилар томонидан болалар меҳнатидан фойдаланиш, дея тақдим қилинмоқда. Мана шу борада ўрганиб кўришга ҳаракат қилдим. Кўплаб мамлакатларда, ҳатто ғарб давлатларида ҳам ҳосил йиғим-терими вақти оилалар бунда иштирок этадилар, болалар ҳам.

Би-би-си: Олган маълумотларингиз сизни даҳшатга солдими?

"Жуда кам маълумотга эга эдим. Ўрганиб кўриш учун вақтим жуда кам эди. Одатда бирон ерга боришдан аввал обдон ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламан албатта, лекин бу гал умуман вақтим бўлгани йўқ."

Ник Пауэлл

Ник Пауэлл: Йўқ мени даҳшатга солгани йўқ, исломий ақидапараст жиҳодий гуруҳларга қарши қатъий сиёсат мавжуд нарса. Ғарб давлатларида ҳам бу каби сиёсат бор нарса.

Би-би-си: Болалар меҳнати масаласи-чи?

Ник Пауэлл: Агар бу юзлаб йиллар мобайнида анаъана бўлса, йилда бир маротаба чиқиб, йиғим теримда иштирок этиш анъана бўлса. Бу йил бўйи муттасил болалар меҳнатидан фойдаланишни англатмаса. Жаҳон бўйлаб бу нарса кўп учрайди, мен ўзим ҳам болалагимда ҳосил йиғишда иштирок этганман. Лекин албатта Ўзбекистондаги воқелик борасида фактлар менга номаълум, мен буни ўрганиб кўришим керак. Лекин мен аниқ айтишим керак, мен болалар меҳнатига қаршиман. Мендаги ҳозир бор маълумот Ўзбекистонда бу каби ҳол юз бермаётганлиги ҳақида. Мен ҳозирча аниқ билмайман, лекин ҳозирда бор маълумотим шу.

Би-би-си: Сиздан аввал Ўзбекистонга бориб маросимларда иштирок этган таниқли шахслар катта танқид остида қолгандилар, масалан Стинг. Бундан хабарингиз бормиди?

Ник Пауэлл: Йўқ, хабарим йўқ эди, мен юлдузлар ҳаётини акс эттирадиган журналларни ўқимайман. Интернетга кириб ҳам бирон нарса ўқиб кўрмадим, кетаётган минтақам қандай эканлигидан умуман хабарим йўқ эди. У ерда муаммоли масалалар борлигидан фақатгина у ерга бориб, бошқалар билан гаплашганимдан сўнггина хабар топдим.

Би-би-си: Мана энди озгина хабар топибсиз, бу сафарингиз сизнинг Британия филм саноатидаги таниқли шахс сифатида тутган ўрнингизга рахна солади, деб ўйлайсизми?

Ник Пауэлл: Билмадим, ўйлашимча мен бу муаммолар ўта жиддий эканлигидан хабарсиз ҳолда содда ва гуноҳсиз бир қадам қўйган бўлсам керак. Бу мавжуд муаммоларни яхшилаб ўрганиб чиқишим керак, кўринишича бу нарсаларнинг икки томони бор. Фактларни ўрганиш керак, фактларни билмагунга қадар мен бу каби саволларга жавоб бера олайман.

Би-би-си: Сизнинг номингиздан диктаторлик режими, дея танилган ҳукумат вакиллари ўзлари учун обрў ортирришда фойдаланишганидан сўнг бу каби тадқиқотни олиб бориш бир қадар кеч деб ўйламайсизми?

Ник Пауэлл: Балким кечдир, лекин факт шуки, мен Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмасдим, муаммолар мавжудлигидан хабарим йўқ эди. Албатта буларни аввалдан билсам яхшироқ бўларди. Лекин нималар бўлаётганлигини ўрганиб чиқиш ҳеч қачон кеч бўлмаса керак.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.