Набавий Масжид

Мусулмонларнинг Ер юзидаги иккинчи муқаддас масжидига барпо этилганидан 1440 йил ўтиб саёҳат

A view of the mosque

A view of the mosque

A view of the mosque

Мадинаи Мунавварадаги Набавий Масжид Ислом дунёсидаги иккинчи муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Унинг илк имоми Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В) бўлган ва ҳаётлигида масжид Ислом пайғамбарининг асосий қароргоҳи бўлиб хизмат қилган.

Ушбу масжид Араб Ярим оролида илк электр билан ёритилган бино ҳам ҳисобланади. Султон Ғолиб ал-Қуайтийнинг “Муқаддас шаҳарлар, зиёрат ва Ислом олами” деб номланган китобида ёзишича, Набавий Масжидга 1909 йили электр қуввати ўтказилган.

Масжид ички безатилиши ва ёритилиши

Масжид ички безатилиши ва ёритилиши

Масжид ички безатилиши ва ёритилиши

Маккадан ўша замонларда Ясриб деб номланган Мадинага ҳижратнинг биринчи йилида  Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В) барпо этган масжидни араб тилида Масжид Ан-Набавий - Наби, Пайғамбар масжиди деб атайдилар. Набавий Масжид Қуба масжидидан кейин қурилган Исломдаги иккинчи масжид деб кўрилади, деб ёзади Сафиурраҳмон ал-Мубаракфури ўзининг “Муҳрланган гулширалар” китобида.

Айрим исломий анъаналарда жаннат бўлаги дея таъриф берилган ички муҳитга эга улкан масжид ўнлаб асрлардан омон қолган, эски шаҳар сарҳадлари оша кенгайган.

Бугунда у миллиондан зиёд исломий ёдгорликлар, осори-атиқалар макони ҳам.

Набавий Масжиднинг субҳи содиқдаги осмондан кўриниши

Набавий Масжиднинг субҳи содиқдаги осмондан кўриниши

Набавий Масжиднинг субҳи содиқдаги осмондан кўриниши

Мусулмонларнинг ишонишларича, Набавий Масжидда ўқилган намоз Маккадаги Масжид-ул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган намоздан 1000 марта афзалдир.

Масжид ўз ичига Пайғамбар (С.А.В) ва икки содиқ сафдоши Абу Бакр (Р.А) ҳамда Умар(Р.А)нинг мақбаралари, Пайғамбарнинг бошқа хотинларининг уйлари ва Равза(маъноси Боғча)ни олган. Мақбараларнинг жойи Пайғамбар завжаси ва мусулмонлар онаси Ойша(Р.А)нинг хонаси бўлган. Асрлар оша масжид кенгайиши билан бу жойлар ҳаммаси бир мажмуанинг таркибига кириб кетган. 

Бухорийнинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисида Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В), “менинг уйим билан минбарим ўртаси Жаннат боғидан бири”, деб айтган.

Милодий 632 йили Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В)нинг уйига қўшни қилиб қурилган масжид 1441 йил мобайнида кўплаб қайта қуриш ва кенгайтиришларга юз тутган. Набавий Масжид тарихидаги энг йирик қайта қуриш Саудия Арабистони Подшоҳи Абдуллоҳ ибн Абдулазизнинг фармони билан бошланган ва ҳамон давом этмоқда.

Ушбу кенгайтириш йилига миллионлаб зиёратчини қабул қиладиган масжидда бир вақтнинг ўзида 1,8 миллион намозхоннинг намоз ўқишига шароит яратиши айтилади.

Катталиги

Замонавий Ислом тафаккури институти(Institute of Contemporary Islamic Thought) журналида нашр қилинган Зафар Бангашнинг “Масжид ал-Набавий ва Яшил гумбазнинг тарихи” мақоласида ёзилишича, бошида масжиднинг ўлчами 29,8 метрга 35 метр бўлган.

Вақт ўтган сайин бутун дунёдан келаётган зиёратчиларни сиғдириши учун қайта ва қайта масжид ҳудуди кенгайтириб борилаверган. Чунки Набавий Масжид мусулмон киши узоқ йўл босиб, ҳаётида ҳеч бўлмаса бир марта намоз ўқишга чақирилган Ислом оламидаги уч масжиддан биридир.

Профессор Спаҳик Омернинг “Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В) ва Мадинанинг урбанизацияси” тадқиқотида ёзишича, бугунги кунга келиб масжид ўзининг илк ҳажмидан 100 марта катталашган ва ўша пайтдаги шаҳарнинг деярли бор ҳудудини қамраб олган.

Ҳозир масжиднинг девори Жаннат-ул Боқий қабристонига туташ келиб қолган, бундан 1400 йил олдин қабристон шаҳар ташқарисида бўлган, деб ёзади Доктор Муҳаммад Вожид Ахтар ўзининг “Пайғамбар масжиди ҳақида сиз билмаган 9 нарса” китобида.

Ҳозир давом этаётган қайта қуриш ишларини бошлашга Подшоҳ Абдуллоҳ 2012 йилда буйруқ берган эди, ниҳоясига етиши билан қарийб икки миллион намозхонни сиғдира олади.

Саудия Арабистони Молия вазири Иброҳим ал-Ассафнинг сўзларига кўра, бинонинг ичкариси 1060 X 580 метр бўлиб, жами 614800 квадрат метрни ташкил этади. Масжид ва унга туташ жами ҳудуд эса 1020500 квадрат метр (1300 X 785) бўлиб, бино ичкарисида 1 миллион, ҳовлида 800 минг намозхонни сиғдира олади.

Arab Newsнинг Масжид-ул Ҳаром ва Масжид-ал Набавий Бош президентлиги воизи Шайх Абдулвоҳид ал-Ҳаттобдан иқтибос келтиришича, Подшоҳ Абдуллоҳ масжид ҳовлисида 250 та очилиб ёпиладиган улкан соябонни ўрнатишга фармон берган, улар 143000 квадрат метрни қоплаб олади. Икки хил баландликда ўрнатиладиган автомат чодирлар қуёш нурлари ва ёмғирдан намозхонларни пана қилади. Шайх Ҳаттобнинг сўзларига кўра, масжид фаррошларининг сони 3200 кишини ташкил қилади.

Масжидни кенгайтириш ишларини уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Дастлабки босқичдаги кенгайтириш 800 минг намозхон учун жой очишни кўзлайди. Иккинчи ва учинчи босқичлар яна 1,2 миллион намозхон учун шароит барпо этади. Ушбу қайта қуриш ишларини 2040 йилга бориб якунига етказиш мўлжалланган. 

Some Minarets and Domes

Теварак атроф

Набавий Масжид атрофини айрим йирик бино ва иншоотлар қуршаб олган. Улар орасида тарихий Жаннат-ул Боқий  қабристони ҳам бор. Ҳозирга келиб Пайғамбарнинг юзлаб сафдошлари дафн этилган қабристонга масжиднинг ғарбий девори туташ келиб қолган.

Шунингдек, масжид ёнида Саудия ҳукуматининг қатор давлат идоралари, тиббиёт масканлари, ҳашаматли меҳмонхоналар ва савдо марказлари жойлашган, йирик автомобил йўллари ўтган.

Жаннат-ул Боқий  қабристони

Жаннат-ул Боқий қабристони

Масжид атрофини ўраб олган айрим бинолар

Масжид атрофини ўраб олган айрим бинолар

ва айрим қўшни бинолар

ва айрим қўшни бинолар

Жаннат-ул Боқий  қабристони

Жаннат-ул Боқий қабристони

Масжид атрофини ўраб олган айрим бинолар

Масжид атрофини ўраб олган айрим бинолар

ва айрим қўшни бинолар

ва айрим қўшни бинолар

Муҳофаза

Масжид ал-Набавийнинг ҳам, Масжид-ул Ҳаромнинг маъмурияти ҳам бир ташкилот:  Масжид-ул Ҳаром ва Набавий Масжид Бош Агентлиги.

Масжид посбонлиги подшоҳ саройининг қатъий масъулияти этиб белгиланган. Саудия подшоси икки масжид посбони ҳисобланади, у ўзини “икки муқаддас масжиднинг ходими” дея тақдим этади.

Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) ушбу масжиднинг биринчи имоми бўлган. У бу дунёни тарк этганидан кейин сафдошлари ва кейинги авлод вакиллари орасидан имомлар тайинланган.

Табиийки, Пайғамбар(С.А.В)нинг ноиби бўлмаган. Аммо баъзан у энг яқин дўсти Абу Бакр(Р.А)га жамоатга имомлик қилишни буюрган. Бир марта Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) масжидга кирганларида Абу Бакр(Р.А) имомлик қилаётган бўлган. Пайғамбарни кўрган имом орқадаги сафга чекинган ва Аллоҳ Расули намозни давом эттирган.

Пайғамбар Алайҳиссалом бу дунёни тарк этганидан кейин Абу Бакр(Р.А) биринчи халифа ва Мадина имоми бўлди. Орадан вақт ўтиб Набавий Масжид имомларининг сони кўпайди. Ҳозирги кунда Шайх Абдул Раҳмон ал-Ҳузайфий Набавий Масжиднинг Бош Имоми ҳисобланади.

Шу йил 11 октябрида Саудия Арабистони ҳукумати имомлар рўйхатига яна икки доимий имом қўшилиши ҳақида эълон қилди. Бири Шайх Аҳмад Хузайфий, бош имомнинг ўғли ва Шайх Холид ал-Муҳанна.

Бошқа имомлар ҳам масжиддаги намозга етакчилик қиладилар. Айниқса, Таҳажжуд (Ярим тундан кейинги) намозларида ёрдамчи имомлар кўпроқ керак бўлади.

Sheik Abdul Rahman Al-huthaifiy lead Imam, Madina mosque

Доктор Зарева маълумотлари ва Набавий Масжиднинг Имомлар ва Муаззинлар ҳафталик жадвали асосида имомлар исм-шарифлари билан танишиш мумкин:

1. Шайх Абдул Раҳмон ал-Ҳузайфий.

2. Шайх Абдул Борий ас-Субайтий.

3. Шайх Салоҳ Будайр.

4. Шайх Абдуллоҳ Буайжаан.

5. Шайх Аҳмад ал-Ҳузайфий.

6. Шайх Аҳмад Талеб Ҳамид.

7. Шайх Ҳуссайн аал-Шайх.

8. Шайх Имод Зуҳайр Ҳафиз.

9. Шайх Холид ал-Муҳанна.

    Муаззинлар (Намозга азон айтиб чақирувчилар)

    Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) томонидан масжидга илк муаззин этиб тайинланган инсон Билол ибн Рабоҳ(Р.А) бўлган.

    Ривоят қилинишича, ансорлардан бири Абдуллоҳ ибн Зайд тушида азон айтиб намозга чақирилаётганини кўради ва ўзининг туши ҳақида Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В)га айтиб беради. Шундан сўнг Пайғамбар овози бошқаларникига нисбатан баланд бўлгани учун Билолга азонни ўргатишга буюрган.

    Ҳозирги вақтда масжиднинг 17 доимий муаззини бор, деб айтган Набавий Масжиднинг бош муаззини Шайх Абдул Раҳмон Хашогжи “Ар-Риёд» рўзномасига.

    Ҳар куни уч муаззин Мукаббарияда алмашадилар. Мукаббария муаззинлар азон чақирадиган ва имомнинг намоздаги такбирларини овоз чиқариб такрорлаб бошқа намозхонларга эшиттириб турадиган жойдир. 

    Ҳозирги пайтдаги Набавий Масжидининг муаззинлари қуйидагилардир:

    1. Шайх Абдул Мажид Сурайҳий.

    2. Шайх Абдул Раҳмон Қошиқчи.

    3. Шайх Абдул Ҳаттоб ал-Ҳунайний.

    4. Шайх Одил Котиб.

    5. Шайх Аҳмад Офифий.

    6. Шайх Аҳмад Ансорий.

    7. Шайх Анас Шариф.

    8. Шайх Ашраф Офифий.

    9. Шайх Эсам Бухорий.

    10. Шайх Файсал Нўъмон.

    11. Шайх Ҳассан Қошиқчи.

    12. Шайх Ияд Шукрий.

    13. Шайх Маҳдий Борий.

    14. Шайх Муҳаммад Мажид Ҳаким.

    15. Шайх Муҳаммад Қассас.

    16. Шайх Самий Девалий.

    17. Шайх Сауд Бухорий.

    18. Шайх Умар Камол.

    19. Шайх Умар Сунбул.

    20. Шайх Усома Аҳзор.

    Илк бор

    Исломий тарихий манбаларга кўра,  Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) Мадина шаҳрига келганидан кейин хурмо қуритиш учун фойдаланилаётган ерни икки етим – Саҳл ва Суҳайлдан 10 динорга сотиб олади. Бу жой пайғамбарнинг туяси келиб чўккан Мадинадаги илк жой эди.

    Масжиднинг тош пойдевори устига пахса девор қуриш ишларида Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В)нинг шахсан ўзи иштирок этган. Масжиднинг томи палма танаси поялари ва барглари билан ёпилган.

    Масжид ўша пайтда Қибла ҳисобланган жанубдаги Масжид ал-Ақсога юзланган ва уч эшиги бўлган. Масжиднинг орқа томонида камбағал ва мусофирларга бошпана бўлиши учун “Ас-Суффа” деб номланган соя-салқин жой ҳам бўлган.

    Қибла йўналиши Каъба томонга ўзгартирилганидан кейин намозда саждага бориладиган томон ҳам ўзгартирилган. Масжиднинг орқа эшиклар жойлари ҳам алмашган.

    Сафдошлари Пайғамбар(С.А.В)дан масжид томини лой билан ёпишни сўрашганида, у рад этиб, шундай деган: "Йўқ, Мусоникидек шийпон бўлсин ". Масжиднинг поли уч йилгача ҳеч нарса билан қопланмаган.

    Масжиднинг бугунги воизи айтишича, "бошида ҳажми 1050 квадрат метрни ташкил этган. Ҳижратнинг еттинчи йили Пайғамбар (С.А.В) буйруғи билан 1425 квадрат метрга кенгайтирилган”.

    Соябон чодирлари бири иккинчисининг устини ёпади

    Соябон чодирлари бири иккинчисининг устини ёпади

    Соябон чодирлари бири иккинчисининг устини ёпади

    Пайғамбар(С.А.В) мақбараси зиёратчилари

    Пайғамбар(С.А.В) мақбараси зиёратчилари

    Пайғамбар(С.А.В) мақбараси зиёратчилари

    Пайғамбарларнинг уйлари

    Масжидга қўшни ва Аллоҳ пайғамбари бу дунёни тарк этган хона завжаси Ойиша(Р.А)нинг ҳужраси бўлган.

    Тарихий манбаларга кўра, Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) бу дунёни тарк этганида сафдошлари дафн этиш учун энг яхши жойни қидира бошлайдилар. Шунда Абу Бакр(Р.А) Аллоҳ пайғамбарининг, пайғамбарларнинг жонини Аллоҳ қаерда олса, ўша жойда дафн этилишлари керак, деган гапини эслатади.

    Шунинг учун ҳам у дафн қилинган жой аслида завжаси Ойиша(Р.А)нинг ҳужрасидир.

    Биринчи Халифа Абу Бакр бетоб бўлиб қолганида Ойиша(Р.А)дан Аллоҳ пайғамбарининг ёнида дафн этилишига рухсат сўрайди, Ойиша(Р.А) розилик берган.

    Халифа Умар (Р.А) ҳам шундай қилган. Мусулмонларнинг онаси ва Абу Бакр(Р.А)нинг қизи Ойиша(Р.А) ўзининг ҳужрасида Пайғамбар(С.А.В)(турмуш ўртоғи) ва Абу Бакр(Р.А)(отаси)нинг қабри ёнида ҳазрат Умар(Р.А)нинг жасади дафн этилишига рози бўлади. 

    Аммо асрлар давомидаги кенгайтиришлар натижасида мақбаралар жойлашган хона ва унга қўшни бўлган бошқа бинолар масжидга бирлашиб кетган. Машҳур Яшил Гумбаз ушбу бўлма устига барпо этилган.

    Бетакрор гўзаллик

    Набавий Масжид панорамаси

    Набавий Масжид панорамаси

    Набавий Масжид панорамаси

    Муҳташам меъморчилик, технология ва аниқлик уйғунлигида қад кўтарган ушбу бинодаги ҳар бир унсур муболағасиз узоқ-узоқлардан ҳам масжид буюклигини таъкидлаб туради.

    Улкан масжид гўзаллиги унинг ҳам ички, ҳам ташқарисидаги меъморчилиги, технологияси, бошқаруви ва самарадорлигига сингиб кетган кўринади.

    Ташқи ҳовлидан тортиб ички деворларигача, бино томигача безатилган кўзни қамаштирадиган нақшларнинг ҳаммасини таърифлаб беришга тил ожиз. Нақшларнинг ҳажми, бўйи, гумбазлар, миноралар, томлар, чодирлар, чироқ ва овоз кучайтириш тизимлари, ҳавони салқинлатиш ва одамларга қулайлик яратиш воситалари, деворлар ва пол, эшиклар ва зинапоялар, устунлар ва ҳатто гиламлар – масжид таркиб топган ҳамма нарсанинг сифатини айтиб бериш мушкул. 

    Масжиддаги кичик гумбазлар

    Масжиддаги кичик гумбазлар

    Масжиддаги кичик гумбазлар

    Набавий Масжид ишлари воизи Шайх Абдулвоҳид ал-Ҳаттобнинг айтишича, масжид ичкариси ва ҳовлисидаги устунларга 250 автомат соябон ўрнатилган. Соябонлар намозхонларни ёғингарчилик ва жазирамадан ҳимоя қилади. Ичига сув қувури ҳам ўрнатилган очилиб-ёпиладиган соябонлар жами 143 квадрат метрни қоплайди, 800 намозхонни ёмғир ва қуёш иссиғидан пана қилади.

    Дарвозалар

    Икки муқаддас масжид бошқаруви агентлиги тақдим этган меъморчилик харитасида Набавий масжиднинг 41 йирик дарвозаси борлигини кўриш мумкин. Ҳар бир дарвоза устида Қуръони Карим Ҳижр сурасининг “У(жаннатлар)га тинчлик, омонлик ила киринглар” ояти ёзилган. Шайх ал-Ҳаттобнинг айтишича, жами эшикларнинг сони 85 тани ташкил этади.

    Айрим дарвозаларнинг бир эшиги, айримларининг икки, уч ва ҳатто беш эшиги бор. Бунга қўшимча, элеваторлар одамларни биринчи қаватга, ҳовлига ва томга олиб чиқади.

    Саудия Арабистони Мадинадаги Набавий Масжид Бош агентлиги тақдим этган харитага кўра дарвозалар қуйидагича номланади:

    ·        Бобиссалом ёки Ассалом  дарвозаси

    ·        Абу Бакр Сиддиқ дарвозаси

    ·        Боби раҳма

    ·        Ҳижрат дарвозаси

    ·        Қуба дарвозаси

    ·        Ал-малик Сауд дарвозаси

    ·        Имом ал-Бухорий дарвозаси

    ·        Ал-Ақиқ дарвозаси

    ·       Султон Абдулмажид дарвозаси

    ·       Умар ибн Ҳаттоб дарвозаси

    ·        Бадр дарвозаси

    ·       Ал-малик Фаҳд дарвозаси

    ·        Уҳуд дарвозаси

    ·        Усмон ибн Аффон дарвозаси

    ·        Али ибн Абу Толиб дарвозаси

    ·        Абу Зар дарвозаси

    ·        Имом Муслим дарвозаси

    ·        Ал-малик Абдулазиз дарвозаси

    ·        Макка дарвозаси

    ·        Билол дарвозаси

    ·        Нисо дарвозаси

    ·        Жаброил алайҳиссалом дарвозаси

    ·        Ал-Боқий дарвозаси

    ·        Ал-Анаиз дарвозаси

    ·        Ал-Аимма дарвозаси    

    One of the gates with three doors

    Масжиднинг кенгайтирилиши

    Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) Ҳижратнинг биринчи йилида барпо этган масжиднинг илк ҳажми 1050 квадрат метр бўлган, дейди Саудия Арабистони Масжидул Ҳаром ва Набавий масжид Бош агентлиги.   

    Бош агентлик воизи Ал-Ҳаттобнинг айтишича, Ҳижратнинг еттинчи йилида Ҳайбардан қайтганидан кейин Пайғамбар(С.А.В) масжидни кенгайтиришга фармон беради. Кенгайтирилганидан кейин унинг ҳудуди 1425 квадрат метрга етган.

    Асрлар оша масжидда қайта қуришлар, таъмирлаш ва кенгайтиришлар амалга оширилган. Илк бор Халифа Умар(Р.А), сўнг Халифа Умар(Р.А), кейин Умавийлар, Умавийлар ортидан Аббосийлар, кейин эса Усмонлилар, ХХ асрга келиб Саудийлар кўп бора Набавий Масжидни қайта қурганлар.

    Мадина шаҳри мусулмолари сонининг ортиб бориши ва масжид фазилатлари турли даврларда унинг кенгайишига туртки бўлган омиллардан бўлган. Бунда Набавий Масжидда ўқилган намоз Маккадаги Масжид-ул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган намозлардан минг марта афзал экани ҳақидаги ҳадис муҳим омил ўйнаган.   

    Бунга қўшимча дунё мусулмонларининг узоқ йўл босиб зиёрат қилишларига даъват қилинган уч масжид орасида Набавий Масжиднинг ҳам борлиги ва ҳар йилги Ҳаж ва Умра зиёратлари мавсумида миллионлаб мусулмонлар Мадинаи Мунавварага отланишлари инобатга олинган.

    Доктор Зарева Халифа Умар(Р.А)нинг агар масжиднинг пойдеворига тегиб турган бўлса, унинг деворини Суриягача бўлса ҳам кенгайтиришнинг зарари йўқлиги ҳақидаги сўзларини келтиради.

    Профессор Спаҳик Омер “Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В ва Мадинанинг урбанизацияси” деб номланган тадқиқот эълон қилган. Ушбу тадқиқотга кўра, бугунги Набавий  Масжид ўзининг дастлабки ҳажмидан 100 марта катталашган ва ўша пайтдаги шаҳарнинг деярли бор ҳудудини қамраб олган.

    Профессор Спаҳик Омер Доктор Муҳаммад Вожид Ахтарнинг “Пайғамбар масжиди ҳақида сиз билмаган 9 нарса” китобидан иқтибос келтиради. Унда Боқий қабристони Мадина шаҳридан ташқарида бўлгани, ҳозир масжиднинг девори қабристонни масжиддан ажратиб тургани айтилади, бу эса Набавий Масжид қадимий Мадина шаҳрининг деярли тўлиқ ҳудудини қамраб олганини англатади.

    Пайғамбардан кейинги илк қайта қуришга Халифа Умар(Р.А) ҳукмронлиги йилларида шаҳар аҳолиси сонининг кўпайиб кетгани ва масжид торлик қилиб қолгани сабаб бўлган. Мелодий 638 йили Халифа Умар(Р.А) масжидга туташ ғарб, жануб ва шарқдаги ерларни сотиб олади ва масжидни кенгайтирган. Пайғамбар(С.А.В) аёлларининг ҳужралари жойлашган шарқий томонга тегилмаган.

    Хулафои Рошидиннинг иккинчиси Халифа Усмон (Р.А) ҳам 29 Ҳижрий йили(мелодий 650) сафдошлари билан маслаҳатлашиб, яна торлик қилиб қолган масжидни кенгайтиришга қарор қилади. Ушбу қайта қуришда масжид деворлари ўймакорлик билан қайта ишланган тошлар ва сувоқ бериб безатилган. Устунлар ҳам нақшинкор тошлар билан безатилган, темир ва қўрғошин симлар тортилган, ёғочдан том қилинган.

    Ҳижрий 88-йили(мелодий 707) Мадина шаҳрининг ҳокими Умар ибн Абдул Азиз Умавий халифа Ал-Валиад ибн Абдулмалик фармонига биноан масжини 6440 квадрат метрга кенгайтирган. Масжиднинг тўрт бурчагига тўрт минора ва меҳроб барпо этилган. Ички деворлар мармар, олтин ва нақшлар безатилган. Устунларнинг сони 232 тага етказилган.

    Аббосий халифа Ал-Маҳдий ҳукмронлик қилган Ҳижрий 161-165 йиллар орасида масжид 8890 квадрат метрга кенгайган, деразаларининг сони 60 га, эшиклари эса 24 тага етказилган.

    Ҳижрий 654-йили(мелодий 1257) масжидга ўт қўйилганидан кейин Халифа Ал-Мустаъсим масжидни қайта қуришга чоғланган, бироқ Бағдодга мўғул татарлари бостириб келганлари сабабидан режасини амалга оширолмаган. 656 йили мўғуллар Бағдодни босиб оладилар. Набавий Масжидни Мамлуклар ўзларининг ҳукмронлиги йилларида қайта қурадилар. Масжиднинг тўрт ёзувли дарвозасидан бошқа дарвозалари ёпиб ташланади.

    Усмонли Халифа Қонуний Султон Сулаймон ҳижрий 974-йили масжид гумбазини янгилайди, Мамлуклар ўрнатган ойлар ўрнига гумбаз ва миноралар пештоқига олтин суви югуртирилган мисдан ясалган ярим ой шаклларини ўрнатади. Ҳижрий 1228-йили Султон Маҳмуд Иккинчи масжиднинг гумбазини яшил рангга бўяшга буйруқ беради. Ўшандан буён у Яшил Гумбаз деб номланади.

    Масжид деворида ёриқлар пайдо бўлганидан кейин Султон Абдул Мажид Хон ҳижрий 1277-йилда бошлаган қайта қуришда унинг ҳажми 10303 квадрат метрга етказилади. Яна беш эшик қўшилади, девор 11 метрга узайтирилади, гумбазлар қарийб 90 метрга кенгайтирилади, олдинги чироқлар ёнига яна 600 та мойчироқ ўрнатилади. Ушбу маълумотлар “Ал-Жазира» телеканалининг «Пайғамбар масжиди ҳақида билиб олинг” деб номланган кўрсатувида берилган.

    Масжид Араб Ярим оролида электрлаштирилган илк бино бўлган. Набавий Масжид ҳижрий 1327-йили(мелодий 1909) электр чироқлар билан ёритилган, деб ёзади “Муқаддас шаҳарлар, зиёрат ва Ислом олами” деб номланган китобида Султон Ғолиб ал-Қуайтий.

    Набавий Масжид ва унинг атрофидаги бинолар харитаси

    Набавий Масжид ва унинг атрофидаги бинолар харитаси

    Набавий Масжид ва унинг атрофидаги бинолар харитаси

    Саудийлар ҳукмронлиги даврига келиб Подшоҳ Абдулазиз ал-Сауд 1950 йили масжидни 16327 квадрат метрга узайтирди. Устунлари сони 706 тага, гумбазлари 170 га етди. Масжид учун махсус электр станцияси барпо этилди, чироқлари сони 2427 тага етказилди, дейди Набавий масжид ишлари бўйича воиз Ал-Ҳаттоб.

    1973 йили зиёратчиларнинг сони ошганлиги сабабли Подшоҳ Файсал ғарбдан масжидга яна 35000 квадрат метрни қўшди. Ҳудудга вентиляторлар, овоз кучайтиргичлар, соябонлар ўрнатилди.

    Ҳижрий 1398-йилги Подшоҳ Холид ибн Абдул Азиз кенгайтиришидан кейин Подшоҳ Фаҳд ҳижрий 1405-1414 йиллари яна бир қайта қуришни амалга оширди. Масжидга олиб кирадиган кўплаб йўллар кенгайтирилди, эскалаторлар ўрнатилди. 41 дарвоза сони 85 тага етказилди, буларга қўшимча гўзал безатилган гумбазлар, тўрт минора ва 13 эшик қурилди.

    Энг йирик қайта қуришга Подшоҳ Абдуллоҳ 2012 йили фармон берди. Ушбу лойиҳанинг якунига етказилиши масжид намозхонларининг сонини қарйиб икки миллионга етказиш имкониятини беради.

    Молия вазири Иброҳим ал-Ассафнинг айтишича, келажакда масжид ҳудуди 614800 квадрат метрни, масжид ва ҳовлилари қўшилганида 1020500 квадрат метрни ташкил этади. Ўшанда масжид ичига бир миллион намозхон, ҳовлига 800 минг намозхон сиғади, дея қўшимча қилди у.

    Ал-Ҳаттоб Подшоҳ Абдуллоҳ масжид ҳовлисидаги устунларга 250 та очилиб ёпиладиган соябонлар ўрнатишга буйруқ берганини айтади. Соябонлар 143000 квадрат метрни қоплаган. Икки хил баландликда ўрнатилган соябон чодирларнинг бири иккинчисининг устини ёпади, намозхонларнинг устига ёмғир ва қуёш нури тушишидан асрайди.

    Абдулвоҳид ал-Ҳаттобга таяниб Okaz рўзномасининг хабар қилишича, ҳозирги кенгайтириш лойиҳаси доирасида шарқий ва ғарбий йўналишда яна 12,5 гектар ер очилади, у ердаги 100 бинони бузишга қарор қилинган.

    Ал-Ҳаттобнинг қўшимча қилишича, Подшоҳ Абдуллоҳдан кейин тахтни эгаллаган Подшоҳ Салмон кенгайтириш ва икки муқаддас масжидни қайта қуриш билан боғлиқ бошқа ишларни давом эттириш муҳимлигини урғулаган, қилинаётган ишлар зиёратчиларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларини тез ва осонлик билан адо этишларига шароит яратишини айтган.

    Соябонлар бири иккинчисининг устини қоплайди

    Соябонлар бири иккинчисининг устини қоплайди

    Соябонлар бири иккинчисининг устини қоплайди

    Кенгайтиришнинг иккинчи ва учинчи босқичлари яна 1000000 дан зиёд намозхон учун жой барпо этади деб кутилмоқда. Биринчи босқичда 800 минг намозхон ўрни яратилганди. Ҳаммаси бўлиб янги кенгайтириш 2040 йилга бориб яна қўшимча 1 миллион 200 намозхонга жой очади.

    Ёдгорликлар

    Пайғамбар(С.А.В) минбари

    Мадинадаги Жомеъ Масжиднинг энг қадрли ёдгорлиги Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) ўзининг маърузалари вақтида фойдаланган минбаридир.

    Масжиддаги дастлабки минбар хурмо дарахтидан ясалган ва уч зинаси бўлган, деб ёзади Ал-Мубаракфурий.

    Мусулмонларга етакчилик қилган Хулафои  Рошидинлар ҳам ўзларининг ваъзларида минбардан фойдаланганлар.

    Халифалар Абу Бакр(Р.А) ва Умар(Р.А) маъруза қилаётган вақтларида минбарнинг иккинчи зинасигача кўтарилганлар.

    Бошида ўз ваъзларида минбарнинг биринчи зинасидан фойдаланган Халифа Усмон(Р.А) кейинчалик Пайғамбар(С.А.В) қилганларидек, учинчи зинадан намозхонларга мурожаат қилган.

    Ҳижрий 886-йили масжидда рўй берган ёнғинда минбар куйиб кетган. Шундан кейин шаҳар аҳолиси ғишт пойдевор қурганлар. Кейинроқ Мамлук Султон Қайтбай мармар пойдевор юборган.


    Меҳроб

    Меҳроб масжиддаги саждагоҳ бўлиб, намоз вақтида имом меҳробда қиблага юзланади, унинг орқасидан жамоа бўлиб намоз ўқилади.

    Набавий Масжиднинг икки меҳроби бор. Биринчи меҳроб Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) ўзи имомлик қилганида фойдаланилган меҳроб. У Пайғамбар(С.А.В) минбарига яқин жойлашган, ҳозир бу жой Равза билан азон чақириладиган Мукаббария орасида. “Меҳроб Пайғамбар Саллоллоҳу Алайҳи Вассалам, оёқларини қўйган жойларидан ташқари, намоз ўқиган ҳамма жойни қамраб олади”, дейди Доктор Ахтер.

    Иккинчи меҳроб, масжид расмийсининг “Ал-Арабия»га айтишича, Усмоний Меҳроб бўлиб, имомлар ҳалигача ҳам ундан фойдаланадилар. У Усмонли халифалар масжидни шимолий тарафдан кенгайтирган замонларида ўрнатилган.

    Доктор Ахтернинг ёзишича, учинчи меҳробни Сулаймоний ёки Аҳнаф меҳроб деб атайдилар. Бу меҳробни Қонуний Султон Сулаймон Ҳанафий имом учун ўрнатишга фармон берган. Моликий имомлар ваъз қилишда Пайғамбар(С.А.В) минбаридан фойдаланадилар.


    Боғча (Равза)

    Равза Пайғамбар(С.А.В)нинг минбари билан уйи ўртасидаги жой.

    Ал-Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад Пайғамбар (С.А.В) шундай деган: "менинг уйим билан минбар ўртасидаги боғча Жаннат боғидандир".

    Равза зиёратчилар учун доим очиқ, фақат айрим ҳолларда издиҳом юзага келмаслиги учун аёллар ва эркаклар ажратиладилар. Зиёратчилар Равзага кириб нафл намоз ўқийдилар. Сўнг Пайғамбар(С.А.В) мақбарасига ўтиб салому саловатлар айтадилар.

    Набавий Масжид кенгайтирилиши мобайнида Равза ўзига хос нақшлар билан безатилган, гиламларидан тортиб томигача бетакрор гўзалликни намоён қилган.

    Масжидул-Ҳаром ва Набавий Масжид Бош агентлигидан билдиришларича, Равзанинг бўйи 22 метр, эни 15 метрни, жами 330 квадрат метрни ташкил этади.

    Равзада хавфсизлик ходимлари ва фаррошлар доим ҳозирлар, жой тоза бўлиши ва зиёратчилар тўсқинликсиз ҳаракатланишларига кўз-қулоқ бўлиб турадилар.


    Яшил Гумбаз

    Яшил Гумбаз Набавий Масжиднинг энг кўзга кўринган меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. У Пайғамбар Муҳаммад(С.А.В), Абу Бакр(Р.А) ва Умар(Р.А) мақбаралари жойлашган бўлма устига қурилган.

    "Вафа Ал-Вафа" китобида Ал-Самҳудийнинг ёзишича, дастлабки гумбаз мелодий 1279, ҳижрий 678-йили Султон Қалавун томонидан ўрнатилган ва у ёғочдан ясалган бўлган.

    "Биз бугун кўриб турган яшил гумбаз аслида Пайғамбар(С.А.В) хонасининг ташқи гумбазидир. Ичкарида анча кичик гумбаз бўлиб, унинг ичида Пайғамбар Саллоллоҳу Алайҳи Вассалам, Абу Бакр Розияллоҳу Анҳу ва Умар Розияллоҳу Анҳу номлари ёзилган," дейди Доктор Ахтер.

    Jazeera Encyclopedia да ёзилишича, бошида пойдевори тўрт бурчак, томи эса саккиз бурчак бўлган. Ёниб кетганидан кейин Усмонли Турк Султони Ғозий Маҳмуд гумбаз кўринишида қайта қурган.

    "Рифат Пошшо кундаликлари"нинг 1-боб, 464- 465-саҳифаларига таяниб Доктор Ахтернинг айтишича, гумбаз 1837 йили яшил рангга бўялишидан олдин узоқ йиллар давомида оқ, кейинроқ қирмизи-мовий рангда бўлган.


    Кутубхона

    Бош агентликдан айтишларича, масжид кутубхонасига ҳижрий 1352 йилда асос солинган. Кутубхона ташкил қилиш таклифини Мадина Вақфи директори Убайд Маданий илгари сурган.

    Айрим китоблар кутубхона ташкил этилишидан олдин ҳам Набавий Масжидда сақланган. Улардан бири Шайх Муҳаммад Азиз ал-Вазирнинг "Мактаба" китоби ҳижрий 1320-йили ёзилган. Масжид кутубхонаси ташкил қилинганидан кейин "Мактаба" кутубхона ихтиёрига берилган.

    Мутолаа залларидан ташқари кутубхонанинг Аудио кутубхона бўлими(17-бўлим) ҳам мавжуд. У ерда Масжид ан-Набавийдаги дарслар, маросимлар ва ибодатларнинг овозли ёзувлари сақланади. Техник бўлим(22-дарвоза ёнида) қўлёзмаларни муқовалаш, қайта таъмирлаш ва стерилизациялаш билан шуғулланади.

    Қўлёзмалар бўлими

    Қўлёзмалар бўлими

    Қўлёзмалар бўлими

    Нодир китоблар бўлимида асарлар эълон қилинган йили, безатилиши, ҳажми, суратлари ва бошқа жиҳатларига қараб ажратилган ва ана шуларга қараб сақланади.

    Кутубхонанинг нодир китоблар бўлими

    Кутубхонанинг нодир китоблар бўлими

    Кутубхонанинг нодир китоблар бўлими

    Бу ерда кутубхонанинг Қўлёзмалар бўлими, Рақамли кутубхона, Тадқиқот ва Таржима, Хавфсизлик бўлими, Ҳадялар ва алмашиш, Тарқатиш ва бошқа бўлимлари жойлашган.

    Кутубхонанинг эркаклар, аёллар ва болаларга мўлжалланган китоб мутолаа зали ҳозир масжиднинг ичида, Усмон (Р.А) Дарвозасининг иккинчи тўгарагида жойлашган. Бу ерда китобхонлар нафақат сақланаётган адабиётлардан, балки яна бошқа кўплаб хизматлардан фойдаланишлари учун шароит муҳайё этилган.

    The Prophet's pulpit
    The Mihrab where call to prayers are made
    The Green Dome
    A library manuscript
    Эски кутубхона

    Эски кутубхона

    Янги кутубхона

    Янги кутубхона

    Эски кутубхона

    Эски кутубхона

    Янги кутубхона

    Янги кутубхона

    Мўъжизакор нақшлари ва мукаммал технологиялари билан ажралиб турадиган дунёнинг энг йирик масжиди - Набавий Масжидни қайта қуриш, кенгайтириш ва янада чиройли қилишга миллиардлаб саудий риаллари сарфланди ва сарфланмоқда.

    Ҳар йили, айниқса, Рамазон ва Ҳаж мавсумида келадиган миллионлаб мусулмон зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида икки муқаддас масжид маъмурияти Саудия Подшоҳининг қасрини меҳмонхонага айлантиради, бу мезбонларнинг ўз меҳмонларига яхши шароит яратиш бурчига нақадар масъулиятли ёндашишларини намойиш этади.

    Масжид зиёрати Ҳаж ёки Умранинг таркибий қисми бўлиши шарт эмас. Аммо масжидга кириб мақбара ёнида Пайғамбар(С.А.В)га саловат айтмаган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Мадинанинг энг жозибали масканининг бор гўзаллиги ва у ердаги муҳитни ҳис қилмаган инсоннинг ўз зиёратидан кўнгли тўлмаслиги муқаррар.

    Тамом

    Осори-атиқаларни томоша қилишни истайдиган зиёратчилар кўплигидан тирбандлик ҳам юзага келади.

    Осори-атиқаларни томоша қилишни истайдиган зиёратчилар кўплигидан тирбандлик ҳам юзага келади.

    Муаллифлар

    Матн: Сагир Солиҳ

    Продюсер: Ҳалима Умар

    Дизайн: Нкечи Огбонна

    Фото ва видеолар муаллифлик ҳуқуқи Getty, BBC, Масжидул-Ҳаромга тегишли