Прокурор оқлов ҳукмига қарши шикоят қилмоқчи

Image caption Швецияда муҳожирликда яшаётган Обидхон қори Назаров уйи олдида отиб кетилган эди

Швецияда Обидхон қори Назаров жонига суиқасд қилиш бўйича ўтган маҳкама ҳукмидан қоралов тарафи шикоят қилмоқчи.

Стромсундда ўтган жараёнда имомни ўлдиришга уринишга кўмаклашиш айблари билан маҳкамага тортилган ўзбекистонлик эр-хотин айбсиз, деб топилган.

"Мен бу ҳукмдан ҳайратдаман" - деб айтган Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда прокурор Кристер Питтерсон - "Қўлимизда кучли далиллар бор ва мен шикоят аризаси билан чиқмоқчиман".

Ҳозир шикоят аризаси ёзиш учун уч ҳафта муҳлат бор.

Айни дамда, жараённи кузатган имомнинг издошлари айбланувчилар ҳуқуқлари тўла таъминланганидан бир қадар норозилик билдиришган.

"Айбланувчилар фикрларига жуда кўп қулоқ солинди, адвокатлари билан жуда кўп учрашишди ва уларнинг айбдорлигини кўрсатиши мумкин бўлган айрим саволлар сўралмади" - деди Би-би-си билан суҳбатда имом тарафдорларидан бири.

Швецияда сиёсий муҳожир сифатида яшаётган Обидхон қори Назаров ўтган қишда ўз уйи олдида отиб кетилган эди. Имом ҳамон кома ҳолатида қолмоқда.