Масжид ёнида чўчқа боши ташлаб кетилгани юзасидан тўрт киши ҳибсга олинган

Малайзия подшосининг янги қароргоҳи - Малайзия Миллий Саройи Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Малайзия аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил қилади

Малайзия полициясига кўра, 2011 йилнинг охирги ҳафтасида масжид ёнида чўчқа бошлари ва гўшти ташлаб кетилгани юзасидан тўрт инсон ҳибсга олинган, бир кишига қидирув эълон қилинган.

Жанубий Жохор штати Таман Деса Жая шаҳридаги "Ал-Фалаҳ" масжиди дарвозаси ва девори яқинида 30 декабр жума куни целлофанга ўралган тўрт чўчқанинг боши ва гўшти топилган.

"Тергов давом этаяпти ва терговимизга аниқлик киритади деб кўраётганимиз 40 ёшли шахсни қидираяпмиз", деб айтган "Франс Пресс" ахборот агентлигига Жанубий Жохор штати полицияси раҳбари Мухтор Муҳаммад Шариф.

Чўчқа ва чўчқа гўштини ҳаром деб биладиган Малай мусулмонлари учун ушбу ҳодиса энг таҳқирловчи ва охирги икки йилдаги энг фитнакор амал деб кўрилмоқда.

Ушбу ҳудудларда Малай мусулмонлари аҳолининг аксариятни, хитойлик насронийлар ва ҳиндулар эса камчиликни ташкил этади.

Масжид ёнига чўчқа боши қандай мақсадда ташлаб кетилгани сабаби номаълум экани айтилмоқда, мусулмон ва насроний руҳонийлар, сиёсатчилар тергов ишлари ниҳоясига етгунича аҳолини босиқ бўлишга чақирмоқдалар.

Ушбу ҳодиса 2009 йилда Оллоҳ сўзини ғайримусулмонлар тарафидан қўлланиши юзасидан келиб чиққан зўравонликларни ёдга солган.

Мусулмонлар Малайзиядаги мусулмон бўлмаган инсонларнинг Оллоҳ сўзини ишлатмасликларини талаб қилишган, бунинг ортидан келиб чиққан баҳслар ва таранглик 11 черковга, бир неча масжид ва ибодатхонага ўт қўйилишига сабаб бўлган.

Оллоҳ сўзидан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан баҳслар ҳамон маҳкамаларда кўриб чиқилаяпти.

2010 йил январида ҳам Куала-Лумпурдаги масжид ёнида ҳам чўчқа бошлари ташлаб кетилган эди.

Жамиятда насронийлар мусулмонларни ўз динига ўтказишга ҳаракат қилаяптилар, деган айбловлар эшитилмоқда, Малайзиянинг кўплаб штатларида динни ўзгартириш тақиқланади.

Малайзия аҳолисининг 60 фоизи мусулмонлар, қолганлар Насронийлик, Буддизм ва Ҳиндуизмга эътиқод қилишади.

Мамлакатда дин ва тил масаласи нозик масалалардан ҳисобланади, айнан мана шу масалалар туфайли 1969 йилда Малайзияда кенг миқёсдаги тўнашувлар рўй берган, кўп инсонлар ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ