"Намунча сийладинг ўзни-ўғрини, намунча очкўзсан, одамий зоти!.."

Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж. Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

********************************************************************************************************************* ЗИКР

Яшайвер ўзингга ашаддий ёвдек,

улоқтир дўстларнинг ҳамд-лаънатларин.

Мен қаттиқ тупроқни қазган гўрковдек

чуқурроқ ковладим жоним қатларин.

Ковладим тирноғим чинқириғидан

кўзимдан потирлаб учди бойқушлар.

Қат-қабат товонимнинг йиртиғидан

ўқрайди ўзимдан чиққан худкушлар.

Жисмимни фароғат итлари еди,

азият излари ўчди юзимдан.

Мен ерда ётмоқни истайман энди,

бадарға қиламан ўзни ўзимдан.

Емоқдан толмади қирқ битта тишим

оламнинг назокат-неъматларини.

Мен қаро тупроқда қандай ётай жим

кўтариб балиқнинг лаънатларини.

Еллардан тингладим руҳлар зикрини,

чирқиллаб-чирқиллаб янграр фарёди:

"Намунча сийладинг ўзни-ўғрини,

намунча очкўзсан, одамий зоти!.."

Термулдим ўзимга илк бор номусдан,

намунча семирдинг? Бунча бахтлисан?!

Баногоҳ батамом кетибман ўздан,

бир фарёд ўрлабди жоним қатидан.

Қулабди муҳташам вужудим қасри,

боқсалар оддий бир махлуқдек нусха...

Мен ўзим билмайман, ким эдим асли -

оддий бир одамми? Оддий қумурсқа?..

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ