'Аёллар маърифатсиз қоларкан, жамият жоҳилликка юзланади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Марказий Осиёда расман диний партия фаолиятига рухсат берган ягона мамлакат бу-Тожикистон. Тожикистон Исломий Партиясига кўра, бугун мамлакатда аёлларнинг диний сиёсий фаоллиги ошаётгани ҳам инкор қилиб бўлмас воқелик.

Ислом Уйғониш партиясининг Суғд вилояти бўлимининг аёллар бўйича масъули Ҳафиза Содиқова:

Ҳафиза Содиқова: "Ҳозирда вилоятимиз бўйича 4 мингга яқин аёллар бизнинг партиямизга аъзо бўлишган. Албатта, бу кундан-кунга кўпайиб боряпти. Аввало, Қуръоннинг тожик тилига таржимаси ҳам сабаб бўлдики, биз бунинг учун Президент Имомали Раҳмонга миннатдорчилик баён қиламиз".

Би-би-си: Бу ягона сабабми?

"Йўқ, бир сабаби. Иккинчи сабаби - мана интернет, биз яшаётган асримиз бу - техника асри. Аёлларимиз ўзлари ҳам ундан ўқиб, ё-да, фарзандлари ўқиб уларга таъсир қилмоқда. Ажойиби шуки, умуман Ислом бўлмаган оилада бир фарзанди интернетга кириб, огоҳ бўлиб, ота-онасини ҳам тарбия қиляпти. Энди бизга аъзо бўлиш бошқа, Исломга кириш бошқа. Масалан, Исломга кирган одам ҳизбга аъзо бўлиши шарт эмас. Исломни идрок қилганидан кейин ҳизбга аъзо бўладими, бўлмайдими, бу - унинг ихтиёри. Баъзан одамлар Исломга, халққа хизмат қилиш учун партияга аъзо бўлиб киришади".

Би-би-си: Тожикистон аҳолисининг аксар қисми мусулмон, аммо дунёвий тузум амалда, шундай бир шароитда Исломий ҳаёт тарзини танлаган аёллар жамиятда фаолият юритишлари ва ўз ўринларини топишлари учун етарли имкониятлар мавжудми?

Ҳафиза Содиқова: "Гапни ростини айтганда, ўз эътиқоди билан фаолият қилиш мушкул. Агар осон бир мисолни айтсак, ўрта мактабларда раҳбарият рўмол билан келишни маън қилган. Ҳар бир мактабнинг низомномаси бор. Қизлар мактабга сатр билан, ҳижоб билан бориша олмас экан, олийгоҳлар ҳақида нима дейишимиз мумкин. 9-синфгача қизларга рўмол билан келиш рухсат берилмайди. Бунинг ортидан рўмолли қизлар мактабларни ташлаб кетишяпти. Иш масаласига келсак, давлат идораларида ҳижоб билан ишлаш мумкин эмас. Айрим жойларда касалхонада ёки идораларда ўз ҳуқуқларидан огоҳ бўлган аёллар ишлаб туришади. Бундай аёлларнинг сони оз. Кўплар ўз ҳуқуқларини яхши билишмайди. Аммо, баъзилар ишхоналар эшигигача рўмол билан боришади, кейин уни ечишга мажбур бўладилар. Бу менинг назаримда, бу - аёллар ҳуқуқларининг поймол қилиниши".

Ҳафиза Содиқовага кўра, бунинг оқибатлари узоқ муддатли бўлиши мумкин:

"Аёлларни мактабдан, ишдан маън этиш уларнинг билим савияси пасайишига олиб келади. Аёллар маърифатсиз қоларкан, жамият илмсизлик, жоҳиллик томон кетади".