Шоирнинг онаси ҳақида шеър

Image caption Хуршид Даврон

BBCUZBEK Адабиёт: Шоир Хуршид Даврон Самарқанд вилоятига карашли Чордара қишлоғида туғилган. Ўнлаб китоблар муаллифи. Шоирнинг интернет кутубхонаси (http://kh-davron.uz/) Ўзбекистон адабиётининг асосий устунларидан бирига айланган.

*********************************************************************************************************************************************************

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Она келиб олис қишлоқдан

Ўғли билан яшай бошлади

Ва дастурхон ёзилган чоқда

Ширмой ноннинг четин тишлади.

Ювиб берди бир бозор кирни,

Сувлар қуйди сўлган гулларга.

Неваралар боғчадан қайтгач,

Эртак айтиб берди уларга.

Аммо, тунлар, хона бурчида

Суйган ўғли пичир-пичирлаб

Шеър ёзган пайт тутун ичида

Ўтирарди юрак ҳовучлаб,

Ўтирарди хавотир билан,

Қўрқар эди нафас олишга.

Хуррак тортиб қўймайин дея

Бош қўярди тонгда болишга.

Аммо бир кун мазаси қочиб,

Кўз олдида ёруғлик сўнди,

Қўлларидан тушиб кетди-ю,

Чил-чил бўлиб пиёла синди.

Ўша заҳот ҳушига қайтди,

Чайқаларди ўнгида олам.

У югуриб чиққан ўғлига

Шивирлади: "Кетайми, болам?"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter - BBCUZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEKFacebook- BBCUZBEKGoogle+ BBCUZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ