Бунақаси фақат Фарғонанинг Риштонида бор, ҳатто Марказий Осиёда ҳам йўқ

Ўзбеклар чанқоғини қондираётган текин кутубхона

Бутун Марказий Осиё бўйлаб деҳқон бозорлари бир-биридан фарқ қилмайди: Ёзда чанг, қишда эса, қору лой - ҳамиша одамлар билан қайнаб тошган.

Саҳарми ёки аср, фарқи йўқ, одамлар мева-чева бўладими, сабзавот ва ё Хитойнинг анчайин арзон кийим-кечакларими, кулолчилик буюмлари - харид қилиш учун бозорларга оқиб келаверишади.

Расталарга мунчоқдек терилган мева-чевалар ва сабзавотларнинг ранги ўша-ўша, қулоқларингизни харидор илинжидаги сотувчиларнинг бақир-чақирлари, димоғингизни эса, турли-туман зираворларнинг хушбўй ҳидлари тўлдиради.

Риштон марказий деҳқон бозори ҳам Ўзбекистондаги қолган юзлаб бозорлардан фарқ қилмайди: Сотувчилар ўз молларини ўтказиш, харидлари пиёз бўладими ва ёки сабзи, фарқи йўқ, харидорлар эса, савдолашиш билан ҳалак.

Бироқ ёшгина маҳаллий бир тадбиркор сабаб, ҳозир бу бозор қолган барчасидан фарқ қилади.

Турли-туман моллар билан тўлиб-тошган расталар ўртасида янги ва уларга умуман ўхшамаган мутлақ ғайриодатийси кўзингизга чалинади.

Бу жавонсифат раста эса, китобга тўла. Ўзбек ва рус тилларидаги янгию эски китоблар...Улардан аксарияти ўтган асрнинг турли даврларида битилган.

Унинг соҳиби риштонлик маҳаллий тадбиркор - 34 ёшли Дилшоджон Болтабоев бўлади.

"Бу - дўкон эмас", - дейди Риштондан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Дилшоджон - "Бу - кутубхона".

Дилшоджоннинг ўзи шу бозорда қиш кунларида печка, труба, ёз кунларида эса, банка сотади.

У бу иш билан ўспиринлик йилларидан бошлаб шуғулланиб келади.

Аммо, Дилшоджоннинг айтишича, ҳамма учун очиқ бўлган бир кутубхона очишни болаликдан орзу қилган.

"Лотин ёзувидаги адабиёт кўпайтирилсин!"

'Барча яхши хислатлар китобдандир...'

Ўзбек китобхони нима ўқимоқда?

Бозордаги кутубхона

"Мен тадбиркорлик орқасидан 2 миллион сўм йиғдим (қарийб $220) ва бу пулга кутубхона учун маҳаллий усталарга махсус бир китоб жавони ясаттирдим", - дейди Дилшоджон.

"Кейин "Facebook" орқали барчадан бу кутубхона учун ўзларида бўлган эски ва ёки янги китобларини хайрия қилишларини сўрадим".

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, "Facebook" фойдаланувчилари ҳам узоқ куттириб ўтиришмаган, даъватига "лаббай", дея жавоб беришган.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб одамлар почта ёки такси ҳайдовчилари орқали Риштонга, Дилшоджонга китоб юборишни бошлашган.

Ҳатто, пойтахт Тошкентдан ўз китобларини жўнатиб, қатор таниқли ўзбек шоирлари ва ёзувчилари ҳам унинг ўзига хос бир кутубхона очиш ғоясини қўллаб чиқишган.

Бор-йўғи икки ойнинг нари-берисида Дилшоджоннинг кутубхонасига юборилган китобларнинг сони бир неча юзга етиб қолган.

"Ҳозир кутубхонамдаги китобларнинг сони 600 дан ортади. Улардан айримлари жаҳоннинг манаман, деган ёзувчилари қаламига мансуб. Бошқалари Совет даври адабиётининг намуналари бўлса, яна бирлари ҳозир ижод қилаётган ўзбек ижодкорлариники".

"Бу - машҳур инглиз ёзувчиси Герберт Уэллснинг "Доктор Моро ороли" романи. Мана буниси Кобо Абэнинг "Қумдаги аёл"и. Бу эса, Федор Достоевскийнинг "Телба"си. Яна Конфуцийнинг китоблари ҳам бор", - дейди Дилшоджон ғурур билан.

Уларнинг барчаси ўтган асрда ўзбек тилига таржима қилиниб, пойтахт Тошкентнинг ўзида чоп этилган.

Аммо ҳозир бу китобларни Ўзбекистоннинг, ҳатто, энг йирик шаҳарларидаги китоб дўконлари ёки интернетда ҳам ахтариб топиш мушкул.

Суҳбатдошимизга кўра, унга келаётган китоблар орасида Ислом дини, мусулмончиликнинг ахлоқ-одобига оидлари ҳам анчагинани ташкил қилади.

"Энг кўп ўқилаётган китоб, биринчи ўринда, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф(ҳозирда марҳум)нинг китоблари бўлаяпти. Агар, талаб, истак, дейдиган бўлсак, ўша китобларни олиб кетиб, ўқишаяпти. Айниқса, "Тафсири Ҳилол"ни", - дейди Дилшоджон.

Жюль Верндан тортиб, Жонатан Свифтгача...

Унинг бозордаги кутубхонасидан жой олган китоблар орасида ҳамиша болаларнинг севимлиси бўлиб келганларининг сони ҳам салмоқли.

Жюль Верннинг "Сирли орол"и, Рей Бредберининг "Марс хроникалари", Даниель Дефонинг "Робинзон Крузо"си, Жонатан Свифтнинг "Гулливернинг саёҳатлари". Бу рўйхатни эса, яна узоқ давом этдиришингиз мумкин.

Дилшоджон ўз кутубхонасидаги китобларни аввалига бозордагиларнинг ўзларига таклиф этиб кўради. Ва бу иш беради.

"Мен шу бозорда савдо қиламан. Аммо китоб - жону дилим. Ҳатто, ҳозир, сизга гапириб туриб ҳам, икки кўзим китобда. Бахтнинг сири нимада эканига оид бир китобни ўқияпман", - дейди бозордаги сотувчилардан бири Би-би-си Ўзбек Хизмати билан телефон суҳбатида.

"Дилшоджон бу кутубхонани очмаганида, бошқа бирига атайдан боришга, балки, умуман вақтим бўлмасди", - дея қўшимча қилади у.

Саноқли ҳафталар ичида бозордаги очиқ кутубхоначага оид хабар бутун Риштон бўйлаб тарқалиб кетди.

"Ҳатто, ундан китоб олиб ўқиш учун одамлар қўшни вилоятлардан ҳам келишмоқда".

Нега бу каби ғайриодатий ташаббусга қўл ургани сабаби тафсилотларига тўхталаркан, "Чунки ўзимга ўқиш насиб қилмагани учун ҳам. Қийналиб катта бўлдик. Озгина бўлса ҳам, нима дейди, алам ўтди-да", - дейди Дилшоджон Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Ўқиёлмаганимга афсусларим бор. Одамлар, ёшлар менга ўхшаб афсусланишмасин, деган мақсадда шу кутубхонани ташкил қилдик, китобларни чиқардик. Ёшлигимизда бунақа ўқийдиган китоблар йўқ эди-да".

"Ўқишсин, илмли бўлишсин! Шу қишлоғимиздан яхши, ўқимишли инсонлар чиқишса, хурсанд бўламан".

Дилшоджон зиёли хонадонда ўсиб, улғайган: Отаси мактабда ўқитувчи, онаси эса, боғчада тарбиячилик қилишган.

Аммо ўқувчилик йиллари оғир бир палла - Шўролар Иттифоқи парчаланиб, Ўзбекистон янги мустақилликни қўлга киритган 90-йиллар бошларига тўғри келган.

Қолган аксарият одамларники каби, уларнинг ҳаётлари ҳам кутилмаганда кескин ўзгаришларга юз тутган: озиқ-овқат тақчиллашган, кийим-кечаклар қимматлашган, ўқитувчиларнинг маоши ҳам бирига етса, бошқасига етмайдиган бир даражада бўлиб қолган. Оилалар камбағалликка юз тутган.

Рўзғорнинг юкини тортишда ўз ота-оналарига ёрдам бериш учун болаларининг ҳам ишлашларига тўғри келган.

Дилшоджон

Дилшоджон ҳам ўрта мактабни тугатар-тугатмас ҳунар ўрганиш, бир ишнинг бошини тутишга қарор қилади, бозорга чиқиб кетади, печка сотиш билан шуғуллана бошлайди.

Газ, ёқилғи ва электр энергияси тортилиб қолган минтақаларда эса, бу - анчайин даромадли бизнес ҳисобланади.

Бу каби қўлбола темир печкалар қишда уйингизни иситса, йил бўйи сиз учун ажойиб бир ўчоқ вазифасини бажара олади.

Тезак бўладими ва ёки ўтин, ёқилғи ҳам танлаб ўтирмайди, одамлар учун жуда қулай.

Китоб ва унинг мутоаласи эса, тирикчилик илинжида бўлган аксариятнинг хаёлидан кўтарилади.

Дилшоджоннинг айтишича, ҳамиша иқтисодчи бўлишни орзу қилган.

Айнан оилавий шароити сабаб, унинг бу истаги амалга ошмай қолади.

"Аммо бир кун келиб ўз кутубхонамни очиш хаёлидан ҳеч қачон воз кечмаганман", - дейди у ўша кунларни хотирларкан.

"Одамларда китобга бўлган меҳр-оқибатни қайта уйғотишга ҳаракат қилаяпман-да, энди. Одам қанча кўп китоб ўқиса, онги, тафаккури шунча ривожланади. Ёмон йўлларга кириб кетмайди, ёмон тарбияли инсонлар бўлмайди".

"Бизнинг Ўзбекистондан ҳам "Apple"нинг хўжайинидек бизнесменлар, катта-катта фирма раҳбарлари чиқсин, дунё юзини кўрсин".

"Бу ташаббусни юксалтириш керак. Иложи борича бошқа қишлоқлар, туманларда ҳам уни ёйиш керак", - дейди у.

Сеҳрли диёр

Риштон - Фарғона водийси марказида жойлашган, аҳолиси 300 минг кишига яқин чоғроққина бир туман бўлади.

Аммо бу туман қадим-қадимдан ўзининг кулолчилик мактаби билан машҳур.

Риштон кулолларининг "ижод маҳсуллари", асрларки, минтақа қолиб, дунёга донг таратиб келган.

Улар ўрта асрларга хос яшилу феруза ранглари, кўзларни жимирлатиб юбориш даражасидаги нозик ва нафис безаклари билан ажралиб турган.

Айтилишича, ҳатто, 20-асрнинг бошларигача Риштондаги аксарият кулолчилик билан шуғулланган.

Аммо биргина бу эмас.

Риштон Бурҳониддин ал-Марғиноний каби бутун Ислом оламини тан олдирган буюк фиқҳшунос олимлар таваллуд топган ер ҳам бўлади.

Маҳаллий одамлар эса, азал-азалдан икки тилда: ҳам ўзбек туркчаси ва ҳам форс тожикчасида сўзлашиб келишган.

Сўнгги юз йилликларда маҳаллий истеъмолга рус тили ҳам кириб келган.

Шу боис, риштонликлар ҳар уч тилда бемалол китоб ўқишга имконли бўлишган.

Риштоннинг ҳозир Марказий Осиёда тутган мавқеи, минтақадаги шукуҳи ўтмишлардагидек бўлмаслиги мумкин.

Дилшоджоннинг айтишича эса, китоблари ижобий ўзгаришлар ясаши, тараққиёт йўлига хизмат қилишига ишончи комил.

Унинг бу мақсадига етишишида эса, Риштон деҳқон бозорида очган кутубхонасининг ўрни беқиёс бўлиши тайин.

Ўзбекистон бозорларида кексаю ёш, эркагу аёл, бола-бақра, барчани бирдек учратасиз.

Кимдир ёнма-ён ўтириб, ўз молини сотган, бошқаси эса, бир-бирига гап бериб, уни харид қилган...

Шу боис, китобсеварларнинг эътиборини тортиш, янгидан-янги "ўқувчилар"ни кашф этишда бозордек зўр жой бўлмаслиги ҳам бор гап.

Дилшоджоннинг айтишича, ғайриодатий кутубхонасига, ҳатто, болаларнинг ҳам қизиқишлари кучли.

Бозордаги биз суҳбатлашган ўзбекистонликлар ҳам унинг бу фикрига қўшилишади.

Муносабат

"Ўзимизнинг болаларимиз, фарзандларимиз, маҳалла, туман аҳли келиб, шу ердан китоб олиб, фойдаланаяпти. Ҳозир, мисол, кутубхона, деб, ахтариб юрмайсиз", - дейди ўзининг шеъриятга ҳаваси баланд эканини айтган бозор ходимларидан бири - "Бозорга харажат қилгани келиб ҳам, шу китобни олиб кетаяпти-да. Кимдир бадиий китобга қизиқади, кимдир бошқа адабиётларга қизиқади. Бу ерда 10-15 хил, ҳатто, эллик хилгача китоблар бор".

"Одамлар китобларни бераяпти, халқ ўқисин, деб. Ташаббуси яхши. Битта тадбиркорлик эмас, мисол, ўша китобни ҳам халқ учун олиб келиб қўяяпти бу бола. Ёнидан пул сарфлаяпти, бошқа қилаяпти. Лекин китобларни текинга бераяпти, олиб кетиб, ўқиб, яна қайтариб топширишаяпти. Ўзим ҳам ўқияпман. Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфнинг китобларини ўқидим".

Шўролар Иттифоқи даврида Ўзбекистон ҳам дунёдаги энг китобсевар давлатлардан бири бўлган.

Ҳатто, энг кичик қишлоқлар ва мактабларгача ўз кутубхонасига эга бўлган.

Собиқ Шўро давлатларини сиёсий ўзгаришлар ва ночорлик ўз забтига оларкан, 90-йиллар бошларида кутубхоналар ҳам бир-кетин ёпила бошланади.

Одамлар кутубхоналарга бориш, китоб мутоала этишнинг ўрнига, қандай қилиб ўз тирикчиликларини ўтказишнинг ғамига тушиб қолишади.

Ҳукуматлар кичикроқ кутубхоналарни тутиб туришга қийналиб қолишган.

Коммунистик идеологияни тарғиб этгани боис, Шўро даврида чоп этилган аксарият китоблардан воз кечилган.

Номи жаҳонга машҳур ёзувчиларнинг асарларини қайта чоп этиш учун эса, нашриётхоналарнинг қўллари калталик қилиб қолган.

Шаҳарларда китобсеварларнинг янги авлоди пайдо бўларкан, фақат сўнгги йилларга келиб, мамлакат шаҳарларида бу ишга қайта қўл урила бошланган.

Аммо қишлоқ ҳудудларида вазият деярли ўша-ўша: одамлар ҳануз янги кийим олишга анчайин оғринишади эмасми, ҳамма ҳам янги китобга пул харжлайвермайди.

Китобга ҳавас...

Аммо, Риштон бозоридаги тожирлар айтмоқчи, ўзбеклар ҳеч қачон китоб ўқишга бўлган ҳавасини йўқотмаган ва йўқотмайди.

"Шу кутубхоначасини очганидан бери олдидан одамлар кетмайди. Мен бу кутубхонага келаётган китобларни кўриб ҳайрон қолаяпман. Мана, ўзимиз ҳам бекор қолдикми, югуриб бориб, ўқияпмиз ўша китобларни", - дейди бозорда ширинлик сотувчи аёллардан бири. - "Ёшлар, кексалар, ҳаммаси қизиқиб, китобларни олиб кетиб, ўқишаяпти. Ўша керак экан-да. Бизнинг халққа ўша керак экан".

Дилшоджонга эса, Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан китоблар келишда давом этмоқда.

Жавони китобларга тўлиб-тошиб бораркан, Дилшоджон сиғмаганларини унинг атрофига тартиб билан териб чиқади.

"Энди яна жавон қилайлик, десак, озгина қийин бўлиб турибди. Чунки шароитимиз ҳам жуда унчалик эмас. Кенгайтириш режам бор, албатта. Аммо мен ҳозир яна бир нарса ҳақида ўйлаб турибман", дейди у.

Дилшоджоннинг айтишича, ҳозир машина олиш учун пул жамғармоқда.

"Шу қишлоқ жойларида, барибир бўлади-ку, ташқарига чиқолмайдиган, бироз ногирон, аммо билимга чанқоқ йигит-қизларимиз бор. Шуларга ҳеч бўлмаса бир ойда бир марта уйма-уй юриб, икки-учтадан китоб ташлаб келиш режам ҳам йўқ эмас".

Ўртача ойлик маоши 200 доллардан сал ортувчи Ўзбекистонда машина олиш учун анчагина йиғиниш лозим бўлади.

Устига устак, рўзғор харажатлари...

Шу боис ҳам, кўчмасини йўлга қўйиш Дилшоджон учун очиқ кутубхона очишдан кўра қийинроқ бўлиши мумкин.

Аммо Дилшоджон аҳдида қатъий ва пул йиғишда давом этмоқда. Ва имкон бўлиши билан бу режасини ҳам амалга ошириш истагида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002