Латвияликлар рус тилига давлат тили мақоми берилиши ғоясини рад этдилар

Латвиядаги референдум Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Расмийлар иштирокчилар сони кутилганидан ҳам кўп бўлганини айтганлар.

Латвияда 18 феврал куни ўтказилган референдум дастлабки натижаларига кўра, референдумда иштирок этганларнинг кўпчилиги мамлакатда рус тилининг иккинчи давлат тили деб эълон этилишига қарши чиққанлар.

Мамлакат сайлов комиссиясидан хабар қилишларича, рўйхатга олинган фуқароларнинг учдан икки қисми овоз беришда қатнашганлар, бу кўрсаткич кутилганидан ҳам кўп бўлган.

Латвиядаги рус тили мақомини референдумга олиб чиқиш ғоясини "Она тили" русийзабон ҳаракати илгари сурган эди.

Рус тилини Латвиянинг иккинчи давлат тили деб мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш масаласи жамиятда қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

2 миллионлик Латвия аҳолисининг учдан бир қисмини русийзабонлар ташкил этади, улар ўзларининг камситилаётганидан узоқ вақтдан буён шикоят қилиб келадилар.

Лекин аксар латишларнинг ишонишларича, референдум Латвия мустақиллигига дахл қилиш уринишидир.

Латвия сайлов мулозимларига кўра, жами овозларнинг 90 фоизидан ортиғи ҳисоблаб чиқилганда, шанба кунги овозларнинг 75 фоизи рус тилига иккинчи давлат тили мақомини бериш ҳақида мамлакат конституциясига ўзгартириш киритишга қарши чиққанлар.

Расмийларга кўра, рўйхатга олинган фуқароларнинг 69 фоизи референдумда иштирок этганлар.

Мамлакат қонунчилигига биноан, Латвия фуқаролигига эга бўлиш учун латиш тилини билиш лозим.

Аммо бу талабдан норози бўлган Латвияда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган русийзабон инсонларнинг 300 минг атрофидагиси расман фуқароликсиз умргузаронлик қилаяпти, деб кўрилади.

Фуқаролиги йўқ дегани сайловда овоз бериш, давлат идораларида ишлаш ҳуқуқларидан маҳрумликни ҳам англатади.

Референдум ғоясини кўтариб чиққан "Она тили" ҳаракати раҳбарларидан бири Владимир Линдерманнинг айтишича, референдум Латвияда этник русларга бўлаётган муносабатга жавоб бўлган.

"Менинг фикримча, охирги 20 йил мобайнида Латвиядаги рус фуқаролари расмийлар томонидан камситилиб келдилар, уларни жамиятга ё қўшилиш ё иккинчи даражадаги фуқарога айлантиришга тўхтовсиз ҳаракат қилинди. Бу бизнинг жавобимиз бўлди", деб айтган Владимир Линдерман "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги билан суҳбатда.

Референдум ўтказиш ғоясини Латвия Президенти Андрис Берзинш "бемантиқ" деб атаган, унинг фикрича, ҳозирги пайтда мамлакат аҳолисининг аксари кўпроқ иқтисодий инқироздан қутилиш ҳақида қайғурмоқдалар.

Президент Берзинш, ҳукумат руслар каби бошқа миллий озчиликлар мактабларини маблағ билан таъминлаётганини айтган.

"Иккинчи тилга эҳтиёж йўқ. Ким хоҳласа ўзининг тилида уйида ёки мактабда гаплашиши мумкин", деб айтган Латвия президенти.

Би-би-си билан суҳбатда Оврўпо парламентининг латвиялик аъзоси Татяна Данока айтишича, ушбу референдум масаласи латвиялик руслар учун латиш жамиятига интеграция бўлиш таклифини рад этиш эмас, миллий ўзлигини асраб қолиш масаласи бўлган.

"Кўп одамлар, айниқса ёшлар, латиш тилида бемалол гаплашадилар. Мисол учун мен ҳам. Лекин менинг она тилим рус тили ва мен ўз тилимни оиламда фарзандларим, айниқса, ёш болалар асрашларини хоҳлайман. Бунинг катта масалага айлангани сабаби латвиялик сиёсатчиларнинг миллий озчиликларни жамиятга қўшилишга мажбурлаганларидандир", деб айтган латвиялик Оврўпо парламенти аъзоси.

Сайлов мулозимлари дастлабки натижалар бўйича 273 мингдан ортиқ киши рус тилининг давлат тили мақомини ёқлаб, 821 мингдан зиёд фуқаро эса бунга қарши овоз берганларини маълум қилганлар.

Референдум илк натижалари эълон қилингани ортидан Латвия Президенти Андрис Берзинш латиш тилини ҳимоя қилиб овоз берганларга ўз миннатдорлигини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ