BBC navigation

‘Қуролимни ташласам, мени ўлдиришади’

Сўнгги янгиланиш 27 ноябр 2012 - 17:32 GMT

Қўмондон Малик Татар ўз минтақасига тинчлик келмагунча, қуролини ташламоқчи эмас

Афғонистонда бир неча йил илгари қуролсизланиш дастури кечган. Айни жараён мамлакат шимолига катта эътибор қаратганди.

Бироқ шимолликлар наздида мазкур қуролсизланиш жараёни айнан ўзбеклар ва ё тожикларни заифлаштиришни мақсад қилган.

Кўпчиликнинг ишонишича, ўз мавқеи ва қудратини сақлаб қолишга интилган ўзбек ва тожик қўмондонлари бирмунча эски қурол-яроғларини топшириб, кераклича қурол-аслаҳа олиб қолишган. Ушбу иддаоларни исботлаш мушкул. Лекин Афғонистонда ҳамон қуролли ва содиқ аскарларга эга қўмондонлар бор.

Бугун ушбу қўмондонлар аксил-Толибон гуруҳлари сифатида ўз мавқеларини мустаҳкамлаб, лавозимларини қонунийлштиришга интилмоқдалар.

Бу ўринда эса Толибонга қарши курашда ёрдамчи куч сифатида кўнгилли "арбаки" кучларини тузиш режалари қўл келмоқда.

Арбаки кучларига ҳукумат ҳам, НАТО ҳам моддий ва қурол-яроғдан ёрдам беришади.

Ота-оналар ўз истаклари билан болаларини аскарликка беришган, дейди қўмондон Малик Татар қуролли қўриқчиларига ишора қилиб

Мен ўз кўнгилли қуролли гуруҳини қонунийлаштиришга интилаётган қўмондонлардан бири билан учрашиш учун Тахорнинг овлоқ Хўжа Баҳовуддин туманига йўл солдим.

Қўмондон қароргоҳида

Афғонистоннинг ҳамон қонунсиз ва нотинч минтақаларидан бўлиб қолаётган Хўжа Баҳоуддин аслида вилоят маркази Талоқандан бир неча ўн чақирим масофа узоқда жойлашган. Лекин йўл ёмонлиги ва хавфсизлик таъмин этилмагани боис у ерга етгунча ярим кун кетади.

Яйдоқ дала четидаги пахса девор билан ўралган катта ҳовлида бизни қўмондон Малик Татар ва унинг тобе қўмондон ва аскарлари кутиб олишди.

Соқолсиз ва салласиз бироз сархуш қўмондон мен кутган қиёфада эмасди.

Бироқ Малик Татар ўз даврида Толибонга қарши урушган. Аммо Толибон қулатилганидан мана 11 йил ўтибди ҳамки, у ҳамон қуролини ташлагани йўқ.

"Мен қуролимни ташласам, мени ўлдиришади" - дейди очиқдан-очиқ суҳбатдошим - "Чунки ўз пайтида кўплаб толибларни ўлдирганман, кўпларини ушлаб берганман. Душманларим кўп. Қуролимни ташлай олмайман".

Қўмондон ҳозир ўз қўл остида ўнлаб аскарлари борлигини айтади.

"Бу ёшларни ўз ота-оналари истаб, ер-мулкимизин душмандан ҳимоя қилишга кўмак кўрсатишсин, деб менга беришган" - дейди Малик Татар.

Қўмондон суҳбатдошим ҳозир кўнгилли аксилтолиб гуруҳи сифатида рўйхатдан ўтмоқчи. Бу - унинг мавқеи ва қурол-аслаҳасини қонунийлаштиришнинг ягона йўли.

"Давлат бизга 100% барқарорлик ва қонунний таъмин этмагунча, минтақамиз тинчимагунча қуролимизни ташламаймиз" - дейди Малик Татар - " Агар ғарб қўшинлари, хорижий дўстларимиз Афғонистондан кетишса, яна янги-янги низолар чиқиши мумкин. Шу боис мен ҳали қуролимни ташлашни ўйлаб ҳам кўраётганим йўқ".

Бир ёнда Толибон, бир ёнда қуроллилар...

Бироқ бу каби қуролли гуруҳлар борасида афғонларнинг фикрлари турлича.

Қўмондон Эрон ва собиқ СССРда ишлаб чиқилган қуролларини фахр билан намойиш этади

Маҳаллий ва хорижий инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, бу каби аксилтолиб қуролли гуруҳлар оддий одамларнинг ерларини ва озиқ-овқатларини тортиб олишаётгани, баъзан уларга тажовуз қилиб, ҳатто ўлдиришгача боришаётгани ҳақида хабарлар бор.

Расмийлар ҳам айни воқеликларни тасдиқлашади.

"Бироқ жуда кўпчилик қудратли шахслар ёки уларнинг ҳимоясидаги одамлар бемалол жиноят қилиб, жазосиз юришади" - дейди мен Кобулда учратган сенатор Билқис Равшан.

"Оддий одамлар ҳатто сайлов пайтлари ҳам қўрққанидан уларга овоз беришади. Буни эса ҳамма жойга демократик сайлов ўтказилди, деб кўрсатишади".

Равшан хонимга кўра, қуролли қўмондонлар таъсири ҳукуматда ҳам кучли. Зотан, кўплаб вазирлар ва олий мартабали амалдорлар аслида вилоятларни назорат қиладиган қўмондонлар билан маслакдош ва ёки сафдош инсонлардир.

Бироқ Хўжа Баҳовуддинда мен учратган қўмондон Малик Татар оддий инсонларга озор бермаслигини айтади.

"Мақсадимиз аслида ана шу оддий одамларни Толибондан ҳимоя қилиш" - деб қайд этади қўмондон.

Аммо бу каби овлоқ ҳудудларда ҳукумат таъсири деярли сезилмайди. Кимнинг қўлида қуроли ва аскарлари бўлса, ана ўша одам назоратни қўлига олади.

Ҳимоясиз ва овлоқ ҳудудлардаги камбағал ва оддий одамларни қандай назорат қилиш эса ўша минтақанинг ҳукмбардор қўмондони истак-иродасига боғлиқ бўлиб қолади, холос.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.