BBC navigation

Мардикорга айланган ўзбек қўмондони

Сўнгги янгиланиш 29 ноябр 2012 - 12:13 GMT

Муҳаммад Назар - қуролидан воз кечган кам сонли қўмондонлардан бири

Оқ-сариқдан келган, узун соқолли ва бошидан салласини қўймайдиган собиқ қўмондон Тахор ўзбеклари фахрланадиган мужоҳидлардан.

"Мен аллақачон қўмондон эмасман. Толибон қулатилгач, энди менинг қурол кўтариб юришимга ҳожат қолмади, деб барча қуролларимни топширдим, аскарларимни тарқатиб жўбардим" -дейди ўзбекчанинг Тахор шевасида собиқ қўмондон.

"Ҳозир одамларнинг даласида ишлаб пул топаман" - қўшиб қўяди отахон.

У ҳар куни шаҳар четидаги мардикор бозорга келиб, иш излайди.

"Ҳеч қачон пулга меҳр бермаганман. Шу боис катта қўмондон бўлган пайтларим ҳам бойлик орттирмадим" - дейди ҳеч бир афсуссиз оҳангда суҳбатдошим.

Совет ишғоли йиллари Муҳаммад Назар танкларга қарши ракета отадиган мерганлардан бўлган. Кейинчалик, қўмондон даражасига ўсиб етган ва ўз пайтида юз нафардан зиёд аскарни бошқарган.

Муҳаммад Назар қуролини ташлаб, далада мардикорлик қилаётганидан хафа эмас

Аммо 10 йилки, қуролини ташлаб, мардикорлик қилиб кун ўтказади.

"Мен ҳеч қачон оддий инсонларга озор бермаганман" - дейди ўз қарорини изоҳлаб собиқ қўмондон - "Шу боис қуролсиз, қўрқмасдан кўчада бемалол юраман. Чунки халқ орасида менинг душманим йўқ".

Муҳаммад Назар барча қуролидан воз кечган ўта кам сонли қўмондонлардан бири. Тўғриси, у каби қурол-яроғини ташлашга кўпчиликнинг юраги бетламайди.

Негаки, қуролни ташлаш - куч-қудратдан воз кечиш дегани. Қўмондонлар ўзларига рақиб гуруҳлар, қасос олиш иштиёқидаги душманлари ва Толибон исёнкорлари боис ҳам қурол-аслаҳаларини бутунлай ташлашмайди.

"Энди қўмондонлар ўз пайтида оддий одамларга озор беришгандир, бировни ўлдиришгандир, шу боис ҳозир қуролларини ташлашдан қўрқишади" - дейди Муҳаммад Назар - "Лекин менда бундай қўрқув йўқ".

Суҳбатдошим ишга шошаётганини айтиб, хайрлашади.

"Пешинга қолиб кетсам, ишсиз қоламан, даласига ишчи излайдиган заминдорлар эрталаб бозор оралашади" - дея эски кавушини кийиб, пиёда йўлга тушади у.

Собиқ қўмондон бир кун ишламаса, оиласи овқатсиз қолади.

Қуролини ташлашни истамайдиган аксар қўмондонлар учун қуролсиз қолиш қўрқуви катта муаммо. Муҳаммад Назар каби мардикорлик қилиб кун ўтказиш эҳтимоли эса уларнинг тасаввуирга ҳам сиғмаса керак.

Афғонистондаги қўмондонлар ҳали-ҳамон ўз қурол ва мавқеларига суяниб яшайдилар. Хуллас, Муҳаммад Назар мардикорлик ортидан умргузаронлик қилаётган бошқа қўмондон ҳеч қачон бошқа учрамаса керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.