'Афғонистон ҳукумати Толибон идорасининг мусулмон мамлакатда очилишига рози'

Доха шаҳри кўриниши Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Афғон расмийлари Толибон идораси, Доха шаҳрида, Саудия ёки Туркияда бўлса ҳам майли, дейишади

Афғонистондаги халқаро ҳамжамият эътироф этадиган Ҳомид Карзай ҳукуматига қуролли қаршилик кўрсатиб келаётган Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари нозик масала ҳисобланади, шунинг учун ҳаракат вакиллари билан Афғон ҳукумати ёки бошқа хорижий давлатлар юритаётган мулоқотлар тафсилоти кўпинча сир тутилади.

Reuters ахборот агентлиги ўз дипломатик манбаларига таяниб хабар беришича, расмий Кобул Афғонистондаги чет мамлакатлар элчихоналарига мактуб юборган, бу мактубда Толибон билан қандай шартларда музокара олиб бориш истагида эканликлари баён этилади.

Нома Афғонистон Олий Тинчлик кенгаши томонидан йўлланган.

11 банддан иборат мактубда Афғонистон ҳукумати Толибон ҳаракати Қатар пойтахти Дохада ўз идорасини очишига қарши эмаслиги билдирилади.

Мактуб аввалида Америка Қўшма Штатлари ва Қатар расмийлари Олмониянинг кўмагида Доха шаҳрида Толибон идорасини очиш борасида Афғон ҳукуматидан яширинча музокаралар олиб боришаётганидан хавотир изҳор этилган.

Бу мулоқотлардан ўзлари бехабар қолдирилаётганидан хабар топиб ғазабланган Президент Ҳомид Карзай маъмурияти ўтган ҳафта Қатардаги Афғонистоннинг элчсини чақириб олган эди.

Бироқ, Reuters ахборот агентлиги ихтиёрига келиб тушган Афғонистон Олий Тинчлик кенгаши мактубида, Толибон билан музокаралар қачонки улар тинч фуқароларга қарши зўравонликларни тўхтатишса, "Ал-Қоида" билан алоқаларини узишса ва фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, шу жумладан хотин-қизларнинг ҳам ҳуқуқлари кафолатланган Афғонистон конституциясини эътироф этишсагина бошланиши мумкин, дейилади.

Шунингдек Афғонистон Олий Тинчлик кенгаши фикрича, Покистон қўллаб-қувватлови билангина Толибон ўртасидаги тинчликка эришиш мумкин бўлади.

Расмий Кобул Дохада Толибон идораси очилишига қарши эмаслигини билдириш билан бирга, бундай идора мусулмон мамлакатида бўлиши тарафдори эканини маълум қилган.

"Биз Саудия ёки Туркия маъқул, деймиз, биз фақат шу ердагина бўлсин, демаймиз. Ягона шартики, исломий мамлакатда бўлсин", деб айтган Афғон расмийларидан бири.

Афғон ҳукумати вакиллари, шунингдек, Америка раҳбарияти Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбусларни бошқа бир мамлакатга кўчириш эҳтимолига ҳам ўз норозиликларини билдирганлар.

Бундан олдин Толибон шарт қўйгани ва АҚШ расмийлари Гуантанамодан кам сондаги Толибон маҳбусларини Дохага ўтказиш ҳақида ўйлаб кўраётганлари ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

"Биз суверен мамлакатмиз, бизнинг ўз қонунларимиз бор. Қандай қилиб сиз бизнинг маҳбусларимизни бир мамлакатдан бошқасига кўчиришингиз мумкин? Бу маҳбусларни Гуантанамода ушлаб туришнинг ўзи қонунни бузиш", дейилади Афғон расмийлари номасида.

Расмий Кобул Толибон аъзоларининг Гуантанамодан Афғонистон қамоқхонасига ўтказилишини истайди.

Толибон ҳаракати Афғонистон конституциясини тан олмаслигини, хорижий қўшинлар мамлакатдан чиқиб кетмагунча жанг қилишни тўхтатмасликларини айтиб келади.

Бироқ Афғон расмийлари Толибон билан тинчлик музокаралари истиқболи борасида некбин эканликларини билдиришган.

Бу мавзуда батафсилроқ