'Майли, болангизнинг исми Масиҳлигича қолсин'

Американинг Тенниси штати маҳкамаси бунга рухсат берган ва округ маҳкамасининг аввалги ҳукмини бекор қилган.

Шу ой бошида Кук округи маҳкамаси ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган Масиҳнинг исми Мартин, деб ўзгартирилсин деган қарорга келганди.

Ҳакам Лу-Анн Болью Масиҳ исми фақатгина Исо (а.с) пайғамбарга тегишли бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Округ ҳаками, акс ҳолда, кейинчалик исми туфайли асосан насронийлар яшовчи жамиятда болакайга қийин бўлиши мумкинлигини айтганди.

Бунинг ортидан, Масиҳнинг ота-онаси ҳакамнинг ҳукмидан шикоят этиб, Теннеси маҳкамасига чиқишганди.

Агар, Америкадаги масъул идораларнинг маълумотларига таянилса, ўтган йили мамлакатда 700 дан ортиқ чақалоққа Масиҳ исми берилган.

Худди шу йили Масиҳ ота-оналар ўртасида энг оммабоп бўлган исмлар рўйхатида 387-ўринни эгаллаган.

Аммо, аён бўлишича, ушбу исм сўнгги йилларда оммалашиб бормоқда.

Насронийликда Масиҳ нисбати Исо пайғамбарга нисбатан қўлланилади.

Яҳудийлар эса, ўзлари кутган қутқарувчини Масиҳ, деб аташади.

Агар, луғатга қаралса, "масиҳ" сўзи халоскор маънисини беради.

Ҳаммасига нима сабаб бўлганди?

Шу йил август ойида Масиҳнинг ота-онаси унинг шарифини ўзгартириш мақсадида маҳаллий маҳкамага мурожаат этишади.

Бунга бола кимнинг шарифида бўлиши кераклигига оид ота-онаси ўртасида келиб чиққан тортишув сабаб бўлади.

Ҳакам эса, уларнинг можаросини кўриб чиқиб, чақалоқнинг шарифи эмас, исми ўзгартирилиши лозим, деган тўхтамга келади.

Аммо унинг онаси Жализа хоним, "Ҳакам ўз диний қарашларидан келиб чиқиб, боламнинг исмини ўзгартиришга ҳақли эмас"лигини айтади.

Агар, унинг сўзларига қаралса, учинчи фарзандига Масиҳ исмини диний эътиқоди боис танламаган.

"Бу, шунчаки, бошқа болаларим - Микаҳ ва Мэйсоннинг исмларига уйқаш, жуда чиройли жаранглайди", деганди у.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича эса, штат маҳкамаси округ ҳакамининг ҳукми давлат ва черковнинг айролигини кўзда тутувчи АҚШ конституциясига зид, деган қарорга келган.

Ҳакам болага унинг аввалги исмини қайтариш, аммо отасининг шарифини бериб, Масиҳ Дэшон Маккалоу деб аташларини ҳукм қилган.

Ўзбекистонда қандай номлар урф бўлган?

Яқинда FactorName.ru веб сайти Ўзбекистонда чақалоқларга замонавий исмлар қўйиш урф бўлиб бораётгани ҳақида хабар берганди.

Сайт ёш йигитлар орасида энг оммабоп бўлган исмларни аниқлаш борасида тадқиқот олиб борган ташкилотларнинг хулосалари асосида бу каби тўхтамга келганлигини айтганди.

Агар, ана шу хабарга таянилса, Ўзбекистонда кўпчилик ота-она ўз ўғлига Сардор исмини қўйишни маъқул кўраркан.

Сайт келтирган маълумотларга кўра, янги туғилган ҳар қирқ чақалоқдан биттасига Сардор исми берилган.

Сардордан кейин ота-оналар орасида Бекзод, Достон, Шерзод, Бобур, Отабек, Алишер ва Рустам каби исмлар машҳур экан.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, фарзандларини Жасур, Нодир, Дилшод, Анвар, Жаҳонгир, Азиз, Ойбек, Жавоҳир ва Жамшид, деб аташни маъқул кўраётганлар ҳам оз эмас экан.

Аммо, айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам дунёнинг қолган аҳолиси мусулмон давлатлари каби Муҳаммад исми кенг тарқалган.

Ислом динида Аллоҳга сифат берилган номлар билан аталган ва аталаётган чақалоқлар ҳам кўп.

Аҳоли орасида эса, болага берилаётган исмнинг унинг қандай инсон бўлиб етишишига таъсир қилишига оид қараш кенг тарқалган.

Бу мавзуда батафсилроқ