Актёр Салмон Хон одам ўлдиришда айбланди

Image caption Салмон Хон ўз қимматбаҳо автомобилида ухлаб ётган одамлар устидан бостириб ўтиб кетган, дейилмоқда.

Мумбайдаги маҳкамада эълон қилинган айбловга мувофиқ, Салмон Хон автомашинасида одамларни бостириб, кейин воқеа жойидан қочиб қолган.

Аммо актёр ушбу айбномани рад этмоқда.

Қоралов тарафининг билдиришича, 2002 йили автоуловда кетаётган Салмон Хон автомобилини бир нонвойхона томонга қараб ҳайдаб, йўлакда ухлаб ётган одамларинг устидан босиб ўтиб кетади.

Ухлаб ётган беш киши турли жароҳат олади. Улар ичидан 38 яшар Нурулло Хон исмли киши эса ҳалок бўлади.

Бироқ шу пайтгача киноюлдузга "эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириб қўйган", деган айблов қўйилаётган эди.

Энди "эҳтиётсизлик" деган сўз олиб ташланмоқда ва "одам ўлдириб, воқеа жойидан қочиб қолганини" ифодаловчи айбловлар илгари сурилаётир.

Агар айбловлар исботланса, Салмон Хон 10 йилга озодлик маҳрум этилиши мумкин. Лекин ҳозир қўйилаётган айблов ҳам "қотиллик" сифатида таснифланмайди.

Салмон Хон Ҳиндистондан ташқарида ҳам жуда машҳур кино юлдузи ва саксондан зиёд фильмда суратга тушган.

Келиб чиқишидан афғон бўлган санъаткорни Ҳиндистонда "шум бола" деб ҳам аташади.

Ҳали 2006 йили ҳам "Қизил китоб"га кирган кийикни овлагани учун беш йилга ҳукм қилинган. Аммо бир ҳафта қамоқда ўтирган актёр кейин гаров эвазига озод этилганди.

Бир инсон ўлими билан тугаган воқеа бўйича кечаётган ҳозирги маҳкама жараёни ҳам қанча вақт давом этиши номаълум.

Бу каби машҳур шахслар аралашган маҳкамалар Ҳиндистонда баъзида узоқ йилларга ҳам чўзилади.

Маҳкаманинг кейинги жараёни 19 августда давом этади.