Шаккокликда айбланган саудиялик журналист Малайзиядан чиқариб юборилган

hamza_kashghari Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Саудия уламолари 23 ёшли Ҳамза Қошғарийнинг ёзганларини шаккоклик дея қоралаганлар.

Малайзия расмийлари Твиттер Интернет микроблогида Мухаммад Пайғамбарни ҳақоратлаганликда айбланган саудиялик журналистни ватанига депортация қилганлар.

Малайзия полицияси Ҳамза Қошғарий тахаллусли Саудия Арабистони фуқароси 12 феврал куни ватанига қайтариб юборилганини Би-би-сига тасдиқлаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари саудиялик журналистнинг мамлакати ихтиёрига топширилишига қарши чиққан эдилар.

Ўтган ҳафтада Ҳамза Қошғарийнинг Твиттерда ёзган ёзувига 30 мингдан ортиқ муносабат билдирилган, уларнинг айримларида Қошғарийни қатл этиш чақириқлари бўлган.

Муҳаммад Пайғамбарнинг таваллуд айёми муносабати билан Твиттердаги ёзувида 23 ёшли Ҳамза Қошғарий Ислом пайғамбари борасида шубҳа билдирган.

Саудия уламолари унинг ёзганларини шаккоклик дея қоралаганлар.

Журналист ўзининг ёзганларини Твиттер микроблогидан ўчириб ташлаган ва ёзганлари учун кечирим сўраган, бироқ ўлим таҳдидлари боис мамлакатини тарк этишга мажбур бўлган.

Муҳаммад Пайғамбарни ҳақорат қилиш бандида айбдор деб топилган инсон Саудия Арабистонида ўлим жазосига ҳукм этилади.

Ватанида ўлим жазосига тортиш чақириқларидан кейин Ҳамза Қошғарий Саудия Арабистонини тарк этган, 9 феврал куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурга етиб келиши билан ҳибсга олинган эди.

Би-би-сининг Куала-Лумпурдаги мухбири Женнифер Пакнинг айтишича, Саудия Арабистони билан Малайзия ўртасида расман экстрадиция ҳақидаги битим имзоланмаган, бироқ мусулмон мамлакати бўлган Марлайзия Саудия Арабистони билан яхши алоқаларга эга.

Ҳамза Қошғарийнинг ҳимоячилари унинг иши маҳкамада кўриб чиқилгунича Малайзияда қолиши мумкинлиги ҳақидаги маҳкама қарорини қўлга киритишга муваффақ бўлганлар.

Бироқ ҳимоячилар маҳкама қарори билан якшанба куни полицияга боришганида 3 соат олдин Қошғарийни олиб учган учоқ Саудияга учиб кетгани маълум қилинган.

Малайзия Ички ишлар вазирлиги Қошғарий иши бўйича баёнот эълон қилган, унда Қошғарийга қўйилаётган айблов табиати Саудия Арабистони расмийлари ваколатига тегишли, дейилган.

Қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ҳамза Қошғарийни Саудия Арабистони расмийларига топширмасликка чақириқ билан чиққанлар.

Халқаро Амнистия ташкилоти унинг мамлакатида агар айбдор деб топилса, қатл этилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бу мавзуда батафсилроқ