Розага аталган атиргуллар: Қирғизистонда гендер ва сиёсий лидерлик

Алмазбек Атамбоев ва Роза Ўтунбоева
Image caption Роза Ўтунбоева Марказий Осиёда қудратни ўз ихтиёри билан тинч йўл билан сиёсий ворисига топширган биринчи президент бўлди

Қирғизистондаги Иссиқкўл атрофида президентлик сайлови олдидан автомобилда борар эканмиз, суҳбатимиз сиёсатга уланиб қолди. Маҳаллий ҳайдовчимиз Қирғизистон президентлигига ўз номзодини илгари сурган бирорта сиёсатчи ҳам ўзига маъқул эмаслигини айтиб қолди. Бироқ қудратдан кетаётган президент ҳақида у қандай фикрда?

- Роза Ўтунбоева?

- У зўр. У албатта ўз ихтиёри билан президентликдан кетган биринчи Қирғиз президенти бўлади.

Ҳайдовчининг ўзининг фикрида қатъийлигига мен ҳайрон қолдим. Қирғизистон кўп президентларни кўрган-у, аммо Ўтунбоевани "энг зўри" деб аташга ҳали эртамасмикан? Лекин ҳайдовчи "самий лучший в истории" деб ўз айтганида туриб олди.

Менинг ёдимга бир неча кун илгари ёш Қирғиз олими билан қилган суҳбатимиз тушди. Биз у билан Ўтунбоева раҳбарлиги жорий этган конституциявий ислоҳотларнинг узоқ муддатли истиқболи ҳақида баҳслашдик. Бу пайтда мамлакатда парламент демократияси шакли киритилиб, президентнинг ижрочи ҳокимиятдаги қудрати чекланди. Ёш олим фикрича, бу ислоҳотлар самара беришига, авваламбор, Роза Ўтунбоеванинг парламент ишларига аралашмагани сабаб бўлган. Ўтунбоева хоним ўз оиласи аъзоларини ва ҳаммаслакларини давлат ишларидан, ҳукумат ва жамоат ишларидан четлаштирди, дер экан суҳбатдошим келажакда бирор бир президентнинг шундай иш тутишига ишонмаслигини айтарди. Унинг фикрича, давлат тепасига келган сиёсатчининг ўз манфаатлари ёки ўз атрофидаги "доира" манфаатлари йўлида иш кўрмаслиги қийин бўлади.

Олим суҳбатдошимнинг бу фикрларини мен сўнгги бир неча ой мобайнида Қирғизистондаги кўп суҳбатларимда бошқалардан ҳам эшитгандим. Шу жиҳатдан ҳам Ўтунбоева истисно президент бўлди. Ва бу мустаснолик рўёбга чиқишида унинг жинси алоҳида ўрин тутди, боиси, Қирғизистондек жамиятда, аёл киши ўзини қандай тутиши керагу, эркак кишидан нимани кутса бўлади, қарашлар кучли ҳисобланади.

Роза Ўтунбоева ўтган йил апрелида Қурманбек Бакиевни қудратдан ағдариб назоратни ўз қўлига олган коалиция томонидан муваққат президент этиб сайланди. Ўтунбоеванинг ўтмиши коалициядаги бошқа эркак сиёсатчиларникига ўхшаш эди. Коалицияда таркибидаги сиёсатчиларнинг ҳокимиятга интилишлари асл сабаблари борасида шубҳа-гумонлар ўртага чиққан, кейинроқ худди ағдарилган икки режим аъзоларидек, вазирлик мансабларини эгаллаш ва муҳим лавозимларга ишончли одамларини қўйишга интилишлар ўз тасдиғини ҳам топди. Бироқ Ўтунбоева аёл киши эди, ундан бошқача йўл тутишини кутар эдилар. Ёки икки эркак президент режими қулашига олиб келган таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва коорупцияга аёл сиёсатчи камроқ берилар деб умид қилинган, вақтинчалик президент сифатида яқинлари ва тарафдорларини "мукофотлаш" бобида ўзига кўп эрк бермаса керак, деб қаралган эди.

Ва Ўтунбоева чиндан ҳам ўзини бошқача тутди. У бошқарувни президентликдан парламентга ўтказишни кўзда тутган янги конституция лойиҳасини илгари сурди, ўзининг мавқеини гаровга қўйиб, одамлардан ўзини муваққат президент этиб сайлаш ва конституцияни ислоҳ қилишга бағишланган референдумда иштирок этишга даъват этди. Янги сайланган парламент амалий ҳукуматни шакллантиролмай боши берк кўчага кириб қолган кунларда Роза Ўтунбоева мамлакат бйўлаб сафарларга чиқди, болалар уйлари, завод-фабрикалар, шифохоналарга ташриф буюрди, бу билан у беқарор, хавотирли даврда барқарорлик ва ҳамма нарса ўз ўрнига тушишига ишонч рамзига айланди. Шунингдек, у жаҳон кезди, Қирғизистоннинг обрўсини кўтарди, янги кўмак битимларига эриша олди. Ва ўз вақти келганида истеъфога чиқди, бошида ваъда қилганидек, президентлик сайловига ўз номзодини қўймади. Халқаро кузатувчилар бу сайловни эркин ва адолатли дея баҳоладилар. Бу билан Роза Ўтунбоева Марказий Осиёнинг қудратни сиёсий ворисига тинч йўл билан топширган илк аёл президенти бўлди. Ўтмишга солиштириб айтганда, у шу пайтгача эркак сиёсатчининг қўлидан келмаган ишни қилди: мамлакат манфаатини ўзининг манфаатидан юқорироқ қўя олди.

Албатта, Ўтунбоева раҳбарлигига оид танқидлар кўп. Бу фақат 2010 йил июнида Ўшда бошланган миллатлараро зўравонликларни муваққат ҳукумат сифатида бартараф этолмаганигина эмас. Ёки яна бир танқид марказий ҳукуматнинг ўша зўравонликлар пайти ва ундан кейинги ҳафталарда мамлакат жанубини назорат остига ололмагани билан боғлиқ. Энг машҳур мисол, Роза Ўтунбоеванинг Ўш шаҳри ҳокимини қайта-қайта лавозимидан кетишига буйруқ бергани, бироқ унинг бу фармонларни мунтазам инкор этганидир. Лекин Ўтунбоеванинг аёл киши экани инобатга олинса, бу нарса унинг раҳбарлиги кучсизлиги эмас, ижобий жиҳати бўлиб кўриниши ҳам мумкин: қандай қилиб аёл киши аёл боши билан бундай беқарор ва хавотирли вазият устидан ўз назоратини ўрната олиши ва ўз кучини кўрсата олиши мумкин эди? Қандай бўлмасин, Ўтунбоеванинг Қирғизистон жанубига нисбатан юритган сиёсати характери зиддиятлилигача сақланиб қолади.

Роза Ўтунбоева президентлигининг яна бир ўзига хос жиҳати албатта бу президентликнинг вақтанчалиги эди. Бу ерда ҳам Ўтунбоеванинг аёл киши экани рол ўйнади. Бу мамлакатда хотин-қизлар сиёсатдан кўра кўпроқ ноҳукумат ташкилотларию-илм фанга кўпроқ "ўзларини урганлар". 2005 ва 2007 йиллар орасида мамлакат парламентида бирорта аёл депутат бўлмаган ва бу мамлакатда президентликка ўзининг номзодини илгари сурган аёлга ҳеч қачон жиддий рақиб деб қаралмаган. Балки жамоатчилик орасида ва эркак сиёсатчилар гуруҳида мамлакатнинг мана шундай беқарор ва тартибсиз даврида давлат тепасида аёл кишининг тургани маъқул, деган фикр бўлгандир ва шунинг учун ҳам Қирғизистон Марказий Осиёда аёл давлат раҳбари бўлган биринчи мамлакатга айланганига талаб этилганидек аҳамият қаратилмагандир. Аммо ҳозирга келиб, сайловдан кейин "ҳаммаси ўз тартибига қайтди". Бунинг маъноси шуки, ҳокимиятга "ҳақиқий" эркак президент келдими, фурсати келганда унинг истеъфога ўз ихтиёри билан кетиши муҳимдир. Бинобарин, "ҳаммаси ўз тартибига қайтиши" билан яна "нормал сиёсатга қайтиш" эҳтимоли ҳали мавжуд. Бироқ бу ерда муҳим жиҳати, сайланган президент Алмазбек Атамбоевнинг Ўтунбоева партиясидан ва унинг яқин иттифоқчиси эканидир.

Қирғизистондаги президентлик сайловининг эртаси куни Бишкекдаги Оқ Уй зиналарида ҳақиқий қизил атиргуллардан ёзилган "Спасибо Роза" деган ёзув пайдо бўлди. Бу жуда таъсирли, самимий, бехато айтиш мумкинки, аёл киши томонидан Роза Ўтунбоева президентлигининг бошқаларникига ўхшмаганига эҳтиром белгиси эди. Унинг табиати, унинг жинси ва ишончи, унинг таъсири ва раҳбарликка ҳурмати кўпларни руҳлантириб улгурди. Келинг умид қилайлик, унинг аёл президентлиги ҳам, мамлакат манфаатларини ўзларининг манфаатидан юқори қўя оладиган сиёсий раҳбарияти ягона бўлиб қолмасин.

Бу мавзуда батафсилроқ