Амир Хон: 'Рамазон ойи вақтимни тоат-ибодатда ўтказаман'

Муқаддас Рамазон ойи бошланаркан, мусулмонлар уззу кун еб-ичишдан тийилиш билан бирга одатдагидан кўпроқ тоат-ибодат қилишга ва ночорлар ҳақида ҳар доимгидан кўпроқ ўйлашга ҳаракат қиладилар.

Шунингдек, улар ўзларининг ёмон одатларидан воз кечадилар, ҳам руҳан ва ҳам жисмонан покланишга уринадилар.

Рамазон ойи оила ва дўстлар даврасида кўпроқ бўлишни ҳам англатади.

Рўзадорлар орасида бокс бўйича Олимпиада ғолиби Амир Хон ҳам бор.

Энди кундалик 3000 калорияни 5 марта овқатланишдан оладиган боксчи энди 2 маҳал тановвул билан чекланади.

Би-би-сига эксклюзив суҳбат берган Амир Хон Рамазон ойи ўзи учун нимани англатиши ҳақида гапирган.

Амир Хон: Рамазон мен учун жуда муҳим, саккиз ёшимдан бери рўза тутаман. Рўза тутганимда, дунёдаги камбағал инсонлар қандай азоб чекишларини танамда ҳис қиламан. Уларнинг аҳволини тушунаман. Рамазонда кўпроқ ҳайрия ишлари билан банд бўламан. Чунки, Рамазон мухтожларга садақа беришга ундайди. Муқаддас ой дейилиши бежиз эмас, мен бу ойда вақтимни намоз, тоат-ибодат билан ўтказаман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Амир Хон: "Диний эътиқодим спортда менга жуда катта мадад беради".

Би-би-си: Кун бўйи овқат емаслик ва сув ичмаслик учун сиз ўзингизни руҳан тайёрлайсизми?

Албатта. Мен ўз иродамни синовдан ўтказаман. Бу вақтда нафақат ўзингизни егуликдан, балки сувдан тийишингиз керак. Умуман, оғзингизни ёпишингиз шарт. Мисол учун, мен буни бокс ўйини билан қиёслайман. Ўйин олди ўзимни руҳан тайёрлайман. Айниқса, маълум бир вазнда қолиш учун айрим овқатларни тановвул қила олмайман. Оч қолсам ҳам, барибир, олдимдаги мақсадга эришиш учун нафсимни тияман. Хуллас, ҳам руҳан ва ҳам жисмонан кучли бўлишга ҳаракат қиламан.

Би-би-си: Боксчи Амир Хон рўза пайти бошқа пайтлардагидан фарқли нималар истеъмол қилади?

Амир Хон: Оддий кунлар беш мартадан овқатланаман. Чунки, кун бўйи тренировкалар билан банд бўламан. Метаболизмим ишлаб туриши учун оз-оздан еб туришим керак. Одатий, рўза тутмаган кунларим мен кунига 3000 калориялик емак ейман. Чунки, жуда қаттиқ тренировка қилганим учун бир машқнинг ўзида 1500 калория йўқотаман. Рамазон ойида эса, мен бунча кўп калорияни тановул қила олмайман. Шунинг учун, мен тренировкаларимни кечқурун, еб-ичишга изн бериладиган пайти қилишга ҳаракат қиламан. Бироқ, ифторликда овқатларнинг ранг-баранглигига эмас, керакли миқдорда протеин ва керакли миқдорда бошқа озуқали нарсаларни тановвул қилиш кераклигини ўзимга эслатаман. Яъни, энг асосийси - мен соғлом овқатланиш тамойилларимдан воз кечмаслигим керак. Ва шуни айтишим керакки, диний эътиқодим спортда менга жуда катта мадад беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ