Россиядан ноқонуний меҳнат муҳожирлари чиқарилмоқда

Image caption Россиядан чиқариб юборилаётган ноқонуний муҳожирларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлар

Суд ижрочилари қўлига топширилган ноқонуний муҳожирларнинг биринчи гуруҳи-12 нафар ўзбекистонликлар Россиядан бадарға қилинган.

Жорий йилнинг январидан бошлаб амал қилаётган янги тартибга мувофиқ, ноқонуний муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги маҳкама қарорини полиция эмас, балки суд ижрочилари бажарадилар.

Ижрочилар ноқонуний муҳожирларнинг шахси ва фуқаролигини аниқлашади, уларга йўл чипталарини сотиб оладилар ва Россия чегарасигача кузатиб бориб, чегарачилар қўлига топширадилар.

Россия давлат телеканали- ВГТРК хабарида айтилишича, Твер шаҳрида қўлга олинган 10 нафар ўзбекистонликларни суд ижрочилари учоқ зинапоясига қадар кузатиб қўйишган.

Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам суд ижрочилари ноқонуний муҳожирларни оммавий равишда чиқариб юборишга киришгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Хабарларда айтилишича, Россиядан чиқариб юборилаётган муҳожирларнинг аксарияти ўзбекистонликлардир.

Матбуот хабарларида айтилишича, ўзбекистонликлар расмийларга қаршилик кўрсатишмаган, аммо ватанларига қайтиб кетиш ниятлари йўқлигини билдиришган.

Россия Суд ижрочилари хизматининг расмий веб саҳифасида айтилишича, ушбу идора янги ваколатни бажаришга киришгани муносабати билан унинг ходимлари штати ҳам кенгайтирилмоқда.

Жумладан, пойтахт Москвада баҳорга чиқиб, суд ижрочилари сонини салмоқли даражада кўпайтириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Москвада шунингдек, ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш бўйича туманлараро махсус бўлим ҳам ташкил этилган.

Келажакда Россия минтақалари бўйлаб бадарға қилинадиган ноқонуний муҳожирлар учун махсус муассасалар ташкил этиш кўзланган.

Ноқонуний муҳожирлик учун 10 йил

Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг айтишича, унинг идораси муҳожирлик соҳасида жиноий жавобгарликни кучайтириш ҳамда рус тили ва адабиётидан синовларни қаттиқлаштириш устида ишламоқда.

Бу ҳақда жаноб Ромодановский "Коммерсант" рўзномасига берган интервюсида маълум қилган.

Расмий рақамларга кўра ҳозирда Россияда 2.3 миллионга яқин қонуний муҳожирлар ишлайди.

Ноқонуний муҳожирларнинг сони эса 4 миллионгача экани тахмин этилади.

Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбарига кўра, ноқонуний муҳожирлар учун қўшимча чекловлар жорий этилади.

Жумладан, маъмурий қонунчиликни икки марта бузган муҳожирларнинг Россияга қайтиб киришига қўйилган тақиқ муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш таклиф этилмоқда.

Россия мулозими шунингдек, ноқонуний муҳожирликни ташкиллаштирган шахслар учун жиноий қонунчиликни кучайтириш лозимлигини айтган.

ФМХ ноқонуний муҳожирларни Россияга олиб келаётган ва уларга ҳужжат тайёрлаб бераётган шахслар учун 10 йилгача қамоқ жазоси тайинлашни таклиф қилган.

Сайловолди тадбири?

Аввалроқ "Независимая газета"да чоп этилган сайловолди мақоласида Бош вазир Владимир Путин муҳожирлик тартиби ва рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этишни таклиф қилган.

У шунингдек, муҳожирлар нафақат рус тили, балки рус адабиётидан ҳам имтиҳон топширишлари мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Россиялик меҳнат муҳожирларининг аксариятини Марказий Осиё ва қафқосликлар ташкил этишади.

2009 йилда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг чорак қисмини ўзбекистонликлар ташкил этган.

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг сони 2 миллиондани кам эмас, деб ишонилади.

Ўтган йилнинг охирги чорагида ўзбек меҳнат муҳожирлари уйларига юборган маблағлар 2 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Мустақил тадқиқотчиларга кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши сўнгги йилларда 10 фоизни ташкил этган.

Бу мавзуда батафсилроқ