Радиоматериал учун яхши кириш сўзини қандай ёзиш мумкин?

Рўзномадаги ҳар қандай мақолага кўз югуртирсангиз, унда сарлавҳа, кириш қисм ҳамда асосий матнни кўрасиз. Сиз ёзаётган кириш сўз сарлавҳа билан кириш қисмнинг вазифасини бажариши, воқеанинг бош "мағзини" ҳикоя қилишни эса репортёрга қолдириши керак.

Хабарни сотишнинг уддасидан чиқинг

Нима қилсангиз ҳам тингловчиларнинг зерикиши ёхуд ҳафсалалари пир бўлишига йўл қўйманг. Хабарларнинг айримлари содда ҳамда мароқли бўлади, баъзилари эса зерикарли ва мураккаб. Сизнинг вазифангиз эса инсонларни ўтиришга, тинглаб тушунишга ҳаракат қилишга ва нималарнидир ён дафтарчасига ёзиб олишга ундашдан иборат. Инглиз тилидаги “Cue” ёки кириш сўз бизнинг янгиликлар сотадиган дўконимизнинг ташқи ойнаси бўлиб хизмат қилади.

Кириш сўз моҳияти

Рўзномадаги ҳар қандай мақолага кўз югуртирсангиз, унда сарлавҳа, кириш қисм ҳамда асосий матнни кўрасиз. Сиз ёзаётган кириш сўз сарлавҳа билан кириш қисмнинг вазифасини бажариши, воқеанинг бош “мағзини” ҳикоя қилишни эса репортёрга қолдириши керак. Мана бир мисол:

Сарлавҳа: "Иқтисодий пасайиш ўғрилик ва киссавурликни кўпайтирмоқда"

Кириш қисм: Ўғрилик ва киссавурлик сонининг ошиши кредит инқирози давридаги жиноятчиликни кўпайтираётганига оид огоҳлантириш янгради.

Бу сизнинг кириш сўзингиз таркибида бўлиши талаб этиладиган ахборот ҳисобланади.

Яхши кириш сўзлар

Яхши кириш сўз эътиборни дарҳол ўзига жалб этади. Имкони бор жойда дарҳол ҳаракатни акс эттиради. Мана яхши бир мисол:

"Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежоднинг Женевадаги ирқчиликка бағишланган БМТ анжуманидаги маърузаси пайтида Ғарб дипломатлари зални тарк этдилар. Бу дипломатларнинг Маҳмуд Аҳмадинежоднинг Исроилни дунёдаги энг шафқатсиз ва ирқчи режим деб атаганига нисбатан норозиликлари бўлди. Женевадан Би-би-си мухбири Иможен Фоулкес хабар қилади.”

Бу ерда биз дарҳол ҳаракатнинг ичига кириб кетдик. Биринчи гапда ким, нима ва қаерда юз бераётгани ҳақида маълумот берилди. Иккинчи жумла эса нима учунлигини тушунтириб бераяпти. Бу жуда яхши намуна. Кейин нима бўлганикин? Ушбу кириш сўз тингловчини хабарнинг давомини эшитишга даъват этади.

Инсоний детал қўшинг

Хабарнинг бош қаҳрамонидан битта яхши иқтибос ёки инсоний бир унсур қўшиш кириш сўзини янада жозибали қилади. Мана бу кириш сўзини ўқинг:

'Собиқ Лейборист парламент аъзоси Алис Маҳон Гордон Брауннинг иқтисодий сиёсати ва Даунинг Стритдаги электрон мактуб можароси туфайли партиядан истеъфо берган. Маҳон хонимнинг айтишича, Лейбористлар партияси нуфузига зарар етказилган.'

Унинг ўрнига биз қуйидаги матндан фойдаланишни афзал топдик:

Лейбористлар партиясига 50 йилдан зиёд аъзо бўлган парламент аъзоси Алис Маҳон истеъфо берган, унинг айтишича, партиянинг тутаётган йўлидан ҳафсаласи пир бўлган. Партиясининг Халифаксдаги бўлимига юборган хатида Маҳон хонимнинг ёзишича, Гордон Браун иқтисодий сиёсати ва э-мейл можароси билан партия унга хиёнат қилган.”

Иккинчи мисол биринчисига қараганда яхшироқ. Иккинчи кириш сўзда воқеанинг инсоний тарафи бўрттирилган, "ҳафсаласи пир бўлган" ва "хиёнат қилган" сўзлари билан кириш сўзнинг тили бойиган. Бундай матн тингловчини кўпроқ қизиқтиради.

Хабар муаллифи билан бамаслаҳат иш тутиш

Энг яхши кириш сўз ҳар доим сиз билан мухбир ўртасидаги ҳамкорликнинг натижаси бўлади. Сизнинг мақсадингиз кўз илғамас радио журналистика асарини тақдим этишдир, аммо бунда сиздан кейин сўзлайдиган мухбир гапларини айтиб қўймасликка ҳаракат қилиш лозим. Шундай экан, мухбир билан қанча эрта гаплашиб, кириш сўз матнини маслаҳатлашиб олсангиз, шунча яхши.

Хабарингиз тафсилотини билинг

Охирги дақиқада муҳим бир ўзгариш бўлиб қолиши ёки бирор бир техник муаммо юзага чиқиб қолиши ва бунинг оқибатида мухбирингиз ушбу воқеанинг аҳамиятли бир жиҳатини ўзининг лавҳасига қўша олмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам хабар тафсилотини пухта билиш сиз учун муҳим. Бошқа манбалардан ҳам хабар мавзуси ҳақида кўпроқ маълумот тўплашга интилинг, энг сўнгги дақиқада матнингизни ўзгартиришга тўри келиб қоладиган бўлса, бундай кутилмаган ўзгаришга доимо тайёр туринг.

Матнингиз содда бўлсин

Сиз сўзлаётган сўзларни тингловчининг фақат бир марта эшитиш имконияти бор. Шу сабабдан ҳам кириш сўз матни содда ва тушунарли бўлишига интилинг. Агар жумлалар чўзилиб кетаётган бўлса, бу жумлани икки-уч қисмга бўлинг. Сўнг овоз чиқариб ўқинг. Овоз чиқариб ўқиш ҳар доим гапнинг қайси қисми талаффузга мураккаблигини намойиш этади.

Нохуш, ёқимсиз ҳолатлар олдини олинг

Албатта, радиобошловчи сифатида сизнинг ишингизнинг "белига тепадиган" кўп нарса учраб туради, лекин бу сабабларнинг аксарига инсонларнинг ўзлари сабабчи бўладилар. Ҳар доим сизнинг кириш сўзингиздан кейин лавҳа қандай бошланишини тинглаб кўринг. Сиз ҳозиргина айтган сўз, ибора ёки жумланинг бир неча сониядан кейин мухбирнинг тилидан яна янграшини истамайсиз-ку. Бу жуда ҳам ёмон эшитилади.

Овоз билан бошланадиган лавҳа учун кириш сўз

Ҳар доим бирор бир овоз билан бошланадиган лавҳага кириш сўз ёзгунча эҳтиёт бўлинг. "Жастин Уеб хабар қилади", деб айтганингиздан кейин сиз биринчи бўлиб кимнингдир овозини эшитишни истайсиз, қандайдир қўшиқ парчаси ёки отишма овозини эмас. Мос кириш сўз тингловчиларни Жастин Уеб овозидан олдин эшитиладиган нарсага тайёрлайди.

Тафсилотни асранг

Кириш сўз хабар ёки лавҳага доир ҳамма гапни айтиб қўйса ҳам тингловчига материалнинг қизиғи қолмайди. Шунинг учун айрим деталларни асраб қолинг, аммо бу мазмунни тушуниш эвазига бўлмаслиги лозим. Ҳаддан зиёд кўп рақам ҳам кириш сўзни бузади. Бироқ айрим пайтларда рақамни тилга олмасликнинг иложи бўлмайди. Шунингдек, абрревиатураларга эҳтиёт бўлинг – БМТнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эканини кўпчилик билиши мумкин, аммо ҳамма аббревиатура ҳам эмас.

Кириш сўзингизда сўзни “тежанг”

Ушбу маслаҳатнинг маъносини қуйидаги мисоллар яхши изоҳлаб беради. Би-би-сининг Radio 2 станциясида ахборот ўқиб турганда ҳеч қачон “қўшиқчи Майкл Жексон” дейишмайди. Чунки Radio 2 асосан мусиқага мўлжалланган радиостанция бўлиб, уни асосан мусиқа ишқибозлари тинглашади ва бу ишқибозлар Майкл Жексоннинг ким бўлганини яхши билишади, дейишади бу радио ходимлари. Radio 5 мисолида ҳам ҳеч қачон "футболчи Девид Бекхэм" дейишмайди. Чунки спорт ишқибозлари Девид Бекхэмнинг кимлигидан аллақачон яхши хабардорлар.

Бошқалардан ўрганинг

Би-би-сида буюк кириш сўзлари ёзадиган ижодкорлар кўп. Ён-атрофингизга назар солинг, улардан сабоқ олинг. Яхши кириш сўзини эшитиб қолсангиз, диққат билан уни ўрганиб чиқинг. Мабодо кириш сўз ёзишда бошингиз қотиб қолса, энг содда техникадан фойдаланинг: ўзингизга савол беринг – бор маълумотни қандай қилиб бир жумлада айта оламан? Кўпинча ана шу бир жумла мукаммал кириш сўз асоси бўлиб хизмат қилади.