Дунёнинг энг кўп темир-тақали одами Дубайга қўйилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дубай аэропортидаги ҳодиса баданига тақиб олган темир-тақаларининг сони бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига кирган олмониялик Рольф Бухгольц билан юз берган.

Ўзининг ташқи қиёфаси билан ҳар қандай кишини ҳайрону лол қолдириши табиий бўлган рекордчи тунги клублардан биридаги шоуда иштирок этиш учун Дубайга борган.

Хабарларга кўра, 53 ёшли Бухгольцга, ҳатто, меҳмонхонага боришига ҳам изн беришмаган.

Истанбулга учаётган биринчи учоққа миндириб, аэропортнинг ўзиданоқ ортга қайтариб юборишган.

Рольф Бухгольцнинг танаси 453 еридан тешилган:

Унинг лабига 94, қошларига 25 ва бурнига 8 та халқа тақилган.

Булардан ташқари, танасининг ўнлаб ерига темир-тақа илиб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Баданининг энг нозик ерлари ҳам бу каби безакларга тўлиб кетгани айтилади.

Устига устак, жаноб Бухгольц бошига ҳам иккита сунъий шох ўрнаттириб олган.

Хабарларга кўра, Дубай аэропорти ходимлари ўз хатти-ҳаракатлари юзасидан расман изоҳ беришмаган.

Олмониялик рекордчи, кейинчалик, бунинг сабабини ўз Твиттер аккаунтида билдириб ўтган.

Унинг ёзишича, "Дубай аэропортининг миграция ходимлари ўзини "ёвуз афсунгар", деб ўйлашган.

Рольф Бухгольцнинг твитидан аён бўлишича, юклари ҳам Дубай аэропортида йўқолиб қолган ва ҳануз уларнинг дараги йўқ.

Жаноб Бухгольц бошига тушган шунча кўргуликлардан кейин, Дубайга қайтиб қадам босмаслигини айтмоқда.

Уни шоуга таклиф қилган Cirque Le Soir тунги клуби эса, меҳмонларини Дубайга киритиш учун бор имкониятларини ишга солишгани, аммо қўлларидан ҳеч нарса келмаганини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ