BBC navigation

Татаристонда Ислом уйғониши: Ким қандай фикрда?

Сўнгги янгиланиш 28 март 2012 - 11:09 GMT

Бугун Татаристондаги никоҳ тўйларида ҳам намоз ўқиш урфга кирмоқда

Татаристонда Исломнинг қайта уйғониши аксар татарлар орасида хурсандчилик билан, у ердаги русларда аралаш ҳиссиётлар билан қабул қилинмоқда. Исломнинг жамиятда тобора яққол кўзга ташланаётгани баъзиларни радикал диний кайфиятлар кучаймайдими, деган хавотирларга етакламоқда. Мен Қозонда қатор руслар ва татарларнинг фикрларини ўрганишга интилдим:

Ирина, тадбиркор

Мусулмон татарлар ва насроний руслар орасида муаммо йўқ. Ўзаро ҳурмат мавжуд. Мен бирон камситиш ҳолларини кўрмайман. Яқинда болаларимни Қозон Кремлидаги черковга олиб боргандим. Кейин яқиндаги "Қул Шариф" масжидига ўтдик. Мен уларга "Болаларим, черков ва масжид - Яратганнинг икки даргоҳи шундай ёнма-ён турган жойда яшашимиз ўзи бир мўъжиза эмасми?" деб тушунтирдим.

Роза, шифокор

Илгари мусулмонларни татарча тилидан билардик. Ҳозир намойишкорона ҳижоб кийиб олишади. Билмадим, кўпайиб кетган масжид ва марказлар кимларни тайёрлашади? Бу қизлар орасида шифокорликка ўқийдиганлари бор. Эртага қандай қилиб эркак беморларни даволашади? Мусулмон бўлсангиз, уйингизда ўтиринг! Яқинда рўмолли қизлар эса университетда намозхона очиб беринг, деб талаб қилишди. Татарлар орасида ҳижоблилар кўпайиб кетган. Бу каби ҳолатлар мени қўрқитмайди, аммо ғашимга тегади жуда.

Галина рус, лекин мусулмон набирасини масжид билан таништириш учун олиб келганини айтади

Галина, нафақахўр

Мен русман. Аммо мана бу неварамнинг отаси мусулмон татар. Шу боис ҳозир уни "Қул Шариф" масжидига олиб келдим. Кўрсин, ўргансин. Татаристонда христиан ва мусулмонлар орасида муаммолар йўқ.

Максим, талаба

Қозонда диний келишмовчиликлар йўқ. Менинг татар дўстларим ҳам кўп. Тўғри, ҳозир рўмолли қизлар кўпайган. Ўша аёлларга ачинаман. Ким билади, балки эрлари мажбуран ҳижобга солишгандир. Лекин агар ўзлари истаб рўмол ёпинишса, бемалол ўрайверишсин. Бу мени ўйлантирмайди.

Наргиза, сотувчи

Менинг жуда кўп дугоналарим ҳижобда. Аммо биз спорт, мусиқа билан шуғулланамиз. Муслималар борадиган махсус спорт муассасалари бор. Хуллас, биз жуда фаолмиз ва Ислом дини бизни чекламайди. Ҳижобга кириб, уйда ўтириб қолганимиз йўқ.

Розалия, дўкондор

Тожикистонликман. Олдин узоқ йиллар Украинада яшадим. Яқинда бувимнинг юрти - Қозонга кўчиб келдик ва бу қароримдан жуда хурсандман. Татар ёшлари орасида кўпчилик намоз ўқийди. Бангивор модда чекишмайди, ароқ ичишмайди. Ёшлар масжидга боришади ва ё спорт билан шуғулланадилар. Менинг ўғилларим ҳам ҳозир Ислом амалларига қизиқишмоқда. Ўзим ҳам рўмол ўрасам, дейман. Лекин ҳижобда шаҳар марказида ишлашинг қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.