Қозон шаҳрида "Кумуш Қуръон" деб номланган кўргазма очилди

Бу кўргазмада "Ҳазрати Усмон Мусҳафи" деб аталадиган энг қадимги Қуръондан олинган кумуш нусхалар намойиш қилинади.

Кўргазма ташкилотчилари хабар қилишларича, "Кумуш Қуръон"нинг бир саҳифасини Президент Путин 75 йиллик юбилейига Президент Ислом Каримовга совға қилган.

Кўргазма ва Қуръоннинг кумуш нусхалари ҳақида Қозондаги Исломий Маданият музейи раҳбари Нурия Гараева Би-би-сига гапириб берди.

Нурия Гараева: Бу 8-асрдаги Усмон Қуръони қўлёзмасидан олинган нусха. "Кумуш Қуръон" Россия Фанлар Академиясининг Петербургдаги Шарқшунослик қўлёзмалари тўпламида сақланаётган Усмон Мусҳафи нусхасидан олинган. Бу қўлёзма тўлиқ эмас, унда Қуръоннинг деярли 50 фоизи сақланган. Қўлёзма 81 саҳифадан иборат. Унинг ҳар бир саҳифасидан икки кумуш нусха ясалган. Мутахассислар бу қўлёзма жуда ҳам яхши сақланганини айтишади. Ушбу қўлёзма дунёдаги шу бугунгача сақланиб қолган энг қадимги Қуръондан бири ҳисобланади. Бундай қўлёзмалар бутун жаҳонда 5 ёки 7 та сақланиб қолган. Петербургдаги Қуръон қўлёзмаси шуниси билан машҳурки, бундан олдин бу қўлёзмадан олтин нусха олинган. У "Олтин Қуръон" деб номланган. Заргарлик нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, кумуш пластинкага ҳарфлар зарб берилган. Қалинлиги 0,3 миллиметр бўлган кумушга россиялик заргарлар нафақат Қуръон саҳифасидаги ҳарфларни, балки ўша бетдаги барча безакларни, доғларни кўчиришга муваффақ бўлганлар. "Кумуш Қуръон"нинг эътиборли жиҳати, саҳифадаги ҳарфларнинг қалинлиги, кумуш пластинканинг ўзидан уч баравар қалин қилиб ишланган. Бу "Кумуш Қуръон"нинг илк кўргазмаси. Бундан олдин "Кумуўш Қуръон" Остонадаги улкан "Ҳазрати Султон" масжиди учун сотиб олинган эди. 2010 йилда Дмитрий Медведев Қатар Амирига ҳадя қилган. Ва Президент Путин Президент Ислом Каримовнинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан "Кумуш "Қуръон"нинг бир саҳифаси совға қилган.

Би-би-си: Ҳозир Қозондаги кўргазмада 162 та кумуш саҳифа намойиш қилинаяптими?

Нурия Гараева: Ҳа, Қуръоннинг барча саҳифалари - 162 та бет намойишга қўйилган. Шуни айтиш керакки, "Кумуш Қуръон" нусха олинган Усмон Қуръонининг бир қисми Ўзбекистонда сақланади.

Бу мавзуда батафсилроқ