Тошкентдаги операнинг ўтмиши ва бугуни

Ғарблик томошабин учун Тошкентда опера қўйилиши ақл бовар қилмас томоша.

Бироқ Деҳлида крикет мусобақаси ғаройиб туюлмаганидек опера ҳам Тошкент учун табиий нарса. Британлар бориб ўрнашган жойларида пойга масканлари, крикет майдонлари барпо этганлар. Шунга ўхшаб Совет режими ҳам опера ва балет театрларини қурган, натижада Иттифоқдаги "қолоқ" халқлар нафақал маърифатли, балки културний ҳам бўлганлар. Бокуда, Олма Ота, Тошкент, Душанбе ва Ашхободдаги опера уйлари кенг далалар ўртасидаги тўғон ёки ирригация лойиҳалари сингари Совет Тараққиётининг нишонасига айланган. Бу шаҳарларда русийзабон аҳоли сони ортиб бориши билан мамлакат марказидан узоқлик ҳисси ҳам камайган. Айни пайтда опера янги пайдо бўлган Совет ўрта синфи учун кўнгилхушлик вазифасини ҳам ўтай бошлаган. Бу ўрта синф фақат бир миллат вакилларидан таркиб топмаганди, улар руслашган Ўзбеклар, Тожиклар, Қозоқлар ва Марказий Осиёнинг барча йирик шаҳарларига келиб ўрнашган Татарлар, Арманилар ва Корейслардан иборат эди.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги Алишер Навоий театри Марказий Осиёдаги энг йирик опера уйидир. 1989 йилгача бу маскан Шўролар Иттифоқининг Оврўпо қисмидан ташқаридаги энг истеъдодли созандалар, қўшиқчилар ва раққосалар жамланган жамоа ҳам эди. Бино 1966 йилги Тошкент зилзиласига чидаб берган бинолардан бири бўлган. Алишер Навоий театри биноси 1934 йилда лойиҳалаштирилган, уни қуришга 1940 йилда киришилган. Бироқ уруш бошланиб қолиб қурилиш тўхтаб қолган. 1947 йилга келибгина япониялик уруш маҳбуслари қурилишни ниҳоясига етказганлар. Театр ташқарисида япон маҳбуслари хотирасига эсдалик ўрнатилган. Театр биноси лойиҳасини Алексей Шусев чизган, бу янги Ўзбек "миллий" меъморчилиги услубига асос солиниши ҳам эди, бунда ички исломий безаклар оддий оврўпоча театр ташқи кўриниши билан уйғунлашган. 1958 йилда Тошкентга борган британиялик дипломат ва сиёсатчи Фитцрой Маклин шундай ёзганди: "опера уйи ташқи кўринишининг қаерларидир Лондондаги "Regent street"нинг классик услубига ўхшаб кетади. Бироқ унга диққат билан назар солсангиз, унда шарқона мотивларни кўрасиз. Кимдан сўрасангиз ҳам бу Туркистон миллий меъморчилигининг намунаси эканини айтади". Бинодаги ганчдан ўйиб ишланган нақшлар ва ички ойна безаклари Уста Тошпўлат Арслонқулов ва Уста Ширин Муродовларнинг охирги ишларидан бўлган. Бухоро амирининг "Сетораи Моҳи Хоса" ёзги саройи меъмори ҳам Уста Ширин бўлиб, бу бино Октябр инқилобигача барпо этилган. Опера уйига киришдаги фойеда XV асрда яшаб ўтган шоир, Ўзбекистонда расман улу-ланадиган сиймо Алишер Навоийнинг катта мармар ҳайкали савлат тўкиб турибди. Қизиқ, Алишер Навоий ижодидан қайси асарлар театр репертуарига кирган? Алишер Навоий театри репертуарининг асосий қисмини Оврўпо адибларининг асарлари ташкил қилади. Гарчи бир неча шарқона асарлар, жумладан "Али Бобо ва қирқ қароқчи", "Минг бир кеча" сингари опералар ва қатор ўзбек опералари ҳам бу саҳнада ижро этилган. Дастлабки ўзбек операси Ғулом Зафарийнинг "Ҳалима"си 1920 йил яратилган бўлса, охиргиси Алишер Икромовнинг "Буюк Темур" асари 1996 йилнинг меваси ҳисобланади. Ҳаммасидан ҳам кўра Сулаймон Юдаковнинг "Майсаранинг иши" сатирик операси катта шуҳрат қозонган. Диний уламолар масхара қилинган бу опера 1950 йилларда яратилган. Барча собиқ совет опера театрлари сингари Алишер Навоийда ҳам ҳар кеч бошқа асар саҳнага қўйилади.

Мен бу ерда илк бор томоша қилган асар менинг севимли операм Чайковскийнинг "Пиковая дама"си бўлган. Сокин мусиқадан баланд авжларга кўтарилиб борадиган садолар дирижёрнинг бир қўл ҳаракати тўхтайди - торли мусиқа асбоблари уни шу заҳотиёқ ўчади - опера катта муваффақият билан ижро этилганди. Лекин муаммолар мавжудлиги ҳам кўзга ташланган. Ҳерман ўзининг "что наша жизнь" хайрлашув ариясини айтаётиб, стулдан ағдарилиб тушади. Ажойиб баритон овоз соҳиби Томский унинг тўладан келган гавдасини кўтариб ололмайди. Унинг костюми жуда ҳам кўзга ташланувчи қип-қизил ҳарбий либос бўлиб, юпқа колготкаси тагидан ички кийими аниқ кўриниб турарди.

Бугунга келиб театр декорациялари ва костюмлар жуда эскириб қолган. Бир марта "Фигаронинг уйланиши"да Граф Дальмавиванинг ёғоч қуроли зинапоянинг матоли боғичига ўралиб қолди ва граф пастга қулай бошлади, тез ҳаракат қилмаса, оқибати қандай бўлишини тез тасаввур қилган графиня уни қутқариб қолди.

Алишер Навоий театрида опералар икки тилда куйланади. "Трубадур" ва "Мадам Баттерфляй" операларидаги хор ижро этадиган қисмлари рус тилида, яккахонлар айтадиган жойлари эса италян тилида куйланади. Бунақа чатишманинг кулгини қистайдиган саҳнасини "Травиата"да кўрганман. Нимадир бўлдию, мен операга кечикиб қолдим. Бироқ мен Виолеттанинг ярим қаричлик сохта киприкларини жуда-жуда кўргим келганди. Ичкарига кириб борганимда Виолетта ўз ариясини мен кутганимдек рус тилида куйлаб якунига етиб қолган эди. Кейинги саҳнада крикет костюмини кийиб олган Алфредо италянча жуда маҳоратли куйлади. Унинг отаси Жермонт ҳам италян тилида қўшиқ ижро этди. Операнинг кейинги қисми рус тилида куйланди.

Буни кўриб бошида мен режиссёр Алфредо билан Виолетта куйлаётган сўзлари фарқини урғулаш мақсадида уларни бошқа-бошқа тилларда куйлатишга қарор қилипти, деб ўйладим. Кейин почтальон ўзига тегишли қисмни жуда чиройли италян тилида куйлади. Қаҳрамонлар орасидаги ўзаро душманлик шу қадар кучлими, савол бердим ўзимга ўзим. Томошабиннинг бу томошадан олаётган таассуротини таърифлаш қийин бўлса керак. Виолетта билан Жермонт бир-бирига қарши борар, иккиси мутлақо бошқа-бошқа тилларда куйлашарди. Виолетта билан Алфредонинг ишқий дуэтида ҳойнаҳой бири иккинчисининг нима деяётганини умуман тушунмасди. Мана яққол эсда қоладиган саҳна:

"Я люблю тебя"

"Si! Io t’amo"

"Прощай!"

"Adio"/

Орада хор ҳам қўшилади, солистнинг италянча ижроси рус тилидаги хор билан давом этади. Ҳатто асар сюжетини билмаган маҳаллий томошабинлар ҳам бунинг ғалати эканини ҳис қилишарди. Орқамда ўтирган томошабиннинг пиқ этиб кулганини эшитаман. Алфредо дўстларини "Amici" дея қутлаганида, орқамда кимдир "друзя" деб луқма ташлайди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Шарл Гунонинг "Фауст"ини томоша қилиш учун борганимда қўшиқчилардан бирини кўриб қолдим ва ўзимни таништирдим. У операларнинг бундай ғаройиб ижроси сабабини тушунтириб берди. Айрим актёр ва актрисалар рус тилида таҳсил олганлар ва либреттоларни оригинал италян тилида ўрганганлар, айрим маҳаллий қўшиқчилар эса операларни фақат рус тилида ўрганишган, деди у. Айрим қўшиқчилар италян тилида куйлай олишади, лекин бундай ҳолатда унинг хор билан муаммоси келиб чиқади. Чунки хор ижрочилари бутун либреттони италян тилида қайта ёдлаб чиқишни ўзларига оғир билишади. "Биз охирги йилларда италян тилидаги барча асарларни италян тилида куйлатишга ҳаракат қилаяпмиз. Биз ҳатто "Богема"ни ижро этиш учун италян режиссёрини ҳам таклиф этдик. Асар тўлалигича италян тилида ижро этилди, хор ҳам италянча куйлади. Бироқ ўшандан кейин улар янгисини саҳналаштиришга кўнишмаяпти", деди Навоий театри қўшиқчиси.

Охирги йилларда ҳар гал Тошкентга борганимда саҳналаштирилаётган асарлар савияси ва даражаси тобора пасайиб бораётганининг гувоҳи бўлаяпман. Бунинг сабабларидан бири аксар қўшиқчиларнинг Қозоғистонга кетиб қолишгани билан боғлиқ. Театр ҳақиқий йирик опералар бўлган "Шаҳзода Игор" ва "Борис Годунов"ни умуман саҳналаштирмайдиган бўлган. Маошлар жуда оз, баъзан бош роллардан бирини ўйнаётган киши келмай қолгани учун энг сўнгги дақиқада "Травиата"ни "Паяци" ёки "Иоланта"га алмаштиришга тўғри келиб қолган ҳоллар бўлган. Жамоадаги театрга энг содиқлари деб аксари рус ва ёшлари 60 дан ошиб қолган қўшиқчиларни айтиш мумкин. Мабодо рол ўйнамаётган бўлишса, бу қўшиқчилар томошабинларнинг орқасидаги ўриндиқларга ўтириб олишади ва савия қанчалар тушиб кетаётгани ҳақида ҳамма эшитадиган қилиб суҳбатлаша ҳам бошлайдилар. Бу пайтда опера ҳам ўйналаётган бўлади. Лекин шунча мушкулликларга қарамасдан, Тошкентда операга иштиёқ ҳамон сақланиб қолмоқда. Бу ерда мен баъзан Лондондаги Ковент Гарден ёки Нью-Йоркдаги Метрополитан Операси даражасидаги юксак мусиқий ижролардан завқланаман. Бугун опера театри қўшиқчиларининг янги авлоди Тошкент Консерваториясида таҳсил олмоқдалар. Умид қиламизки, улар бугунгача яшаб келаётган анъанани давом этишга қодир бўладилар, операларни фақат рус тилида ҳам опера ёзилган оригинал тилда куйлай оладилар.

Александр Моррисон Ливерпул Университетида Россия, Ҳиндистон ва Марказий Осиё тарихидан дарс беради. У "1868-1910 йилларда Самарқанддаги рус бошқаруви. Британия Ҳиндистони билан қиёс"(Russian Rule in Samarkand 1868-1910. A Comparison with British India) (Oxford, 2008) китоби муаллифи. Айни пайтда у Россиянинг Марказий Осиёни ишғол қилиши тарихига бағишланган асар устида ишламоқда.