Фаранг ёзувчиси: “Қуръон мутолаасидан кейин Исломга муносабатим ўзгарди”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Таслим" романида Франса "исломлашади"...

Би-би-сининг Париждаги мухбири Ҳю Скофэлднинг хабар беришича, Франсани исломлашган бир мамлакат ўлароқ таснифлаган романнинг нашр этилиши қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Бу романда ҳикоя қилишинича, гўё Франсадаги университетларда Қуръон ўқитилади, аёллар ҳижобга кирган ва кўпхотинлилик қонуний бўлади.

2022 йилда Франсанинг дунёвий тузуми тобора инқирозга учраб боради ва мусулмонлар партиясининг раҳбари мамлакатнинг янги президенти этиб сайланади.

Хотин-қизларнинг ўз ишларини ташлаб, уйда ўтиришлари рағбатлантирилади, натижада эса ишсизлар сони озаяди.

Ҳижоб бу жамиятда меъёрга айланади, кўпхотинлилик ҳақида қонун қабул қилинади.

Университетларда эса Қуръондан сабоқ бериш мажбурий бўлади.

Исломдан “олабўжи” ясашми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Франса мусулмонлари...ғалаба қилмоқдами?

Тобора жонсизлашаётган ва зино ботқоғига ботган франсаликлар ниҳоят янги Исломий Франсани қабул қилишади.

Ана шу баҳсталаб ва айрим нуқталарда, танқидчиларга кўра, фитнакор мавзу бугун мамлакатда энг таниқли деб саналган фаранг ёзувчиси Мишел Велбек (Michel Houellebecq) янги романи марказидадир.

“Таслим” (Soumission) бугун сотувга чиқарилган, аммо бу роман бир ҳафтадан бери баҳсу-мунозаралар марказида қолмоқда.

Аммо бу китоб адабиёт номи билан Исломдан “олабўжи” ясашми?

Ёки Велбек фақат бир адабиётчи ўлароқ ўз ишини қилмоқда холосми?

Яъни, дунёга кўзгу тутиб, эҳтимол озгина бўрттириш билан ҳақиқатларни ошкор қилаётгандир балки?..

Бу масалада қутблашган баҳслар авжига чиқмоқда, чунки айни замонда Франсада Ислом ва ўзлик масаласи миллий мунозарага айланиб улгурган.

Миллатчиларнинг муваффақияти

Ўтган йил аксилмуҳожирлиги билан ном қозонган Миллий Жабҳа илк бор Оврўпо парламентига сайловларда ғалаба қилди.

Миллий Жабҳа раҳбари Марин Ли Пен 2017 йилги сайловда жиддий рақибга айланадиган кўринади...

Романда эса... айнан шу Ле Пендан узоқлашиш истагида бўлган ўртайўл партиялар янги, истараси иссиқ сиёсатчи Муҳаммад Бен Аббесни қўллаб-қувватлашади.

Бу романнинг муваффақияти бошқа бир асар билан боғлиқ...

Ўнг қанот журналист Эрик Земмурнинг “Франса суиқасди” номли романида янги, ўзига ишонган Ислом қаршисида мамлакатнинг аҳлоқан таслим бўлиши таърифланади.

Велбекнинг танқидчилари эса у ўз романи билан у Земмур ва “нео-реакционер”ларнинг ақидасини дастакламоқда дейишмоқда.

Liberation сўл қанот газетаси Велбекни “Марин Ле Пенни дастаклашда” айблади.

Телевизион журналист Али Бадду эса “бу китоб менинг кўнглимни айнитди. Мен ўзимни кимдир ҳақорат қилгандай ҳис қилдим. Қаранг, янги йил таниқли фаранг ёзувчисининг Исломни ёмонотлиқ қиладиган романи билан бошланмоқда”, деб айтди.

'Динларнинг энг жўни'?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мишел Велбек:"Ортиқ худосиз эмасман..."

Велбек бир замонлар Исломни “динлар орасида энг аҳмоқонаси” деб атаганди.

Аммо бу романи билан иғвогарлик қилиш ниятида бўлмагани айтади.

Роман нашр этилишидан аввал суҳбатларининг бирида ёзувчи, Франса сиёсатини мусулмон партия ислоҳ қилиши мутлақо имконлидир деб айтди.

Аммо “эҳтимол, вақтини сал эртароқ кўрсатгандирман”, деди у.

"Мен ўзимни бир мусулмон ўрнига қўйиб кўрдим...Шунда уларнинг нақадар шизофренияга яқин бир ҳолатда қолишганини тушуниб етдим”, дейди Велбек Paris Review билан суҳбатида...

Унга кўра, мусулмонлар анъанадорлар ўлароқ социалистлардан ҳам узоқлашмоқда, чунки улар бесоқолбозларнинг оила қуришига рухсат беришди...бошқа тарафдан эса, ўнг қанот сиёсатчилар ҳам уларни қабул қилмаяпти...

"Мусулмон сайловда қатнашаман деса...кимга овоз беради? Ким унинг манфаатларини ҳимоя қилади, бу имконсиз бир ҳолатга айланди”, дейди ёзувчи.

"Ортиқ худосиз эмасман"

Қизиғи шуки, Мишел Велбек ўз суҳбатларида диннинг жамиятга қайтиб келаётганини олқишлашини айтади.

У ўзининг ортиқ худосиз эмаслиги ва ҳатто Ислом ҳозирги экзестенциал бўшлиқдан кўра яхшироқ эканини урғулайди.

"Алал-оқибатда Қуръон мен ўйлаганимдан кўра яхшироқ экан... Мен ўқиб чиқдим”, дейди ёзувчи ўз суҳбатида.

"Табиийки, диний китоблар талқинлар учун очиқ бўлади, аммо сидқидилдан ўқиб кўрсангиз, жиҳод номи билан тажовуз қилиш оқланмайди, ибодат қилиш қанчалар муҳим эканини кўрасиз...Шунинг учун ҳам мен ўз фикримни ўзгартирдим”.

"Шунинг учун мен қўрққанимдан ёзмадим бу асарни... Мен бу йўлда биз қайтага келишувга эришишимиз мумкин деб ўйладим. Албатта, феминистлар билан қийин бўлади, очиғини айтсак...Аммо бошқа кўплаб одамлар бу келишувни дастаклашади”.

Велбекнинг романи қаҳрамони Франсуа асар охирида ана шундай “келишувга” эришади. Исломлашган Сорбонна университетида сабоқ бериш учун ишга қайтишга рози бўлади. Франсуа ўзига ваъда қилинган яхшигина ойлик ва бир неча хотин олиш имкониятига ... кўз юмолмайди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002