Исроил Озарбайжонга катта пулга ўз дронларини сотаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исроил Озарбайжонга учоқлар ва ракетадан ҳимоя тизимларини ҳам сотмоқчи

Исроилнинг давлатга қарашли Israel Aerospace Industries ширкати Озарбайжонга умумий қиймати 1.6 миллиард АҚШ долларига тенг мураккаб ҳарбий жиҳозлар сотаётганини тасдиқлаган.

Икки давлат ўртасида эришилган келишувда айтилишича, уларнинг сирасига дронлар, учоқлар ва ракетадан ҳимоя тизимлари киради.

Исроил Мудофаа вазирлиги мулозимларининг халқаро ахборот агентликларига билдиришларича, ушбу битим хусусида узоқ вақтдан буён музокаралар олиб бораётган бўлишган.

Уларга кўра, сўнгги қарорлари Эрон исроиллик дипломатларни ўлдиришга урингани ёки Исроил Эроннинг ядровий сатҳларини ҳужумга тутиш режасида эканига оид даъволарга жавоб тариқасида берилмаган.

Аммо сўнгги янгилик ҳассос бир пайтда ўртага чиқмоқда.

Сўнгги пайтларда Исроилнинг минтақада дипломатик иттифоқ тузиш уринишлари ниҳоятда қийин кечмоқда.

Устига устак, Исроил Эроннинг ядровий дастуридан қаттиқ хавотирга тушиб қолган.

Шу боис ҳам, мамлакат лидерлари Теҳронни ядровий қурол яратиш йўлидан қайтаришнинг бошқа чораси қолмаса, Эроннинг ядровий иншоотларини ҳужумга тутишга ҳозирлик кўришларига ҳам ишора қилишганди.

Эрон эса, ядровий дастури тинч мақсадларни кўзда тутишини айтиб, Ғарб ва Исроилнинг айни мазмундаги даъволарини изчил равишда рад этиб келади.

Озарбайжон билан эришилган битим Исроилнинг Эронга ҳужум қилишга оид бирор бир эҳтимолий режасига алоқадорми-йўқлиги маълум эмас.

Шунчаки тасодиф

“Моссад” Исроил Жосуслик Хизмати собиқ раҳбари Дани Ятомнинг “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигига айтишича, битимнинг имзоланиши тасодифан худди шу пайтга тўғри келиб қолган.

“Бу каби масалаларда бир тўхтамга келиш узоқ вақт талаб қилади”, деб айтган у.

Дани Ятомнинг айтишича, “Исроил ўз дўстларига қурол-яроғ сотишда давом этаверади”.

“Агар бу бизнинг Эронга бас келишимизга ёрдам берса, бу яхшиликка бўлади”, дейди жаноб Ятом.

Шу ой бошида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжонни Исроилнинг “Моссад” Жосуслик хизматига ўз ҳудудида фаолият олиб боришга изн бериш ва ўз ядрочи олимларини ўлдириш учун “террорчилар”га йўлак очиб беришда айблаганди.

Озарбайжон томони, “қип-қизил ёлғон” эканини айтиб, Эроннинг даъволарини рад этиб чиққанди.

Таҳлилчилар орасида Озарбайжоннинг ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш қарорига зиддиятли Тоғли Қорабоғ минтақаси ҳам сабаб бўлганига оид қарашлар йўқ эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ