Саудия Арабистони: Ислом динини ҳажв қилганлар 'даволанади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аён бўлишича, вазирликни бунга ўқувчилар исломий амалларнинг устидан кулишгани ва динга зид тушувчи мавзуларни муҳокама этишганига оид хабарлар ундаган.

Энди эса, вазирликнинг буйруғига биноан, мактаб мудирлари уларнинг "хулқ-атворларини тўғрилаш ва яшаш сирларини ўргатишлари" шарт бўлади.

Устига устак, "ҳажвчи" ўқувчиларнинг тарбияларини яхшилаш учун улар мажбурий жамоат ишларига ҳам жалб этилишади.

Хабар тафсилотларига кўра, шунда ҳам "таноблари тортилмаса", улар бир йилга таҳсилдан четлатилишади.

Фақат вазирлик вакиллари "яхши бола" бўлишганини кўриб, ишонч ҳосил қилишгандан сўнггина мактабга қайтишлари мумкин бўлади.

Бу каби жазо чораларидан айрим ўқитувчиларнинг бошлари кўкка ҳам етибди.

"Айрим толиблар намоз пайтида қиқир-қиқир кулишганини ўзим неча бор кўрганман. Жиддий жазога тортилишлари таҳдиди эса, уларга динни ҳурмат қилишни ўргатиб қўяди", - дейди шундай муаллимлардан бири Обид Мансур.

Унинг ҳамкасби Абдулла ат-Туркий эса, "ўқувчилар аксариятига глобализация жараёни таъсир қилаётгани ва улар ҳам Ғарбда кўрган, эшитганларига тақлид қилиш иштиёқига тушиб қолишгани"ни таъкидлайди.

Мазкур хабар эса, одамлар орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Ушбу хабар остида қолдирилган изоҳларда кимдир жазо чораларини дастаклаган бўлса, бошқаси танқид остига олган.

Жидда шаҳридан бир америкалик мусулмон ўқитувчининг шикоят қилишича, "ўқувчилари соқолини мазах қилиб, ўзини "Бин Лодин", деб чақиришган.

Ўз изоҳи билан ўртоқлашган бошқа бир ўқувчи эса, бу каби жазо чоралари ожизлик белгиси эмасмикан, дея мулоҳаза юритган.

"Ахир биз алал-оқибат тоқатли ва одамлар нима дейишидан қатъиназар, ўз эътиқодида собит одамлармиз-ку, ахир", - дейди у.

(Мақола Би-би-си Мониторинг хабарлари асосида тайёрланди).