Адабиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Дорис Лессинг вафот этди

Image caption Дорис Лессинг Нобел мукофоти билан тақдирланган энг кекса адиба бўлган.

Британиялик ёзувчи Дорис Лессинг 94 ёшида Лондондаги уйида вафот этган.

Лессинг хоним ўлими ҳақида унинг ношири Харпер Коллинс хабар қилган.

"У бугун тонгги соатларда Лондондаги уйида осойишта кўз юмди", дейилади ношир баёнотида.

Дорис Лессинг Нобел мукофоти билан 2007 йилда тақдирланган эди.

У адабиётга қўшган ҳиссаси учун мукофотланган энг кекса адиб бўлган.

Юксак мукофотга сазовор топилган йили Лессинг хоним 88 ёшда бўлган.

Нобел қўмитаси Дорис Лессингнинг 60 йиллик ижоди учун тақдирлашга қарор қилганини эълон қилган.

Лессинг хонимнинг "Олтин кундалик", "Омон қолган кишининг кундаликлари" ва "Намозшомдан олдинги ёз" асарлари жаҳон китобхонларига яхши танилган.

Дорис Лессинг 1919 йилда Эронда туғилган.

Олти ёшида оиласи Африканинг ўша пайтда Родезия деб аталган мамлакатига кўчиб ўтади.

Лессинг хоним ҳозирги номи Зимбабве бўлган Родезиядан Англияга 1949 йилда келади.

Орадан бир йил ўтганидан сўнг Дорис Лессингнинг "Майса куйламоқда" романи чоп этилади.

1962 йилда энг машҳур бўлган "Олтин кундалик" романи эълон қилинган.

Ушбу асаридан сўнг кўпчилик Лессингни аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги учун курашувчи феминист ижодкор сифатида қабул қилди.

Бироқ Лессинг хонимнинг ўзи ушбу даъволарни рад этган.

Ёзувчи асарларининг аксари таржимаи ҳол мазмунидаги асарлар бўлиб, уларда Африкадаги ижтимоий ва сиёсий курашлар, руҳий изтироблар, маданиятлар тўқнашуви ҳақида, колонизаторлар ва қора танлилар ўртасидаги муносабатлар тўғрисида ҳикоя қилинади.

Дорис Лессинг асарлари адабиёт бўйича Букер мукофотига 1971, 1981, ва 1985 йилларда илгари сурилган, бироқ ғолиб бўлмаган.

Нобель мукофотига ҳам Дорис Лессинг номзоди бундан олдин уч марта илгари сурилган.

2007 йили 11 октябр куни Швеция Фанлар академиясидан ўзларининг Нобел мукофоти борасидаги қарори ҳақида маълум қилиш учун Лессинг хонимнинг уйига қўнғироқ қилиб, уни топишолмаган.

Телефонда Нобел мукофоти совриндорининг бозор-ўчарга чиқиб кетганини айтишган.